§ 3. БЕДА ЗАРАРКУНАНДАЛАРИ
Зарарли эшакқурт
Hemilepistus fedtschenkoi Uljan.
Зарари. Кейинги вақтларда Самарқанд вилоятида бу қурт анча катта зарар етказганлиги аниқланди (Стожарова, Кондурова, Соснина); шу билан бирга, Марказий Осиёда эшакқуртнинг зарар етказиш доираси хийла кенг бўлиши шубҳасиздир. Бу қурт беда майсаларини анча сийраклаштиради, қисман ўтган йилларда экилган бедаларнинг ҳам ёш баргларини ейди. Самарқанд вилоятида эшакқуртнинг бу тури билан биргаликда Protracheoniscus maracandicus Uljan. номли тури ҳам бедага бирмунча зарар етказганлиги аниқланди.
Тарқалиши. Марказий Осиёда учрайди.
Таърифи. Вояга етган урғочи эшакқуртнинг узунлиги 16—21 мм, эркагиники 15—20 мм келади, танасининг ранги қорамтир кул ранг. Калласининг сирти оқиш бўртмачалар билан қопланган, кейинги четлари эса оқиш ҳошия билан ўралган. Калласи деярли квадрат шаклида бўлиб, кўзи кичкина, эллипс кўринишида, ташқи мўйловлари учинчи кўкрак сегментининг кейинги четига етиб туради, ички мўйловлари уч бўғимли, асосий бўғими бошқаларидан узунроқ. Жағларининг иккинчи жуфтидаги ички пластинкаси думалоқ учли бўлади, бу пластинканинг четидан бирмунча ичкарироқда нинаси бор. Кўкрагидаги дастлабки уч жуфт сегментларнинг кейинги четлари деярли тўғри бўлади, бошқа сегментларнинг, айниқса 7-сегментнинг кейинги четлари эса букилиб туради. Дастлабки тўртта сегментда оқиш рангли йирик бўртмалар бор. Кўкрагининг охирги учта сегментида бўртмалар ўрнига кўзга унчалик равшан кўриниб турмайдиган хира сариқ рангли доғлар бор. Оёқларининг олдинги уч жуфти кейинги оёқларига нисбатан анча калтароқ, уларда калта ва тўмтоқ тиканлар бўлади. Оёқлари сегмент четларига жуда яқин жойлашган. Эшакқурт тенг оёқли қисқичбақасимонлар (Jsopoda) туркумига киради.
Тухуми юмалоқ овал шаклда, сарғиш тусда бўлиб, унинг узунлиги 65—85 ва эни 39—67 микрон келади.
Эндигина пилладан чикқан личинкасининг узунлиги 1,9—2 мм, ранги хира оқ тусда, майин пўстли бўлиб, тухум пилласидан чиққандан кейинги тўртинчи кунда унинг орқаси қорая бошлайди ва бешинчи кунда танасининг ёнлари ҳам қўнғир тусга киради. Ўн бешинчи кунда личинка танасининг ранги янгидан оқара бошлайди ва тўқ кул ранг тусга айланади. Личинка 4 ойлик бўлганида узунлиги 16 мм гача етади.
Ҳаёт кечириши. Бу зараркунанда ҳам личинка, ҳам имаго стадиясида далалардаги, шунингдек дала атрофидаги ўсимлик қолдиқлари орасида ва тупроқ ёриқларида, қамишнинг илдиз бўғзи ёнида, тўнкаларнинг кўчган пўстлоғи тагида қишлайди. Эшакқуртлар битта-биттадан, шунингдек кичик галаларга тўпланиб қишлайди. Қишловдаги қуртлар Самарқанд вилоятида (Стожарова) февралнинг иккинчи ярмида ўйғонади. Улар март охири—апрел бошида жуфтлаша бошлайди. Бу даврда урғочи қуртлар пўстини ташлаганидан кейин улардаги жуфт жинсий тешиклар ўрнига 5 ва 6-сегментлар ўртасида битта тирқишсимон тешик ҳосил бўлади.
Уруғланган тухумлар дастлабки 5 жуфт оёқларининг туби ёнидаги пластинкалардан ҳосил бўладиган тухум пилласи ичига киради. Бу пиллага 20 дан 106 тагача тухум жойлашади. Тухумлардан чиқаётган личинкалар тахминан май ўртасида пилладан ташқарига чиқади. Личинкалар 5—6 ойда ривожланиб бўлади ва шу вақт ичида бир неча марта пўстини ташлайди. Урғочи личинкалар 5—6 ойлик бўлганида уларнинг тухумдонларида тухумлар вужудга кела бошлайди.
Вояга етган эшакқуртлар ҳамда уларнинг личинкалари турли ўсимлик барглари билан озиқланади, аммо ҳамма ўсимликларга қараганда бедани, айниқса ёш бедани яхшироқ кўради. Стожарова, Кондурова маълумотларига кўра, бедапоянинг ҳар гектарида 8 миллионтагача эшакқурт бўлиши мумкин. Эшакқуртлар октябр охирида қишловга киради.
Do'stlaringiz bilan baham: |