IX синф: Буюмларни ишлаб чиқариш технологиялари. Эргономика- одам ва буюм орасидаги қулайлик. Дизайн билан боғлиқ касблар ва шу касблар тавсифномаси.
Узлуксиз таълимда дизайн таълимни жорий этиш мактабда бошланғич синфдан тизимли равишда тасвирий санъат ва меҳнат таълими жараёнларида амалга оширилиб узлуксиз давом этиши ва малакали мутахассис етиштириш билан якунланади.
Узлуксиз таълим тизимида дизайн таълими беришни замон талаби эканлигини эътиборга олган ҳолда нафақат умумий ўрта таълим бўғинида, балки олий ва ўрта махсус ўқув юртларида ҳам жаҳон стандартлари даражасида ривожлантиришни тақозо этади.
Меҳнат таълими ўқитувчилари олдида турган муаммолардан бири - дарс жараёнида қўллаш учун дизайнерлик топшириқлари ва уни ўргатиш методикаси ишлаб чиқилмаганлигидир. Бу муаммони ҳал қилишда биз меҳнат таълими мазмунини ташкил этувчи беш йўналишдаги мавзулар мазмунидан келиб чиқиб дизайнни дастлабки тушунчаларини бериб бориш билан бирга дизайнерлик топшириқларини бажариш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Дизайнерлик топшириқларни эса тузилиши ва қўлланишига қараб уч гуруҳга бўлиб таълим жараёнида қўллаш лозим.
1. Бошланғич дизайнерлик топшириқлар (I-IV синфлар).
2. Асосий дизайнерлик топшириқлар (V-VII синфлар).
3. Мутахассисликка оид дизайнерлик топшириқлар (VIII-IX синфлар).
Бошланғич дизайнерлик топшириқлар. Бу кўринишдаги дизайнерлик топшириқлари I-IV синф ўқувчилари учун мулжалланган бўлиб, унда оғзаки савол-жавоб қилиш, оддий дизайнерлик топшириқларини амалда бажариш ҳисобланади ҳамда топшириқни бажариш орқали ўқувчи ижодий фикрлашга ўргатилади. Бу топшириқлар қуйидаги тушунчаларга геометрик фигура ва шакл ясовчилар, ранглар, ранглар уйғунлиги, ўлчамлар, шаклларни жойлаштириш, буюмларнинг ташқи шакли кабиларга асосланган бўлиши билан уларни мустаҳкамлашга оид топшириқлар бўлиши лозим.
Ўқувчиларга қуйидаги дизайнерлик топшириқларини бериш мумкин:
Табиий материаллардан фойдаланиб ҳар хил ўйинчоқлар тайёрланг.
Қоғоздан фойдаланиб қути макетини тайёрланг ва уни ишлатилиш соҳасига қараб безак беринг (масалан гугурт қути, соклар учун идиш, қаламдон).
Синфдаги симметрик буюмларни сананг.
Бу каби дизайнерлик топшириқларни кўплаб келтириш мумкин. Улар келгусида ўқувчини буюмларни идрок этишни ва лойиҳаларни бажаришни осонлаштиради.
Асосий дизайнерлик топшириқлар. Бу дизайнерлик топшириқлар V-VII синф ўқувчилари учун мўлжалланган бўлиб, асосан амалий машғулотлар тарзида ташкил қилинади. Бу топшириқлар қуйидаги билимларга асосланган бўлиши лозим: буюмларнинг бадиий эстетик хусусиятларини таҳлил қилиш. Буюмларни лойиҳалаш, дизайнерлик ечимларини ҳал қилиш, ранг ва ранглар уйғунлиги, буюмларга нақш чизиш, макетлар тайёрлаш ва ҳоказо.
Ўқувчиларга қуйидаги асосий дизайнерлик топшириқларини тавсия этиш мумкин:
Ёғочдан рамка макетини ясанг. Бунда ёғочни бир-бирига бириктиришда мих, елим каби бошқа воситалардан фойдаланмасдан бириктириш вариантини таклиф қилинг.
Ёғочга ишлов берадиган токарлик станогидан фойдаланиб уй-рўзғор буюмлари тайёрланг (буюмларни тайёрлашда шакли, ранги бошқа буюмлар билан уйғун бўлишига ҳаракат қилинг).
Ёғоч ва фанерадан фойдаланиб эшик учун тутқич вариантини ясанг.
Мутахассисликка оид дизайнерлик топшириқлар VIII-IX синф ўқувчилари учун мўлжалланган бўлиб, бу топшириқлар нисбатлар, ҳажмли фазовий тузилиши, материаллар, гармоник шакл ва композиция, пропорционаллик ва маром пластиклик, ранг ва ранглар уйғунлиги, буюмларни техник моҳияти, гўзаллиги, уйғунлиги, эргономика каби билимларни ўз ичига олади.
1. Ошхона жиҳозлари уйғунлиги мавзусида реферат тайёрланг.
2. Дизайннинг халқ хўжалигидаги иқтисодий ва ижтимоий психологик аҳамияти тўғрисида реферат тайёрланг.
Дизайнерлик топшириқларини тузишда қуйидаги талабларни ҳисобга олиш лозим:
дизайнерлик топшириқлар ўқитиладиган бошқа фанлар билан боғлиқ бўлиб уларда ўтилган мавзуларини тўлдириб туриши керак.
топшириқларни тузишда ўқувчиларнинг индивидуал хусусиятлари эътиборга олиниши лозим.
дизайнерлик топшириқларни бажариш асосан, амалий машғулотлар тарзида ташкил қилиниши ва унда вақтни эътиборга олиш лозим.
дизайнерлик топшириқлари халқ ҳунармандчилигида қўлланиладиган усуллардан кенг фойдаланиш имкониятини ҳисобга олган ҳолда тузилиши лозим.
дизайнерлик топшириқлар оддийдан - мураккабга қараб бориши керак.
дизайнерлик топшириқларни компьютер технологиясидан фойдаланиб бажаришни ҳисобга олиб тузиш ва бошқалар.
Таълим олувчилар ўртасидаги фарқ, уларнинг у ёки бу фаолият турига табиий имкон қобилиятлари жиҳатидан камроқ истеъдодга эгалигидир, бироқ ҳар қандай қобилият ўз-ўзидан таълимдан, фаолиятдан ташқари ривожлана олмайди. Ушбу нуқтаи назардан қаралганда, ўқувчиларда шахс хислатларини ривожлантиришнинг энг самарали йўли - уларнинг ижодий фаолиятидир. Ўқитувчи ижодий фаолиятни биринчи навбатда шахснинг ақлий фаоллиги, янги билимларни тез ўзлаштириши, зеҳни ва ихтирочилиги, топширилган амалий вазифаларни бажариш учун маълумотларни тўплай олиши, масалаларни танлаш ва ечишдаги мустақиллиги, меҳнатсеварлиги каби хислатларни ривожлантиришга хизмат қилувчи жараён сифатида амалга ошириш лозим.
Ўқувчиларни ижодий фаолиятда зарур хислатларни ривожлантирилиши натижаси рефератлар, ҳисоботлар ва уларни асословчи дизайнерлик лойиҳалари орқали белгиланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |