Кураш чоралари. Фитономусга қарши кураш мақсадида ўсув даври бошида ёки бу даврнинг бошланиши олдидан бедапоялар от қўшиладиган дискали борона билан тўрт ғилдиракли тракторга тиркаладиган дискали борона билан икки йўла 4—5 см чуқурликда бороналанади. Бундай дисклаш натижасида қўнғизларнинг кўп қисми, шунингдек кунлар илиган вақтда қўйилган тухумларнинг бир қанчаси нобуд бўлади. Бундан ташқари, дискланган беда ўсишини тезлатиб, зараркунандаларга бардош бериш кучини оширади. Масалан, дискланган далада фитономус кам бўлганида бу зараркунанда беданинг ўсишини тўхтата олмайди, кўп бўлганида эса беда вақтинча ўсишдан тўхтаса ҳам, кейинчалик яна ўзини тутиб олади. Фитономус кўплаб тушган бедапоя дискланганида унинг етказадиган зарари тахминан 19 % камаяди. Бедапояни дисклаш (ёки бороналаш) вақтида ҳар гектар ерга 40 кг хисобидан 25 % ли гексахлоран солинса, бу тадбирнинг берадиган фойдаси янада ошади. Бироқ, далаларга беда олтин қўнғизи тушган бўлса уларни дисклаш ярамайди.
Гексахлоранни юқорида кўрсатилган миқдорда суперфосфатга аралаштириб ўғит сеялкаси билан солиб, кетма-кет бороналаса ҳам бўлади, лекин бу ҳолда суперфосфат қуруқ ва кукун бўлиши шарт.
Икки йиллик ва ундан кексароқ уруғлик бедапояларни, беда қандаласи ва битларига қарши курашдаги сингари, кузда қайта ҳайдаш фитономусга қарши курашда ҳам жуда яхши натижа беради; ҳайдаш вақтида бедапоянинг ҳар гектарига 40 кг ҳисобидан гексахлоран солинса, бу тадбир янада фойдали бўлади.
Беда кўкламда ўса бошлаганида фитономус билан анчагина зарарланган бўлса (бундай ҳодиса кўпинча гексахлоран солинмаган бедапояларда юз беради), экинлар 12 % ли гексахлоран дусти билан дориланади; бу дори самолётдан чангланганида гектарига 15 кг, ердаги аппаратлардан чангланганида эса 20—25 кг ҳисобидан сарфланади. Агар далалар ёнида тут дарахтлари бўлса, ипак қуртларини заҳарлаб қўймаслик учун, экинни тут дарахтлари барг ёзмасдан олдин дорилаш лозим.
Фитономусга қарши кўриладиган физик-кимёвий тадбирлардан бири кўклам эрта келган йиллари беда шохчалари 1—8 см га етганида, кўклам кеч келиб, ҳарорат 12°С дан паст бўлган йиллари эса шохчалар 15 см га етганида бедани мумкин қадар тагидан ўриб олишдир. Беда шундай эрта ўрилганида фитономус тухумларининг кўпчилиги беда билан бирга даладан ташқарига чиқарилади. Фитономус кам тушган ҳамда гексахлоран солинган бедапояларда бедани эрта ўришнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ.
Кўп йиллардан бери ўстирилаётган эски бедада фитономус тўпланиши ва унинг таъсиридан беда қаттиқ зарарланиши сабабли, бедани бир далада 3 йилдан ортиқ ўстирмаслик керак.
Бедапояларни ўғитлаш беданинг зараркунандаларга бардош бериш кучини ошириши туфайли, ўғитланган бедапояларга фитономус камроқ зарар етказади.
Уруғлик олинмайдиган бедага фитономус кўплаб тушганида, унинг гуллай бошлашини кутиб турмасдан ўриб олиш зарур. Биринчи ўришни фитономус личинкалари очиқ ҳаёт кечира бошлаган вақтда ўтказиш энг яхши натижа беради; бу вақт эртаги нав олмалар гуллаб бўлган даврга тўғри келади.
Муддатидан олдин ўрилган бедани қуримасдан олдин даладан чиқариб, беда анғизига 0,1 % концентрацияли натрий арсенит эритмаси пуркаш ёки гексахлоран дусти чанглаш керак; эритма гектарига 750—1000 л, дуст эса —15 кг ҳисобидан сарфланади.
Хашаки бедапояда зарпечак бўлганида, бир вақтнинг ўзида ҳам фитономусга, ҳам зарпечакка қарши курашиш учун, 4 % концентрацияли натрий арсенит эритмаси пуркалади. Дори пуркалган ёки чангланганидан кейин 2—3 кун ўтгач бедани қондириб суғориш лозим.
Фитономус личинкалари кўплаб тушганлиги аниқланганида уруғлик бедапояларга зараркунанда очиқ ҳаёт кечиришга ўтаётган даврда 32 % ли гексахлоран дусти чангланади; дори самолётдан чангланганида гектарига 15 кг, ерда юритиладигаи аппаратлардан чангланганида эса 20—25 кг ҳисобидан сарфланади. Гексахлоран дусти бўлмаганида, кальций арсенат ёки натрий кремнефторид чангланади. Кальций арсенат гектарига 10—12 кг ҳисобидан сарфланади; бу заҳар самолётдан чангланганида унга ҳеч нарса қўшилмайди, ерда юритиладиган аппаратлардан чангланганида эса гектарига 5—6 кг ҳисобидан ўтин кули ёки кўча тупроғи қўшилади. Натрий кремнефторид гектарига 20 кг ҳисобидан сарфланади.
Чанглаш ўрнига суспензия пуркаса хам бўлади. Бу ҳолда юқорида кўрсатилган муддатларда гексахлораннинг 0,2 % қаттиқ ёки 4 % суюқ совун ва сув аралаштириб тайёрланган 1 фоизли суспензияси ёки кальций арсенатнинг сув аралаштириб тайёрланган 0,3 фоизли суспензияси пуркалади. Биринчи суспензия гектарига 1000—1500, иккинчиси эса 1500-2000 л ҳисобидан сарфланади. Дорилагандан кейин қирилмай қолган зараркунанда кўп бўлса, 5—6 кун ўтгач уруғлик бедапоялар иккинчи марта дориланади. Беданинг ҳамма ўримини (асосан биринчи ўримини) мумкин қадар пастроқдан қирқиб ўриш керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |