ДЕЙКСИС НАЗАРИЯСИ ЗАМОНАВИЙ ТИЛШУНОСЛИК ТАЛҚИНИДА
(И.Сувонов, ҚарДУ Лингвистика (инглиз тили ) 1 курс магистранти)
Дейксис юнонча сўздан олинган бўлиб, ўзбек тилига таржима қилинганда “кўрсатиш, ишора” каби маъноларни беради. Ҳозирги кунда тилшуносликда коммуникатив дискурс иштирокчилари ҳамда уларнинг ижтимоий мавқеи, эмоционaл ҳолати, макон ва замонда воқеланиши, кабиларга тил бирликлари ёки бошқа белгилар орқали ишора қилиш дейксис ҳодисаси мазмунида вужудга келади. Бошқача айтганда, дейксис лексик ва грамматик воситаларнинг ишора қилиш вазифасини англатувчи тушунча сифатида нутқий ҳаракат иштирокчилари ҳамда гапнинг таркибий қисмларини денотатив мазмун-моҳиятининг аҳамиятлигини кўрсатишга хизмат қилади [2, 128]. Дейксис коммуникатив-прагматик ҳодиса сифатида нутқнинг шаклланиши ва тингловчига тўғри етказилишида муҳим аҳамиятга эга. Нутқнинг ишора қилиш, ҳавола қилиш вазифасини бажарувчи тил бирликларисиз, яъни дейктик бирликларсиз самарали кечиши мушкул.
Қадимдан инглиз тилшунослигида кўрсатиш олмошлари demonstrative атамаси билан белгиланган. Давр ўтиши билан “дейксис” тушунчаси янада кенгроқ маънода ишлатила бошланди ва унинг таркибига кишилик олмошлари ҳам киритилди.
Ф. Лэнз ўзининг “Deictic conceptualisation of space, time and person” номли мақоласида дейксис атамасига қуйидагича изоҳ берган: «Дейксис – универсал ҳодиса ҳисобланади. Ҳар бир тил кўплаб дейктик ибораларга эга бўлиб, улардан кўпчилиги тез-тез қўлланилади ҳамда юқори равишда грамматикалаштирилган» [12, VII]. Дейктик иборалар «коммуникация фаолиятининг аспектлари»га, [8, 39] «экстралингвистик контекстнинг хоссалари»га [7, 259] ҳамда «фикр контексти ёки нутқ фаолиятининг хусусиятлари»га [13, 54] аниқ манба ёрдамининг қўлланилишисиз ифодалана олмайди.
Дейксис тизимининг марказида нутқ ижодкори, яъни сўзловчи шахс туради ва унинг макон ва замонда ўрин олиши бошланғич нуқта бўлиб қолади. Дейксис сўзловчининг нутқ фаолияти жараёнида маълум маконда жойлашганлигини белгилайди. Шу нуқтаи назардан гапирганда, дейксис дискурс даражасида ўрганилиши керак ҳамда «ҳаволанинг махсус ҳолати» [10, 46] сифатида эътироф этилиши мумкин.
Дейксис ҳодисасининг марказида турган шахс категорияси (замон ва макон дейксиси билан бир қаторда) америкалик тилшунос Ж.Лайонзнинг “Введение в теоретическую лингвистику” мавзусидаги рисоласида батафсил ёритилган [1, 291-297].
Ж.Лайонз талқинида шахс категорияси нутқ вазияти қатнашчилари бажарадиган вазифалар воситасида аниқланади: “биринчи” шахс сўзловчи томонида ўзига нисбатан мулоқот субъекти вазифасини бажараётганлигини кўрсатиш учун қўлланади; “иккинчи” шахс тингловчини кўрсатувчи белгидир; “учинчи” шахс эса сўзловчи ва тингловчидан ўзгаларни ажратиш учун қўлланади.
Дейксис нутқда тил бирликларининг ишоравийлик хусусиятни намоён қилувчи ҳодисадир. Кўрсатиш вазифасини лингвистик ва экстралингвистик воситалар орқали бажарувчи дейксис тилнинг белгилар тизими сифатида шаклланишида муҳим роль бажаради. Дейксис назарияси таҳллига доир кўплаб илмий тадқиқотларди асосий эътибор дейксис ва анафора муносабати масаласига қаратилади. Бу каби тадқиқотларда реал дискурс жараёнида нутқ иштирокчиларига ишорани англатувчи дейксис соф, асл дейксис сифатида тавсифланса, матн қисмларга ишора қилиш орқали уларнинг семантик-синтактик жиҳатдан боғланишмга ҳизмат қилувчи дейксис атамаси анафора сифатида таъриф қилинади.
Дейксис назариясининг марказий тушунчаларидан бири дейктик дейктик бирликлардир. Нутқ(матн) таркибида “ишора қилиш” вазифасини бажарувчи бирликлар объектни бевосита изоҳладиган номинатив бирликлардан фарқли ўлароқ нутқий ҳолатга ёки сўзловчи томонидан белгиланган муайян мўлжал марказига нисбатан объектни тавсифлайди.
Ҳар бир тилда дейксис ва унинг турларини юзага келтирувчи махсус тил бирликлари мавжуд. Шунга қарамай, баъзан нутқ жараёнида муайян нарса-предмет, воқеа-ҳодисага ишора қилиш вазифаси экстралингвистик воситалар орқали ҳам амалаг оширилиш мумкин.
Дейксис ҳодисаси тадқиқ этилган ишларда тилнинг ишора қилиш бирликлари сифатида О.Есперсен ишора бирликларига шифтер атамасини [11, 87], Ч.Пирс дейктик бирликларни индексалланган белгилар [4, 59], Е.В. Падучева эса ишорага тўғридан-тўғри мазмун белгиловчи эгоцентрик бирликлар [3, .http://www.dialog-21.ru/digests/dialog2013/materials/pdf/PaduchevaEV.pdf] сифатида талқин қилишган.
Ж.Лайонзнинг «Semantics» асарида дейксис муаммоси янада муфассалроқ ўрганилган. Ушбу асарда муаллиф юқорида эслатилган масалалардан ташқари аниқ артиклли от бирикмаси, дейксис ва анафора муносабати, матн дейксиси, замон ва макон мазмунидаги тузилмалар таркибидаги дейктик бўлаклар каби қатор масалаларни ҳам муҳокама қилади. Худди шу ерда кейинчалик бошқа тадқиқотчилар томонидан кенг миқёсда такрорланаётган дейксис ҳодисасининг таърифи берилган: “Ҳеч бўлмаганда бир сўзловчи ва тингловчи иштирокини талаб қиладиган мулоқот вазиятида юзага келадиган замон-макон матнида намоён бўладиган шахс, предмет, ҳодиса, ҳаракатларни белгиловчи, уларнинг ўрнини кўрсатувчи бирлик дейксис деб талқин қилинади” [14, 636-703].
Тилнинг дейктик воситалари (лексик ва грамматик) тил белгисининг номинатив ва референциал функциялари муносабатини символик майдонга қарама-қарши қўйилган тилнинг кўрсатиш майдоинин шакллантиради. П.Стросон томонидан таклиф қилинган чегараланган тил типининг семантик луғати таснифланишига кўра дейктик элементлар учта асосий синфлардан бирини шакллантиради. Бунга кўра номланишига, уммуий характеристикасига ва муносабатларига кўра. Дейктик элементлар шаклланган тил типлари учун қуйидаги турларга бўлинади: темпорал, локатив, интерлокатив ва контекстуал [6, 160-172]. Б.А. Серебринниковнинг сўзларига кўра “дейксис инсон нутқидаги муҳим атрибут ҳисобланади. Бўлишсиз предметлар дунёсида дейктик воситалар мавжуд эмас, чунки уларга у ерда ҳожат йўқ. Предмет бошқа предметлар орасида ўзининг жойлашув ёки ажратилишга нисбатан кўрсатиш мазмунига боғлиқ бўлганида ўзининг хоссаларини ўзгартирмайди” [5, 87-93]. Инсон учун дейксис ҳодисаси нутқда ориентация учун зарур бўлади. Дейктик воситалардан маҳрум бўлган нутқ суҳбатдош учун мутлақо тушунарсиз бўлиш эҳтимоли бор.
Тил белгиларини икки гуруҳга бўлиш мумкин: 1) номинацияни амалга оширувчи “ёрлиқлар” (мисол сифатида, table сўзи), 2) диққатни фақат объектга йўналтириб, “кўрсатгич”лар ролидаги сўзлар [9, 22-36]. Инглиз тилида бу каби кўрсатгичлар таркибига кишилик, эгалик олмошлари, макон ва замонни ифодаловчи олмош равишлар, кўрсатиш олмошлари киради.
Хулоса шуки, дейксис ҳодисаси лексик ва грамматик воситаларнинг ишора қилиш вазифасини англатувчи тушунча сифатида матн доирасида ёки нутқий ҳаракат иштирокчилари орасида ҳамда билдирилган гапнинг таркибий қисмларини денотатив мазмун-моҳиятининг тўлалигича аҳамият эканлигини кўрсатишга хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |