БОЖХОНА НАЗОРАТИ Божхона назорати Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларига риоя этилишини таъминлаш учун божхона органлари томонидан амалга ошириладиган, шу жумладан хавфни бошқариш тизими қўлланилган ҳолда амалга ошириладиган чора-тадбирлар мажмуи.
БОЖХОНА РАСМИЙЛАШТИРУВИ Божхона чегарасидан олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситалари устидан божхона назоратини таъминлаш учун божхона органларининг мансабдор шахслари томонидан ўтказиладиган божхона операциялари мажмуи.
БОЖХОНА МАҚСАДЛАРИ 1. Божхона чегараси орқали товарлар ва транспорт воситаларини олиб ўтиш, товарларни ташиш, сақлаш ва қайта ишлашда божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш;
2. Божхона тўловлари ўз вақтида ва тўғри тўланишини таъминлаш;
3. Иқтисодий сиёсат чораларига, божхона режимларининг талаблари ва шартларига риоя этилишини таъминлаш;
4. Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳолларига чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш.
БОЖХОНА РЕЖИМИ Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг ва транспорт воситаларининг мақомини божхона мақсадлари учун белгиловчи қоидалар мажмуи.
БОЖХОНА РЕЖИМЛАРИНИНГ ТУРЛАРИ Товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш мақсадларига боғлиқ ҳолда уларнинг божхона расмийлаштируви божхона режимларининг қуйидаги турларига мувофиқ амалга оширилади:
1) экспорт;
2) реэкспорт;
3) вақтинча олиб чиқиш;
4) божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш;
5) эркин муомалага чиқариш (импорт);
6) реимпорт;
7) вақтинча олиб кириш;
8) божхона ҳудудида қайта ишлаш;
9) вақтинча сақлаш;
10) божхона омбори;
11) эркин омбор;
12) эркин божхона зонаси;
13) бож олинмайдиган савдо;
14) божхона транзити;
15) йўқ қилиш;
16) давлат фойдасига воз кечиш.
ДЕКЛАРАНТ Товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини ўз номидан декларацияловчи шахс ёхуд унинг номидан товарлар ва (ёки) транспорт воситалари декларацияланаётган шахс.
БОЖХОНА БРОКЕРИ Божхона расмийлаштируви бўйича операцияларни декларантнинг ёки ваколатли шахснинг топшириғига биноан ва унинг номидан шартнома асосида амалга оширадиган, тегишли рухсатнома олган Ўзбекистон Республикаси юридик шахси;
ДЕКЛАРАЦИЯЛАШ Божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган ва (ёки) божхона назорати остида турган товарлар ва (ёки) транспорт воситалари тўғрисидаги зарур маълумотларни божхона органларига маълум қилиш.
ТОВАРЛАРНИНГ ЭРКИН МУОМАЛАСИ
Божхона ҳудудида товарларнинг белгиланган тақиқлар ва чекловларсиз айланиши.
ЮРИДИК ШАХС Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилган ташкилот;
чет давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилган чет эл ташкилоти;
Ўзбекистон Республикасининг, чет давлатнинг қонун ҳужжатларига ёки халқаро шартномага мувофиқ ташкил этилган халқаро ташкилот юридик шахс ҳисобланади.