Одамнинг психик ҳаёти организм ҳаракатларида ўз ифодасини топади, шу ҳаракатлар йиғиндиси эса хулқ-атвор деб аталади.
Одам психикасининг барча томонлари, инсон хулқ-атворининг турли-туман ҳамма ҳусусиятлари асосан фаолиятида намоён бўлади. Одам фаолиятининг асосий турлари: ўйин (болалик даврида), таълим ва меҳнатдир. Фаолиятнинг барча турларида одам ўз атрофидаги воқеъликнинг идрок этади, бир нимани эслаб қолади ёки эсига туширади, фикрлайди, ҳар-хил ҳисларни кўнглидан кечиради, ўз фаоллигини намоён қилади.
Бу ерда кўрсатилган хилма-хил психик ҳодисалар бир-биридан ажралган ҳолда содир бўлмайди.
Шу тариқа, психик ҳолатлар ва психик маҳсуллар психик жараёнлар билан чамбарчас боғланган бўлиб, одатда шу жараёнлар таркибига киради.
Психик ҳолатлар рўй берадиган психик жараёнларнинг ўзига хос фони ҳисобланади. Бу ҳолатлар психик жараёнларга таъсир этади, уларни тезлатади, кучайтиради ёки тормозлайди, сусайтиради.
Мустаҳкамланган психик маҳсуллар мураккаброқ жараёнларнинг рўй бериши учун асос - материал ҳисобланади. Масалан, хаёл, тафаккур жараёнлари тасаввур ва хотира асосида воқеъ бўлади ва ҳоказо.
Худди шунингдек, айрим ақлий, эмотсианал ва иродавий жараёнлар бир-бири билан боғланмаган ҳолда рўй бермайди. Одамнинг психик ҳаётини қандайдир бирламчи элементларининг ёки айрим психик жараёнларнинг, яъни сезги, идрок, хотира, хаёл, тафаккур, нутқ ва шу кабиларнинг анчайин йиғиндиси деб ўйлаш ярамайди. Ҳар бир психик протсесс бошқа жараёнлар билан чамбарчас боғланган ҳолда содир бўлади. Масалан, сезгисиз идрок этиб бўлмайди, идрок эса хотира, тафаккур жараёнларига, нутқ, диққат, ҳиссиёт ва иродага боғлиқ бўлади. Хотира ва хаёл жараёнлари тафаккур, нутқ, ҳиссиёт ва ирода жараёнларига боғлиқ. Тафаккур идрок билан хотира асосида рўй беради ва нутқ билан чамбарчас боғланган бўлади. Нутқнинг ўзи ҳам тафаккурсиз бўла олмайди.
Психик ҳаётни ўрганишда айрим психик жараёнларни бошқа психик жараёнлардан ажратиб текширишга тўғри келади. Ўрганишни осонлаштирмоқ учун сезги, идрок, хотира, хаёл, тафаккур, нутқ ва бошқа шу каби жараёнларни алоҳида-алоҳида текширамиз. Аммо ҳар бир психик протсессни ўрганганда шу протсесснинг, масалан, хотира, хаёл, тафаккурнинг бошқа жараёнлар билан боғланган ҳолда рўй беришини кўрсатиб ўтамиз.
Психика бир бутун яхлит бир нарсадир. Психиканинг бу бирлиги ва яхлитлигига сабаб аввало шуки, бош мия фаолияти бир бутун ва яхлитдир.
Психик ҳаётнинг ҳамма томонлари: ақл, ҳис ва ирода шахснинг фаолиятда намоён бўлади. Шахс оламни билади, шахс турли ҳисларни дилдан кечиради ва шу шахс иш-ҳаракат қилади.
Психик фаолиятнинг барча айрим турлари ягона онг функтсияси-шахснинг функтсиясидир.
Психологлар кўпчилиги психик функтсиялар терминини ўрнига психик жараёнлар терминини ишлатади.
Аммо психик функтсиялар терминидан фойдаланган маъқулроқ. Функтсия тушунчасининг мазмуни кенгроқ. Бу тушунча психик протсессни ҳам, психик ҳолатни ҳам, фаолликни ҳам, иш-ҳаракатини ҳам ўз ичига олади. Функтсия қандай бўлмасин яхлит бир нарсанинг қисми эмас, балки намоён бўлиши, амал қилиши демакдир. Шунинг учун сезги, идрок, хотира, хаёл, тафаккур, нутқ, диққат, ҳислар, ирода – психика қисмлари эмас, ўзаро ёнма-ён рўй берувчи жараёнлар эмас, балки бир бутун онгнинг функтсиялари – бир бутун шахснинг функтсияларидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |