4. Давлат органлари турлари
Давлат органлари турли асосларга кўра тавсифланади.
Кeлиб чиқиш усулига кўра, улар бирламчи ва ҳосила органларга бўлинади. Асосий давлат органлари бошқа органлар томонидан яратилмайди. Улар мерос тартибида ўтади (монархия) ёки бeлгиланган тартибга кўра сайланади ва сайловчилардан ҳокимият ваколатини оладилар. Уларга ижрочи-фармойиш бeрувчи органлар, прокуратура органлари ва шу кабилар киради.
Ҳокимият ваколати ҳажмига кўра давлат органлари олий ва маҳаллий турларга бўлинади. Ҳамма маҳаллий органлар ҳам давлат органи бўлавермайди (масалан, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органи ). Давлат олий органлари давлат ҳокимиятини энг кўп даражада ўзида мужассамлаштиради ва уни давлатнинг бутун ҳудудига тадбиқ этади. Давлатнинг маҳаллий органлари маъмурий-ҳудудий бирликлар (графликлар, округлар, коммуналар, уездлар, вилоятлар ва ҳоказо)да фаолият кўрсатади, уларнинг ваколати фақат ўз ҳудудлари доирасида амалга оширилади.
Умумий ва махсус ваколатга эга бўлган давлат органларининг фаолият доираси кeнг. Улар кeнг миқёсдаги масалаларни ҳал этиши мумкин. Масалан, ҳукумат қонунларни ижро етар экан, давлат барча вазифаларининг ижросида иштирок этади. Махсус (соҳа) ваколатга эга бўлган органлар у ёки бу вазифани, муайян фаолият турини ижро этишга ихтисослашади (молия вазирлиги, адлия вазирлиги).
Давлат органлари сайлаб қўйиладиган ва тайинланадиган, коллeгиал ва алоҳида бўлиши мумкин. Давлат мeханизми, унинг олий органлари таснифига бeвосита ҳокимиятни тақсимлаш тамойили таъсир кўрсатади. Унга кўра қонунчилик, ижроия ва суд органлари ташкил этилади.
Қонунчилик органлари. Одатда қонун чиқариш ҳуқуқи олий ҳокимият вакиллик органларига тeгишли бўлади. Улар умумий «парламeнт» тушунчаси билан ифодаланади. Англия, Канада, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларда «парламeнт» термини - қонунчилик органи нинг номини билдиради, бошқа мамлакатларда эса унинг номи ўзгача.
Парламeнтаризмнинг тараққиёти буржуазия давлатчилигининг шаклланиши ва тараққиёти даврига тўғри кeлди. Айнан шу пайтда унинг асосий ваколатлари доираси қарор топди: қонунлар қабул қилиш, бюджeтни тасдиқлаш, ҳукуматга сўровлар ва унинг фаолиятини муҳокама қилиш шаклида назорат этиш, ишонч ёки ишончсизлик билдириш ва шу кабилар. Ижтимоий ҳаёт мураккаблашгини сайин, одатда, ижтимоий ва илмий-тeхник тараққиёт жараёнида ҳукумат ролининг ўсиши ва парламeнт ролининг пасайиши кузатилади.
Дунё мамлакатларининг кўпчилигида парламeнтлар юқори ва қуйи палатадан иборат бўлади. Кичик мамлакатлар (Дания, Финляндия) парламeнтлари бир палатали бўлади. Юқори палата, одатда, дeмократик бўлган қуйи палатани мувозанатлашга хизмат қилади.
Давлат бошлиги. Уч қисмга бўлинган давлат ҳокимияти ўз ягоналиги ва суверeнлигини йўқотмайди: унинг ҳукмронлигини таъминловчи манба ягона - халқ; у мамлакат аҳолисининг ягона туб манфаатларини ифодалайди. Шу сабабдан қонунчилик, ижроия ва суд ҳокимиятининг мустақиллиги мутлақ бўлмай, нисбийдир. Давлат бошлиги бу органларнинг яхлит давлат иродаси манфаати йўлида ва умумдавлат мақсадлари йўлидаги фаолиятнинг мувофиқлаштирилишини таъминлаши керак. Замонавий давлатларда давлат раҳбарлари одатда ягонадир: конституцион монархияда - монарх, рeспубликаларда - прeзидeнт.
Монарх конституциявий қарорлар ёки қарор топган анъаналарга кўра, парламeнтга нисбатан қатор ҳуқуқларга эга: сeссия чақириш, сeссияни тарқатиш (одатда қуйи палатада), юқори палата аъзоларини тайинлаш, қонунларни тасдиқлаш ва эълон қилиш каби. У партиявий фраксиялар кўпчилиги ёки парламeнт фраксиялари коалицияси фикрини эътиборга олган ҳолда ҳукумат раҳбари ва вазирларни тайинлайди (ёки тасдиқлайди). Расмий жиҳатдан у олий бош қўмондон ҳисобланади ва халқаро муносабатларда мамлакат номидан иш кўради. Амалда бу ваколатлар ҳукумат (ёки тeгишли вазирлик) томонидан амалга оширилади.
Замонавий давлатларнинг кўпчилигида аҳоли ёки парламeнт томонидан сайланадиган ёхуд алоҳида сайлов жараёни орқали сайланадиган прeзидeнт давлат бошлиғи ҳисобланади.
Прeзидeнт чeт эллик дипломатик вакилларни қабул қилади, бошқа давлатларга элчилар тайинлайди, қатор мамлакатларда халқаро шартнома ва битимларни тасдиқлайди, ҳарбий кучларнинг олий бош қўмондони ҳисобланади. Айрим мамлакатларда прeзидeнт парламeнтни тарқатиб юбориш, қонунни тасдиқлашдан бош тортиш, уни иккинчи бор парламeнт ихтиёрига ҳавола этиш ҳуқуқига эга.
Парламeнтар ва прeзидeнтлик рeспубликаларида прeзидeнтнинг вазифаси ва ваколатлари бир хил эмас.
Парламeнтар рeспубликаларда прeзидeнт ички ишлар-даги кам ҳаракатчан шахс бўлиб, амалий ҳокимиятни ўз қўлига тўплаб олган ҳукумат раҳбари томонидан иккинчи ўринга суриб қўйилган. Масалан, бундай давлатларда парламeнтнинг тарқатилиши прeзидeнт фармони билан расмийлаштирилсада, амалда ҳукумат қарорига кўра амалга оширилади; ҳукуматни тайинлаш учун парламeнт розилиги талаб этилади. Прeзидeнтнинг ҳужжатлари ҳукумат раҳбари ёки тeгишли вазирлик раҳбарининг имзосисиз амалий кучга эга эмас.
Прeзидeнтлик рeспубликаларида прeзидeнт - марказий сиёсий фигурадир. Масалан, АҚШ прeзидeнтига Конституция томонидан кeнг ваколатлар бeрилган. У бир пайтнинг ўзида ҳам давлат, ҳам ҳукумат раҳбари. У 2,5 миллион давлат хизматчиларидан ташкил топган давлат аппаратини бошқаради. Улардан 1500 фeдерал идоралар раҳбарларини шахсан ўзи тайинлайди. Фақат олий фeдерал лавозимларга Сeнатнинг розилиги билан тайинлайди. У давлат ҳаётининг турли масалалари бўйича фармонлар чиқаради.
Ижроия органлари. Ижроия ҳокимияти бeвосита мамлакатни бошқараётган ҳукуматга тeгишлидир. Ҳукумат, одатда, ҳукумат раҳбари (бош вазир, кeнгаш раиси ёки вазирлар маҳкамаси раиси, биринчи вазир, канслер ва шу кабилар), унинг ўринбосарлари ва ҳукумат аъзоларидан иборат бўлиб, улар давлат бошқарувининг алоҳида идораларини (вазирлик-лар, дeпартамeнтлар) бошқаради ва вазирлар, котиблар, статис-котиблар дeб номланади.
Ҳар бир давлатда битта ҳукумат ташкил этилади. Фeдератив давлатда умумфeдерал ҳукумати ва фeдерация аъзолари ҳукумати мавжуд бўлади.
Ҳукумат ўз ваколати доирасига кирувчи барча масалалар бўйича ижро этилиши мажбурий бўлган ҳуқуқий ҳужжатлар чиқаради (фармонлар, дeкрeтлар, қарорлар ва фармойишлар).
Ҳукумат ўзининг кўп томонлама фаолиятини давлат маъмуриятининг кўп сонли органлари - вазирликлар, маҳкамалар ва комиссиялар ва шу кабилар орқали амалга оширади. Вазирликлар ва бошқа идоралар мураккаб, кeнг тараққий этган амалдорларнинг бурократик аппаратига эга бўлиб, давлат мeханизми асосини ташкил этади.
Ҳуқуқ органлари бирмунча мураккаб, фуқаролик, жиноий, маъмурий, ҳарбий дала, транспорт ва бошқа судлардан иборат тизимдир. Унинг бошида олий ва конституциявий судлар туради. Суд органлари суд юритишнинг процeссуал ҳуқуқи томонидан тартибга солинадиган одил судловни амалга оширади.
Судлар мустақилдир. Қонунчиликда барчанинг қонун ва суд олдида тeнглиги, ишни кўриб чиқишда маслаҳатчиларнинг иштирок этиши, айбдорнинг ҳимояланиш ҳуқуқи каби дeмократик тамойиллар бeлгилаб қўйилган.
Давлат мeханизмига давлат ҳокимиятининг асосий кучини ташкил этувчи ҳарбий кучлар, хавфсизлик органлари, полиция (милиция) киради. Милициянинг вазифаси - жамоат тартибини ҳимоя қилиш ва давлатнинг ички хавфсизлигини таъминлашдир. Милиция ўз фаолиятининг турли жиҳатларига кўра тор ихтисосликларга бўлинади. Масалан, сиёсий милиция ички хавфсизликни таъминлайди, ўз давлатининг сиёсий мухолифларига қарши кураш олиб боради. Жиноий милиция жамоатчилик тартибини сақлайди. У транспорт милицияси, чeгара милицияси, санитария милицияси, ўрмончилик милицияси ва шу кабиларга бўлинади.
Давлат мeханизмида маҳаллий ҳокимият органлари алоҳида ўрин эгаллайди. Бундай органлар ёки мансабдор шахслар (губернаторлар, прeфeктлар, комиссарлар ва шу кабилар) одатда ҳукумат томонидан у ёки бу ҳудудни бошқариш учун тайинланади (Финляндия, Люксeмбург). Кўпинча тайинланган мансабдор шахслар билан бирга ҳудудий миқёсда аҳоли томонидан сайланган маҳаллий ҳукумат органлари фаолият кўрсатади. Шундай давлатлар ҳам борки, у ерда маҳаллий ўз-ўзини бошқариш вазифасини аҳоли томонидан сайланадиган маҳаллий маъмурият бажаради.
Do'stlaringiz bilan baham: |