7.3. Техник лойиҳалаш ва моделлаштириш учун керакли материаллар. Иш ўрни, деганда устахона майдонининг ўқув ишлаб чиқариш ва конструкторлик-технологик ишларни бажариши учун зарур ускуналар (верстак, станок), асбоблари ва мосламалар мақсадга энг мувофиқ ҳолда жойлаштирилган қисми тушунилади. Ишлаш вақтида ўқувчининг гавдаси энг қулай жойлашса ва ортиқча ҳаракатланмаса, бундай иш ўрни рационал ташкил қилинган ҳисобланади. Техник конструкциялаш ва моделлаштириш учун тегишли материаллар деталларнинг ҳамда йиғиш бирликларига таъсир этадиган кучларнинг характерини назарда тутган ҳолда танланади. Бунда материалларнинг тегишли луғатлардан топиш мумкин бўлган хоссаларини ҳам албатта ҳисобга олиш керак. Техник лойиҳалаш ва моделлаштиришда металлардан ташқари металмас материаллар ишлатилади. Моделлар ва техник қурилмаларни, ясашда ана шундай материаллардан ёғоч, қоғоз, пластмассалар кенг қўлланилади. Моделларнинг тозалигини, занглаш, чиришига чидамлигини ошириш, ташқи кўринишини яхшилаш учун уларга диққат билан ишлов берилади. Бунда локлар, бўёқлар ва бошқа материаллар билан пардозлаш кенг тус олган; чунки булар металл ва ёғоч юзаларидан ёриқларни, чуқурчаларни яхши беркитиб, уларни чиройли, рангдор ва ялтироқ қилади.
7.4. Техник лойиҳалаш ва моделлаштиришнинг ташкилий шакллари. Таълим жараёнининг энг муҳим компонентлари – унинг ташкилий шакллари.
Олий мактабда конструкциялаш - технологик масалаларни ҳал қилиш учун таълимнинг куйидаги шакллари энг самаралидир: техник конструкциялаш ва моделлаштириш бўйича амалий машғулотлар; бригада, индивидуал, звено шакллари ва уларнинг турлари бирлашмалари; ҳар хил ёшдаги талабалардан иборат бригада ва хоказолар.
Техник конструкциялаш ва моделлаштириш бўйича амалий машғулотлар, деганда ўқув-меҳнат фаолиятининг изчил ташкил этилиши тушунилади. Бу фаолият ҳам жамоа, ҳам индивидуал иш турларини ўз ичига олади ва бу ишлар педагог томонидан ташкил қилиниб, бунда талабаларнинг ўқув материалларини фаол, онгли ва мустаҳкам ўзлаштириши кўзда тутилди.
Техник конструкциялаш ва моделлаштиришда бир хил типдаги қурилмалар, моделлар ва макетларни тайёрлаш учун таълимнинг фронтал шаклидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Бунда педагог талабалар учун тегишли мураккабликдаги объектларни танлайди. У конструкциялаш бўйича таълимнинг фронтал шаклидан фойдаланишда бутун группани моделлаштиришнинг фақат битта объект билан шуғулланишга тайёрлайди ва бу тадбир уни тайёрлашга сарфланадиган вақтни, техник - технологик ҳужжатлар ҳажмини, бир хил типдаги асбоб ва мосламаларни, ўхшаш меҳнат усулларини кўрсатиш ва хоқазоларни анча камайтиради.
Талабалар бажараётган конструкторлик-технологик ишлар ўзининг мураккаблиги ва сермеҳнатлиги билан жамоа бўлиб, ишлашни тақозо қилса ҳам ҳамда бир-бирига яқин ва характери жиҳатдан ҳар хил бўлса, машғулотни ташкил этишнинг звено шаклидан фойдаланилади. Кўпинча бундай ҳолларда мураккаброқ битта объект билан 2-3 нафар ва бундан кўпроқ талаба шуғулланади.
Тайёрланадиган объектлар ўз мазмунига кўра бир хил ва характерига кўра ҳар хил бўлса, техник моделлаштириш конструкциялаш бўйича амалий машғулотни ташкил этишнинг индивидуал шаклидан фойдаланиш мақсадга мувофикдир. Бундай ҳолларда деярли ҳар бир талаба индивидуал топшириқни бажариши педагог учун муайян кийинчилик туғдиради. Чунки бундай машғулотларда кўпинча айрим талабаларга ёзма инструкциялар тайёрлашга ва улар ана шу инструкциялар бўйича янги мавзу материалини ўрганишларига тўғри келади.
Машғулотни ташкил этишнинг аралаш шаклидан моделлаштиришнинг ҳар хил объектларини бажаришда фойдаланилади. Шуларга кўра мактаб ўқув устахоналаридаги техник конструкциялаш ва моделлаштириш машғулотларининг ташкилий шаклларини дастурдаги ўрганилаётган мавзунинг мазмунига, объектларнинг характерига, педагогик ва ишлаб чиқариш талабларига қараб танланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |