8-боб. Якунловчи қоидалар 44. Ариза берувчи ва унинг оила аъзоларига тегишли ахборот автоматлаштирилган режимда фақат «Ягона реестр» АТдан олинадиган ва таҳлил қилинадиган махфий тусдаги ахборот ҳисобланади ва ошкор қилинмайди, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
45. Ажратиладиган бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш, улар тўлиқ ва ўз вақтида ҳисобланиши Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Ички аудит бошқармаси томонидан назорат қилинади.
46. Қўйидагилар учун:
оила даромадлари, оила таркиби ва турар жойининг ўзгариши тўғрисидаги ахборотнинг ишончлилиги ва ўзгариши тўғрисидаги маълумотлардан тегишли Пенсия жамғармасининг бўлимини ўз вақтида хабардор қилиш бўйича — ариза берувчига;
АТ «Халқ банк»нинг махсус ҳисобварақларига бюджет маблағларини ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштириш бўйича — туман (шаҳар) молия бўлими раҳбарига;
ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдамларни тайинлаш бўйича аризаларни «Ягона реестр» АТга белгиланган тартибда ҳамда ўз вақтида киритиш бўйича — туман (шаҳар) Пенсия жамғармаси бўлимининг раҳбарига;
махсус ҳисобварақларидаги маблағлар тўланишининг ўз вақтида ва тўлиқлигини таъминлаш ҳамда олувчилар томонидан талаб қилиб олинмаган маблағларни тегишли маҳаллий бюджетга ўз вақтида ва тўлиқ қайтариш бўйича — туман (шаҳар) АТ «Халқ банки» бўлими раҳбарларига шахсий жавобгарлик юкланади.
47. 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунига қадар бола парвариши бўйича нафақа, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ва компенсация тўловлари «Ягона реестр» АТдаги ёки манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг ахборот тизимлари билан идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик тизимидаги техник носозлик натижасида тайинланганлиги аниқланган тақдирда, ушбу хато аниқланган санадан бошлаб 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунига қадар бола парвариши бўйича нафақа, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ва компенсация тўловлари тўхтатилади.
Ушбу ҳолатда тўловлар Пенсия жамғармаси бўлимининг қарорига асосан тўхтатилади ва ариза берувчига электрон билдиришнома (аризада кўрсатилган электрон манзилига ёки СМС-маълумот орқали мобил телефон рақамига) юборилади.
Бунда Сирдарё вилоятида тажриба лойиҳасини амалга ошириш даврида тайинлаш жараёнидаги техник хатолик натижасида тўланиб юборилган 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунига қадар бола парвариши бўйича нафақа, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ва компенсация тўловлари қайтарилмайди.
Олдинги таҳрирга қаранг. 48. Ушбу Вақтинчалик низом 2021 йил 1 апрелгача амал қилади.
(48-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 мартдаги 122-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.03.2021 й., 09/21/122/0186-сон) Сирдарё вилоятининг кам таъминланган оилаларига «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомга
1-ИЛОВА