Катта яшил бит тухум ҳолатида янтоқ, аччиқмия, қизилмия, какра ва бошқа бегона ўтларда қишлайди. Невский ва Степанцевнинг бу бит кўпинча тухум ҳолатида ғўзапояларда қишлайди деган фикрлари кейинги вақтда шубҳали бўлиб қолди (Журавлева).
Вояга етган ва личинка ҳолатидаги илдиз битлари горчица, олабута, итузум сингари ғаллагулли бўлмаган ўсимликларнинг илдизларида қишлайди.
Кўпчилик битлар кўп хил ўсимликлар билан озиқланади, лекин қишловчи тухумлар қўйиладиган ўсимликлар асосий озиқ ўсимликлар дейилади. Бундай ўсимликлар аксари дарахтлар, бута ва ярим буталар бўлади. Кўкламда бу ўсимликларга қўйилган тухумлардан битларнинг тирик туғиладиган бир неча бўғинлари ривожланади. Кейинчалик ўсимликларда кўкламги шира ҳаракати сусайиши билан битлар бошқа ўсимликларга, нуқул ўтсимон ўсимликларга ёки оралиқ ўсимликлар дейиладиган ярим буталарга кўчади. Қишлаётган тухумлардан чиқувчи битлар — насл боши деб, оралиқ ўсимликларга учиб келувчи битлар—мигрант ёки кўчманчи деб, битларнинг асосий ўсимликларга қайтиб келувчи кузги бўғинлари эса—ремигрант деб аталади. Битларнинг эркак ҳамда урғочи авлод берадиган бўғини ҳам насл боши деб аталади.
Битлар бир ўсимликдан иккинчи ўсимликка кўчиш характерига қараб, қуйидаги биологик группаларга ажратилади.
Тўғри тартибда кўчиб юрадиган битлар. Бундай битларнинг асосий ўсимликлардан оралиқ ўсимликларга кўчиши шарт; оралиқ ўсимликлар, кўпинча, бир неча турлардан иборат бўлгани ҳолда, асосий ўсимлик биргина турга мансуб бўлади.
Факультатив кўчиб юрадиган битлар. Бундай битларнинг бир қисми бутун мавсум давомида оралиқ ўсимликларда қолади, бир қисми эса (кузда) асосий ўсимликларга—дарахт ёки буталарга кўчади; уларнинг тухумлари ўша асосий ўсимликларда қишлайди, баҳорда битларнинг бир қисми эса асосий ўсимликдан оралиқ ўсимликларга кўчиб кетади. Бу битлар кўчиб юрмаслиги ҳам мумкин.
Чала циклли (аналоциклик) битлар. Бундай битлар факультатив кўчадиган битлардан келиб чиқади, лекин ўзлари яшаётган жойда асосий ўсимлик бўлмагани сабабли бутун йил бўйи ўша жойдаги оралиқ ўсимликларда ривожланади. Чала циклли битлар, одатда, тухум қўймайди; уларнинг қишловчи стадиялари жуфтлашмай тухум қўядиган урғочи ва личинкаларидир.
Муз даврида муз босган шимолий ҳудудларда барча ўсимлик ва жониворлар жанубга силжишлари ёки нобуд бўлишлари, шу билан бирга факультатив кўчувчи битларнинг ҳам баъзи турлари ўзлари озиқланадиган ўсимликлар билан биргаликда жанубга чекинишлари керак эди. Муз давридан кейинги иқлим исиши билан кўпгина ўсимликлар янгидан шимолга томон силжиган. Бироқ, бундай жараён вақтида асосий ўсимликлар йўқолиб кетган ёки илгариги ўсган ҳудудларига бориб ета олмай қолган бўлиб, шунда битлар чала циклли битларга айланган бўлиши ҳам мумкин. Ўша жойда асосий ўсимликлар пайдо бўлиши билан бу битлар кўпинча янгидан факультатив кўчманчи бўлиб қолишлари мумкин (Мордвилко). Факультатив кўчувчи битлар оралиқ ўсимликлар билан озиқланиш учун асосий ўсимликлар бўлмаган янги жойларга ўтган, шунингдек асосий ўсимликлар ўсадиган жойлардаги қанотли битларнинг бир қисми шамол воситаси билан узоқ жойларга тарқалган ҳолларда ҳам чала циклли битлар пайдо бўлади.
Кўчиб юрмайдиган битлар—ўзлари озиқланаётган ўсимликлардаги ҳаёт шароити ўзгармагунча бир ўсимликдан иккинчисига ўтмайди ва очарчилик юз берган ҳоллардагина кўчиб кетишга мажбур бўлади. Бу битлар орасида ҳаммахўр турлар анчагина бўлса ҳам, уларнинг кўпчилиги биргина хил ўсимлик билан озиқланади, монофаг ёки чекланган олигофаглардан иборат бўлади. Бу битларнинг аксарият турлари тухумлик стадиясида қишлайди, шу билан бирга партеногенетик урғочи ва личинка стадияларида қишлайдиган турлари ҳам учрайди.
Полиз бити биргина хил ўсимликларда, айниқса полиз ва гулхайри ўсимликларида яшай олса ҳам, одатда 25 та оилага мансуб жуда кўп ўсимликлар билан озиқланади.
Кейинги вақтгача бу битни A.frangulae Koch. номли факультатив кўчувчи тур деб ҳисоблар эдилар (Бернер, Невский); A. frangulae Koch. номли битнинг асосий озиғи бўлган Frangula alnus ўсмайдиган Марказий Осиёда эса уни чала циклли тур деб ўйлашга тўғри келар эди. Эндиликда полиз битининг мустақил бир тур эканлиги исбот этилганлиги сабабли уни кўчиб юрмайдиган ҳаммахўр тур деб ҳисоблашимиз лозим. Полиз бити учун асосий ўсимлик катальпа бўлиши мумкин, деган фикр ҳам туғилди (Нарзиқулов). Бу фикрга кўра, Марказий Осиёда полиз битининг иккита тури бор, уларнинг бири вояга етган ва личинкалик стадияларида бегона ўтларда қишлайдиган чала циклли турдан, иккинчиси тухумлик стадиясида катальпада қишлайдиган факультатив кўчувчи турдан иборат. Афтидан, бу фикр хато бўлса керак (Мамонтова, Давлатшина), чунки катальпада бу ҳашаротнинг полиз битига жуда ўхшаш бўлган A. catalpae Mamon. номли мустақил тури учрайди. Полиз бити ҳарорат 4—29° гача бўлганида урчийди.
Do'stlaringiz bilan baham: |