Мева ўргимчакканаси
Tetranychus viennensis Zacher,синоними:
Abotetranychus longipennia Nik. et Ug.
Зарари. Ўргимчаккана одатда олма дарахтига зарар етказади, аммо бошқа уруғли ва данакли мева дарахтларига ҳам тушади.
Ўргимчаккана кўп сўрган барглар қўнғир тусга кириб, ассимиляция хоссасини анча йўқотиб қўяди, баъзан нобуд бўлиб, кўплаб тўкилиб кетади.
Тарқалиши. Мева ўргимчакканаси Марказий Осиё ва Қозоғистоннинг ҳамма жойида (айниқса, Қозоғистоннинг жанубида) учрайди, Бу зараркунанда Ғарбий Европада ҳам тарқалган. Мева ўргимчакканаси бошқа жойларда қандай тарқалганлигини айтиб бериш ҳозирча қийин, чунки мева каналаридан кўпчилигининг қайси турга кириши ҳали аниқлангани йўқ. Марказий Осиё боғларида мева ўргимчакканаси билан бир қаторда, айниқса Ўзбекистонда ғўза ўргимчакканаси-Tetranychus urticae Koch; дўлана канаси - Tetranychus crataegi Hirst, ва айниқса Тожикистонда Редикорцев канаси- Bryobia геdicorzeri Reck. ҳам учрайди.
Таърифи. Мева ўргимчакканаси тузилиш жиҳатдан ғўза ўргимчакканасига жуда ҳам ўхшайди, лекин урғочилари қишлаганда қип-қизил тусга киради. Мева ўргимчакканасининг ғўза ўргимчакканасидан асосий морфологик фарқи шуки, ёқа трахеяларининг учи 2-3 тармоққа бўлинади.
Ҳаёт кечириши. Бу кананинг ҳаёт кечириши мукаммал ўрганилган эмас. Асосан ғўза ўргимчакканаси каби ҳаёт кечирса ҳам, ўтсимон ўсимликлар билан озиқланмайди. Мева ўргимчакканаси дарахт танасидаги пўстлоқ пўстлари остида ва ёриқларининг ичида, шохларда ва қисман шохлардаги куртаклар яқинида тўп-тўп бўлиб қишлайди.
Кураш чоралари. Бу зараркунандага қарши курашдаги энг муҳим деққончилик-хўжалик чоралари қўйидагилардан иборат: эрта кўкламда ёки кеч кузда дарахтларнинг пўстлоғи нобуд бўлган пўстлардан тозаланади, тушган чиқинди ёқиб ташланади, дарахтлар танаси оҳак билан оқланади; эрта кўкламда дарахтларнинг шох-шаббаси учидан кесилади – сийракланади ва зарарланган шохлари ҳамда эркак новдалари кесиб ташланади.
Мева ўргимчакканасига қарши кураш учун ишлатиладиган кимёвий чоралар қўйидагидан иборат: эрта кўкламда, куртаклар бўртгунча дарахтларга карболинеумнинг 8 фоизли эмульсияси, ёки 5° ли (Боме ареометри бўйича) оҳак-олтингугурт қайнатмаси ёки 10 фоизли минерал мой эмульсияси пуркалади. Ёзда дарахтларга 0,5° ли оҳак-олтингугурт қайнатмаси пуркалади. Олма қурти ва ўргимчакканага қарши бир йўла кураш олиб борганда инсектицид суспензиясининг 1 л га янчилган ёки коллоид ҳолатдаги олтингугуртдан 10 г қўшиш тавсия этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |