Ғўза битлари
(Aphidodea)
Ғўзада ўсимлик битларининг бир неча турлари озиқланади. Улардан ғўза ёки полиз бити (Aphis gossypii Gelov), акация ёки беда бити (A. medicaginis Koch.), Плотников бити (Xerophiiaphis plotnikovi Nev.), катта ғўза бити (Acyrthosiphon gossypii Mordv.) ва ғўза илдиз бити (Trifidaphis phascoli pass.) энг кўп зарар етказади. Кейинги вақтда профессор А. К. Мордвилконинг бир-бирига жуда ўхшаш бўлган иккита мустақил бит тури — акация бити (A. laburni KetnB.) ва беда бити (A. medicaginis Koch.) борлиги ҳақидаги фикри Мамонтова томонидан исботланди. Шу билан бирга Мамонтова, Нарзиқулов ва Давлетшиналар томонидан Марказий Осиёда ғўзага ўсимлик битларининг A. medicaginis Koch. номли туригина зарар етказиши, A. laburni Kltnb. номли тури эса Марказий Осиёда умуман бўлмаганлиги тўғрисидаги фикр билдирилди. Бироқ бу масалани янада текшириш талаб этилади.
Зарари. Бу битлар кўкламда ғўза гуллай бошлагунча ва кузда кўсаклар очилаётганида зарар етказади. Битлар кўкламда ғўзанинг ширасини сўриб уни сусайтиради, ривожланишини кечиктиради. Илдиз бити эса ғўза майсаларини, улар дастлабки баргларини чиқараётганида нобуд қилади.
Катта ғўза бити ёш шоналарнинг тўкилишига сабаб бўлади (Журавлева). Ғўза битлари ҳосилни 5 %, айрим участкаларда эса 40 % гача камайтиради.
Барг битлари айрим ўсимликларнинг ҳосилини 50—75 % гача камайтиради (Кособуцкий), бу битлар майсанинг учки қуртагини зарарласа ва тупроқдаги ҳашаротлар илдиз бўғзини шикастласа майса бутунлай қурийди. Баъзи далаларда ғўза битлари пахта ҳосилини 40 % гача камайтиради.
Акация бити тушган ғўза тупида ўрта ҳисоб билан 1,85 та кўсак нобуд бўлади (Степанцев).
Битлар кузда пахта сифатини пасайтиради. Улар ўзларининг елимсимон ёпишқоқ чиқиндиси билан пахтани ифлослайди, уларнинг чиқиндиларида ранги қурумга ўхшаш замбуруғлар авж олади, натижада пахта толаси қораяди. Марказий Осиёда бу ҳодисани «шира» деб, пахта толаларининг қурумсиз чиқинди билан ёпишиб қолишини эса «оқ шира» деб атайдилар.
Шира тушган пахтани заводларда тозалангаида улардан тола кам чиқади ва машиналарнинг иши оғирлашади. Шира тушган пахтанинг толаси пишиқ бўлмайди.
Ғўза бити ғўзагагина эмас, балки бодринг, қовун ва қовоқ каби полиз экинларига ҳам анчагина зарар етказади. Бу ҳашарот: каноп, ловия, бомия экинларини, қисман лавлаги, қалампир, помидор, тамаки экинларини ҳамда цитрус ўсимликларини зарарлайди.
Акация бити ғўзадан ташқари бедага, оқ акация, мош, ловия, ерёнғоқ ва полиз экинларига зарар етказади.
Ғўза илдиз бити ғўзадан ташқари беда, помидор, картошка ва ловия экинларини зарарлайди.
Катта кўк бит ғўзадан ташқари, мош ва ловия ўсимликларининг ширасини сўради.
Do'stlaringiz bilan baham: |