Тарқалиши. Майса пашшаси Марказий Осиё, Қозоғистон ва Кавказ ортида, деярли бутун Европада, Сибирда (Омск ва Иркутск атрофида), Шимолий Америкада учрайди.
Таърифи. Майса пашшасининг узунлиги 5,5 мм бўлиб, умуман олганда уй пашшасига ўхшайди. Танаси тўқ қўнғир рангли, кул ранг қоринчаси бўйлаб қорамтир рангли камбар чизиқ ўтади, бу чизиқ эркак пашшаларда равшанроқ кўриниб туради. Эркагининг кейинги болдирларида бир хил катталикдаги қилчалар бор. Тухумлари чўзинчоқ, ранги оқ, узунлиги 0,9 мм га яқин. Личинкаларининг узунлиги 7 мм гача етади; танасининг охирги учи кенг бўлиб, олдинги учига яқинлашган сари торая боради; танасининг охирги сегменти қияланиб туради ва бу қияликнинг четларида бир қатор бўртмачалар бор, қияликнинг пастки четидаги тўртта бўртма бошқаларидан каттароқ. Жағлари қора, йўғон, аррасимон тишчалидир. Сохта пилласи чўзинчоқ, овал шаклда, жигар рангли, узунлиги 4 – 5 мм.
Ҳаёт кечириши. Бу зараркунанда сохта пиллалик, личинкалик ва имаголик стадияларида қишлайди. Вояга етган ҳолатда қишлаган пашшалар март ўртасида учиб чиқади; қишлаб чиққан сохта пиллалардан март охири апрел бошида пашшалар туғилади. Пиллалардан чиққан пашшаларнинг уруғдон ва тухумдонлари чала ривожланган бўлиб, улар 2—4 ҳафта ичида тўла етилади.
Майса пашшалари ўртача илиқ кунларда серҳаракат бўлиб, гулларнинг нектари билан озиқланади; иссиқ ва совуқ кунларда ҳамда шамолли пайтларда ердаги кесаклар, барглар тагига кириб ётади.
Урғочилари тухумларини 1—4 тадан тупроқ бетига, ер ёриқлари ичига ва кесаклар орасига сочиб ташлайди. Битта урғочи пашша 100 донагача тухум қўяди; тухум қўйиш даври 12 кунгача чўзилади. Урғочи пашшалар тухум қўйиш учун чириётган органиқ қолдиқлар кўп бўлган сернам участкалардан, айниқса чигит кунжараси билан ўғитланган сернам далалардан жой танлайди.
Ёз фаслида 2—4 кун, эрта кўклам ва кеч кузда 5—10 кун ўтгач тухумлардан личинкалар чиқади ва дарҳол тупроқ орасига кириб яширинади.
Личинкалар тупроқнинг 3—5 см чуқурликдаги қаватида яшайди; уларнинг ривожланиши бир ярим-икки ҳафта давом қилади; личинкалар чириётган органиқ қолдиқлар билан озиқланади ва баъзан ўсимликларнинг бўртган уруғларини кемириб уруғлар ичига киради.
Личинкалар тупроқнинг 5—6 см чуқурликдаги қаватида ғумбакка айланади. Ғумбаклик даври бир ярим-икки ҳафта давом этади, июн ўртасига яқин келиб ғумбаклик стадиясида диапаузага киради, бундай ғумбаклардаги пашшалар фақат сентябр ойида учиб чиқа бошлайди. Ҳарорат юқори ва ҳаво намлиги паст бўлганида ғумбаклар диапаузага киради, етук пашшалар эса баъзан қирилиб ҳам кетади. Россиянинг шимолий вилоятларида бу пашшалар диапаузасиз ривожлана беради.
Марказий Осиёда майса пашшаси бир мавсумда 3—4 бўғин беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |