1.1.3-расм
Ишлаб чиқаришдаги меҳнат ресурсларининг функционал гуруҳлари.
Ишлаб чиқариш корхонасида корхонанинг ишлаб чиқаришдан ташқари соҳаларида ишлаётганлар, болалар боғчалари, клублар, кўмакчи хўжаликлар, турар-жойларга хизмат кўрсатаётган ходимлар ҳам мавжуд бўлиб, уларни ишлаб чиқаришдан ташқари ходимлар гурухига киритилади. Улар корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнига боғлиқ бўлмаган ишларни бажарадилар.
Ривожланган мамлакатларда аллақачон «иқтисодий жиҳатдан фаол аҳоли» тушунчаси қарор топган. Халқаро стандартларга мувофиқ уларга меҳнат билан банд аҳоли ва иш қидираётган ишсизлар киради. Шунингдек, «фуқоролик жиҳатидан иқтисодий фаол аҳоли» тушунчаси ҳам тарқалган бўлиб, унга ҳарбий хизматчилар киритилмайди.
Шундай қилиб, «меҳнат ресурслари» ўз мазмунига кўра, «иқтисодий фаол аҳоли» тушунчасидан кенгроқдир. Иқтисодий фаол аҳолидан ташқари меҳнат ресурслари яна меҳнатга лаёқатли ёшдаги ўқувчиларни ҳам, шунингдек, ана шу ёшдаги уй бекалари ва мамлакатнинг қолган барча аҳолисини, яъни ишсиз бўлмаса ҳам, қандайдир сабабдарга кўра, мамлакат хўжалигида иш билан банд бўлмаган аҳолини ҳам ўз ичига олади.
Ҳозирда «ишчи кучи» тушунчаси кўп ишлатилсада, унинг чегараси аниқ белгиланмаган. Баъзан иш кучи деганда ҳам ҳақиқий ходимлар, ҳам потенциал ходимлар, яъни амалда ўша «меҳнат ресурслари»нинг ўзи тушунилади. Кўпинча бу тушунча тор маънода ходимларнинг умумий сонини англатади.
Бугунги кунда амалга оширилаётган модернизациялаш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик янгилаш меҳнат жараёни мазмунини ўзгартиришга, такомиллаштиришга мажбур қилади. У ишлаб чиқаришдаги меҳнат ресурсларидан фойдаланиш соҳасига катта талаблар қўймоқда. Ҳозирги вақтдаги меҳнат ресурслари юқори малакага эга бўлишлари, замонавий асбоб-ускуналарда ишлаш кўникмаларига эга бўлишлари талаб этилади. Шу билан биргаликда улар юқори меҳнат унумдорлигига эришиш билан биргаликда, меҳнат сифатини ошириб боришлари, рақобатбардошли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўя оладиган бўлишлари, рақобатбардош хизматларни кўрсата билишлари лозим. Акс холда, улар томонидан тамалга оширилган ишларнинг сифати пасаяди ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ва кўрсатилаётган хизматларнинг истеъмолчилари камайиб кетиши муқаррар. Улардаги меҳнат кўникмалари билан бир қаторда назарий билимлар ҳам тобора кўпроқ рол ўйнай бошлайди. Фан-техника тараққиёти натижасида ишлаб чиқаришдаги ходимлар касблари ва ихтисослари тобора мураккаблашиб боради. Улар турли русумдаги дастгохларда ишлар кўникмаларига эга бўлишлари, ахборот технологияларини яхши билишлари ва ишлаб чиқаришда улардан фойдаланишлари лозим. Шундагина меҳнат ресурслари самарали ишлай бошлайди.
Меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш масалаларини ўрганишда иқтисодиётни модернизациялаш даври ҳусусиятларини ҳам ҳисобга олиш лозимдир. Иқтисодиётни модернизациялаш шунчаки гап эмас. У мамлакат иқтисодиётини тубдан янгилаш, унинг барча соҳаларида ўзгартиришлар киритиш ва бунинг натижасида иқтисодиёт комплексининг самарали ишлашини амалга оширишдир. Бу мураккаб бўлган вазифани бажариш учун меҳнат ресурсларидан самарали равишда фойдаланиш лозим. Меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш учун эса, авваламбор уларни бошқариш зарур. Меҳнат ресурсларини бошқаришда, асосан улардан мақсадга мувофиқ фойдаланиш, уларни техника ва технология, моддий хом ашё ресурслари билан ўз вақтида таъминлаш, меҳнат ресурсларининг малакаларини ошириш каби ишларни амалга оширилади. Меҳнат ресурсларини бошқариш орқали уларга нисбатан таъсир кўрсатилади. Натижада, меҳнат ресурсларининг унумдорлиги ортиб боради ва ялпи ички маҳсулотга қўшадиган ҳиссалари ортиб боради.
Иқтисодиётни эркинлаштириш шароитида ишлаб чиқарилган маҳсулот ёки кўрсатилган хизмат рақобатбардошлилигини оширишнинг асосий йўлларидан бири – меҳнат ресурсларини ташкил этиш ва самарали тарзда бошқаришдир. Меҳнат ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш асосида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, меҳнат унумдорлигини ўстириш кундан-кунга катта аҳамиятга эга бўлиб бормоқда.
Ҳар қандай ишлаб чиқариш жараёни биринчи навбатда меҳнат жараёнидан иборатдир. Меҳнат жараёни меҳнат ресурсларининг меҳнатини, меҳнат буюмини ва меҳнат воситаларини ўз ичига олади. Меҳнат – кишиларнинг маълум бир мақсадга қаратилган онгли фаолияти бўлиб, бу фаолият натижасида улар табиатдаги мавжуд нарсаларни ўзгартириш, ўз эҳтиёжларига мослаштириш орқали моддий неъматлар ва маданий бойликлар яратадилар. Меҳнатнинг шу тариқа ифода топган табиати ҳар қандай кишилик жамиятида ҳам ишлаб чиқаришнинг асосий шарти бўлиб қолаверади. Чунки, меҳнатсиз моддий неъматлар яратилиши, ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш жараёнининг бўлиши мумкин эмас.
Меҳнат ресурсларининг меҳнати йўналтирилган табиатдаги барча нарсалар меҳнат буюми деб аталади. Кишилар ўз меҳнати буюмларига қандай воситалар билан таъсир кўрсатсалар, ана шунга меҳнат воситаси дейилади. Меҳнат воситалари орасида меҳнат қуроллари муҳим рол ўйнайди. Меҳнат буюмлари билан меҳнат воситалари биргаликда ишлаб чиқариш воситаларини ташкил этади. Аммо, ишлаб чиқариш воситалари ҳар қанча замонавий, ривожланган, такомиллашган бўлсада, ҳатто жахон андозалари талабларига тўла жавоб берсада, ўз ҳолича ҳаракатга келмайди. Улар фақат ишчи кучи, яъни инсоннинг меҳнат қобилияти билан бирлашгандан кейингина ҳаракатга келади, меҳнат жараёни амалга ошади, моддий неъматлар ишлаб чиқарилади ёки маълум хизматлар кўрсатилади. Демак, меҳнат жараёни, яъни моддий неъматлар ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатиш жараёнида меҳнат ресурсларининг бевосита меҳнати муҳим аҳамиятга эга. Меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланишга йўналтирилган бошқариш, ташкил этиш ва режалаштириш мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодиётни модернизациялаш, ишлаб чиқаришни техник ва технологик янгилаш шароитида янада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |