Ф.ф.д. профессор О.Файзуллаев
2006 й.
Илмий тадқиқот кўр-кўрона бажарилмаганлиги фан тарихидан маълум. Бундай ишлар маълум ёки мўлжалланган тахмин бўйича олиб борилади. Ҳали етарли равишда маълум бўлмаган нарса ёки ҳодисанинг моҳиятига мўлжал билан фикран кириш гипотеза дейилади. Маълум ходисанинг номаълум сабаби ҳақидаги таҳмин гипотезанинг мундарижасини ташкил қилади.
Гипотезада текширилаётган объектга тааллуқли бирор сабаб ёки муносабат қонунияти ҳақида гапирилади, лекин бу фикр ҳали ўз натижасига эга эмас. Гипотезани таърифлаш учун ҳодисанинг характерли белгилари, шароит ва боғланиши маълум даражада ўрганилиши керак. Ҳар қандай таҳмин гипотеза бўлавермайди. Гипотеза қуйидаги талабга жавоб бериши керак: қўлга киритилган билимга зид бўлмаслиги, шу таҳминнинг ҳақиқатлик эҳтимоли асосланган бўлиши лозим.
Гипотезага, асосан, қуйидаги ҳолларда муҳтожлик туғилади: ўрганилаётган жараёнда одам ё бевосита иштирок этмаган бўлса, ёки иштирок этган бўлса ҳам моҳиятига тушиниш мураккаб бўлса.
Гипотезани таърифлаш тартибсиз ҳолда бўлмайди, балки номаълумни мумкин қадар асосли равишда боғлашга интилиш талаб қилинади. Бир мисол:
Беруний гипотезаси. Беруний замонида геоцентризм ҳукм сурар эди. Коперникнинг гелиоцентризмигача ҳали анча вақт бор эди. Геоцентризмдан гелиоцентризмга ўтишда назарий билимлар, масалан, осмон динамикаси етишмас эди. Фақат самовий жисмлар ҳаракатининг геометрияси ва кинематикаси бор эди, холос. Шу шароитда Беруний бир янги фикр айтди: агар бир оғир жисм Ерга озод тушаётганида шарқроққа силжиб тушса, Ер ўз ўқи атрофида айланяпди, деб фараз қилса бўлади.
Бу фикр гипотеза сифатида айтилган эди. Маълумки, олимларнинг гипотезаларининг бир қисми тасдиқланмайди, уларнинг қисматлари тарихдан ўчирилиб ташланади, баъзилари эса кейинчалик тасдиқланиб, назарияга айланади. Беруний гипотезаси тасдиқланади, ҳақиқатан ҳам тепадан озод тушаётган нарса Ерга тикка тушмасдан, сал шарқроққа силжиб тушишлиги амалда ҳам назарий механика қонунияти билан исботланди.
Берунийнинг бу гипотезасининг яна бир ажойиб томони бор: тушаётган жисмнинг шарққа силжишининг сабаби ўзининг дастлабки катта тезлигини сақлаб қолишдир, бу эса Беруний Галилей – Ньютонлардан олдин мана шу инерция қонунига тарихий асос солишдир, деган натижага келинди.
Ибн Сино гипотезани фаннинг замини деб ҳисоблаган. Унинг айтишича, гипотезада шубҳа бўлиши мумкин. Бировнинг гипотезасини бошқалар қабул қилиши ёки қабул қилмаслиги мумкин, лекин унинг бўлгани яхши. Гипотеза исботланганидан кейин назарияга айланади.
Ибн Сино билиш соҳасида фантазияга алоҳида ўрин беради. Унинг айтишича, бир нарсани билиш учун уни бошқалардан ажратиб олиб, қиёслаш керак, шунда умумийлик ва фарқ аниқланади, энди ҳар қандай ҳаёлга, фантазияга йўл очилади. Масалан, филни ҳаёлан иккига бўлиб, уларни тасаввур қилиш. Демак, фантазия қуроллари бўлиб қиёслаш, боғлаш ва тасаввур ётади.
Гипотезани таърифлаш учун объект тадқиқ қилинади, мумкин бўлган таҳмин ифодаланади, таҳминдан чиқадиган оқибатлар кўрсатилади. Оқибатларнинг ҳақиқатлиги кўрсатилгач, гипотеза ё эътироф этилади ёки инкор этилади. Эътироф этилса, гипотеза назарияга айланади. Маълум гипотезанинг ҳақиқат эканлигини ё бевосита тажриба билан, ё бошқа бир тасдиқланган назария билан таққослаш натижасида исботлаш мумкин. Мисол учун Қуёш системасининг пайдо бўлиши ҳақидаги гипотезаларни олайлик. Н.Н.Парийский 1942 йили Тошкентда яшаб турган вақтида ўша вақтгача ҳукм суриб келган Кант-Лаплас, Жинс, Мультон ва бошқа бир қанча гипотезаларни ҳақиқатлиги аниқланган фикр бўлган ҳаракат миқдори моментининг сақланиши ҳақидаги қонунга солиштирди. У гипотезаларнинг ҳаммаси бу қонун талабларига жавоб беролмаганлигидан пучга чиқди. А.Б.Крат, О.Ю. Шмидт ва В.Г. Фесенковларнинг гипотезалари бу қонунга мос. Лекин улар ҳануз гипотезаликдан нарига ўтган эмас. Кейинги вақтларда молекуляр генетикада бир қанча гипотезалар пайдо бўлди. Уларнинг қайси бири тўғрилигини аниқлашда математик статистикадан фойдаланилмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |