Психологиянинг аҳамияти
Бошқа фанларни ўрганиш каби, психологиянинг ўрганишни ҳам, аввало, билиш, маълумот олиш учун аҳамияти бор. Биз психологияни ўрганиб, воқеъликнинг ғоят катта ва сифат жиҳатдан ўзига хос соҳаси,- психик ҳаёт соҳаси ҳақида билим оламиз. Психика қандай келиб чиққан, ҳайвонот дунёсида психик ҳаёт формалари қандай тараққий этган, одам психикаси тарихан қандай ривожланган, ҳар бир одам туғилиш пайтидан тортиб унинг онги қайси шарт-шароитларга қараб тараққий этади, характер қандай вужудга келади, одамнинг қобилиятлари қандай шаклланади - психологнинг илмий тадқиқотлари ана шу саволларимизга жавоб беради.
Одам теварак-атрофдаги дунёни қандай идрок этади, у қандай эсида қолдиради, қандай эсга туширади ва фикр юритади, у қандай ҳисларни кўнглидан кечиради, одам теварак-атрофдаги дунёни ўз эҳтиёжларига мослаштириб, янги моддий ва маънавий бойликларни вужудга келтириб, қандай иш кўради - психологияни ўрганиш билан ана шу масалаларни билиб оламиз.
Психологияни ўрганиш одамни психика ҳақидаги ва психик ҳаётнинг хилма-хил ҳодисалари ҳақидаги билимлар билан бойитибгина қолмай, шу билан бирга одам ақлини ҳам ўстиришга ёрдам беради. Одам ақлини ўстириш, жумладан, янги билимлар ва кўникмаларни тезроқ эгаллаш, янги назарий ва амалий вазифаларни тўғри ҳал қилиш қобилиятини такомиллаштиришда, ўз фикрларини нутқда тўғри ифодалай билиш ва бошқаларнинг нутқини тўғри тушуна билишда ҳам ўз ифодасини топади. Албатта, ҳар бир фан билан шуғулланиш одамни камолга етказади. Аммо психология бу соҳада алоҳида ўрин тутади. Одам психологияни ўрганар экан, аввало ўз ақл-идрокини, унинг жараёнларини билиб олади, унга диққат-еътибор беради, ақлнинг фаолиятини кучайтирадиган шарт-шароитни билиб олади ва шу билан ўз ақл-идрокининг кўпроқ ўсишига ёрдам беради.
Психик ҳаёт ҳодисалари ҳақидаги илмий билимларни эгаллаш шахс дунёқарашини шаклланишида катта аҳамиятга эгадир.
Тушуниш кишилар онгидаги эскилик сарқитларига қарши курашда, жумладан, ҳар хил диний таассуб ва хурофотларга қарши курашда жуда кучли қурол бўлиб хизмат қилади.
Одам психологияни ўрганар экан, ўзидаги психик ҳаётни ва бошқа кишилар психикасини била оладиган бўлиб қолади. Бу билим эса бошқа кишиларни ва ўзини яхшироқ тушунишга имкон беради.
Психологиянинг билиш, маълумот олиш учун аҳамияти шулардан иборатдир.
Шу билан бирга психология (жумладан, психология методлари) кишилар амалий фаолиятининг ҳар хил турларида - таълим-тарбия, ишлаб чиқариш, меҳнат, медитсина, суд-ҳуқуқшунослик, ҳарбий-мудофаа, санъат ва бошқа соҳаларда ҳам катта аҳамиятга эгадир.
Педагогика ишида, яъни ёш авлодни ўқитиш ва тарбиялашда психологиянинг аҳамияти айниқса катта.
Педагог ўқувчиларга бирон материални тушунтирар экан шу материални болалар қандай ўзлаштираётганини – кўрувчилар қандай идрок этаётганини, эслаб қолаётганини, фикрлаётганини, уларда диққат – эътибор, ҳиссиёт қандай намоён бўлаётганини, болаларнинг ёш ҳусусиятларига қараб бу жараёнлар қандай рўй бераётганини билиш лозим.
Улуғ рус педагоги ва психологи К.Д.Ушинский: «Агар педагогика одамни ҳар жиҳатидан тарбияламоқчи бўлса, у олдин ўша одамни ҳам ҳар жиҳатидан билиб олиши керак». (К.Д.Ушинский, собрание сочинений, 8-том, РСФСР педагогика фанларининг академиясининг нашри, 1950, 23-бет)
Ўқувчини билиб олиш – шу ўқувчининг дарсларни ўзлаштириш даражасини билиш демакдир, шунингдек, ўқувчининг психик ҳусусиятларини билиш демакдир, унинг қобилият ва ҳаваслари қанақа эканлигини, унинг диққат – эътибори, ҳислари, иродаси, хотираси, тафаккури қандай зоҳир бўлишини билиш демакдир.
Таълим – тарбия ишида педагог болаларни билимдан баҳраманд қилиш, уларга кўникма ва малака бериш билангина кифояланиб қолмай, шунингдек, ўқувчилар шахсининг ҳамма томонларини, дунёқараши, характери, иродаси, қобилияти ва ҳавасларини такомиллаштириши лозим. Бунинг учун эса психиканинг айрим томонлари қандай шароитда ва қайси педагогик усуллар ёрдами билан ўзлаштиришини ва такомиллашувини билмоқ керак.
Ҳар бир педагог – ўқитувчи, тарбиячи, маориф ишининг раҳбари – психологияни нима учун билиши кераклиги юқорида айтилганлардан равшан кўриниб турибди.
Ҳозирги пайтда ишлаб чиқариш, ишлаб чиқариш таълими ва меҳнатни ташкил этишнинг ҳар хил турларида психологиядан кенг фойдаланилмоқда.
Ишнинг ҳар бир тури, ҳар бир касб одамдан тегишли билим ва маҳорат талаб қилиш билан бирга маҳсус психологик сифатларни ҳам талаб қилади. Шу сабабли, ихтисосга қараб мураккаб ва маъсулиятли меҳнат оператсияларини бажаришга тўғри келадиган кишилар маҳсус психологик текширишдан ўтказилади. Масалан, дастлабки космонавтларни танлашда талабгорлар хотираси жуда яхши, фаҳми ўткир, диққатини бир нарсадан иккинчи нарсага тез кўчира оладиган, аниқ уйғун ҳаракатларни тез бажара оладиган кишиларни ажратиб олиш мақсадида текшириб кўрилди.
Корхоналар ва бошқа хўжалик, маданий ва маъмурий муассасаларининг ҳамда ташкилотларнинг раҳбарлари кадрларни танлай билиши, уларни жой – жойига қўя билиши, уларга раҳбарлик қила олиши керак. Бунинг учун эса уларнинг қобилиятлари, характери, меҳнатга муносабати ва бошқа шу кабиларнинг фарқига бора билиши керак.
Психология медитсина билан қадимдан боғланиб келади. Касалликлар орасида психик касалликлар бўлади.
Бундай касалликларни ҳам, асосан, психологик воситалар билан даволашга тўғри келади. Врач психик касалликларни яхшироқ ажрата билмоқ учун одамнинг нормал психологиясини ҳам билиш керак. Бошқа касалликларни, айниқса, нерв касалликларини даволашда ҳам врач беморнинг руҳий ҳолатини била олиши ва касалликнинг боришига руҳий ҳолатнинг таъсирини назарда тутиши лозим. Врач беморга психик таъсир кўрсатиш воситаларини, ишонтириш, маслаҳат бериш ва бошқа шу кабиларининг аҳамиятини билиш керак.
Психология суд ишида ҳам муҳим рол ўйнайди. Суд ходими айбланувчининг руҳий ҳолатини, гувоҳларнинг сўроқда айтган гапларини психологик жиҳатидан таҳлил қила билиши керак. Кишилар бирон айб, жиноят қилганларида нима ният билан шундай қилганликларини суд ходими фаҳмлай билиши керак. Айбдорларнинг индивидуал ҳусусиятларини ҳам билиб олишга тўғри келади. Буларнинг ҳаммасида усталик билан иш кўрмоқ учун одамнинг психикасини билиш, психологияни ўрганиш керак.
Психологиянинг санъатдаги аҳамиятини ҳам кўрсатиб ўтмоқ керак. Ҳар бир санъаткор (артист, музикант, рассом ва шунга ўхшашлар) кишиларга – томошабинларга, тингловчиларга ўз ижоди билан таъсир кўрсатишни мақсад қилиб қўяди. Бунинг учун эса одамнинг қандай идрок қилишини, қандай фикрлашини ва қандай ҳис қилишини билмоқ керак. Санъат арбоби образ яратиш устида ишлайди, шу образнинг бирор бадиий восита билан гавдалантиради. Бунинг учун санъаткор образни қандай элементлардан қай тариқа яратилишини билиши керак. У ижодий фаолият психологиясини билиши шарт.
Психологияни билиш кундалик турмуш учун ҳам фойдали. Ҳар ким доимо бошқа кишилар ўртасида бўлади, муайян муносабатлар – таниш-билишлик, ошна-дўстлик ва бошқа шу кабилар туфайли бошқа кишилар билан алоқа қилади. Ҳар биримизга бошқа кишиларнинг характер, ҳавас, кайфиятларини билиб олишга, кишиларнинг бир-бирини ажратишга ва уларга таъсир кўрсатишга тўғри келади.
Бу ерда шуни айтиш керакки, одамзод фаолиятининг турли соҳаларида психологик билимларнинг амалда қўлланиш психик ҳаёт ҳодисалари, уни қонуниятлари, ҳақидаги билимларини кенгайтириш, чуқурлаштириш ва ойдинлаштириш учун ҳам кўп материал беради ва шу билан психологияни назарий соҳаларини бойитади.
Психологиянинг илмий билиш ва амалий аҳамияти шундан ҳам кўринадики, психологиянинг тарихий тараққиётида унда бир қанча маҳсус тармоқлар ажралиб чиқди. Психологиянинг бу тармоқлари ҳозирги вақтда мустақил фанлар даражасига кўтарилди.
Психологиянинг шу тармоқларидан бир қисми кўпроқ назарий характерда бўлса, иккинчиси кўпроқ амалий характердадир.
Психологиянинг айрим тармоқлари шулардан иборат: умумий психология, ёш психологияси (жумладан, болалар психологияси) педагогик психология, меҳнат психологияси, ҳарбий психология, санъат психологияси, спорт психологияси, суд психологияси, медитсина психологияси, психопотология.
Шу психология фанларидан ҳар бирининг ўзига алоҳида текшириш объекти, ўз вазифалари бор ва ҳар бири ўзининг текшириш методларидан фойдаланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |