Бу босқичлар қуйидагилар: Психологга расмий илтимос;
Психологик муаммони аниқлаш;
Тадқиқот методини танлаш;
Психологик диагноз қўйиш;
Амалий тавсиялар.
Психологнинг расмий илтимосга жавоб тарзидаги ишини биринчи нуқтаи назар сифатида психологнинг ёки бу тарбияси қийин ўқувчига нибатан ўқитувчининг маълум ижтимоий талабига жавобини кўрсатиш мумкин. Бу ҳолда ўқувчига «тарбияси қийин» ташхиси ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, вояга етмаганлар иши бўйича назорат ходимлари томонидан қўйилган бўлади. Психологнинг вазифаси − қийинчиликларнинг сабабларини аниқлаш ва уларга мос тузатиш методларини топишдан иборат.
Психопрофилактик иш − амалиётчи психологнинг энг кам ишланган фаолият турларидан бири ҳисобланади. Психопрофилактика муаммолари кўпроқ америка адабиётларида акс этган.
Психопрофилактикада уч босқич ажратиб кўрсатилади: Биринчи босқич − дастлабки профилактика деб аталади. Бу босқичда психолог соғ болалар билан ишлайди ёки мактабдаги барча ўқувчиларни қамраб олади. Кўпчилик муаллифларнинг таъкидлашича, мактаб психик соғлиқ профилактикаси учун қулай ҳисобланади. Улар мактаб психологларини дастлабки профилактикани ўтказадиган мутахассислар деб тан оладилар.
Иккинчи босқич − профилактика муаммолари мавжуд болаларга қаратилади. Унинг мақсади − ўқишдаги ва хулқ-атвордаги қийинчиликларни иложи борича эрта аниқлаб, уларни йўқотишдан иборатдир. Иккинчи босқичда ота-оналар ва ўқитувчиларга маслаҳатни ҳам ўз ичига олади (боланинг ўқиши ўзгариши учун таълим услубини ўзгартириш).
Учинчи босқич − психолог ўқишдаги ва хулқ-атвордаги яққол кўриниб турадиган муаммолари бор болаларга ўз диққатини қаратади. Профилактиканинг дастлабки мақсади − жиддий психологик қийинчиликларни ва муаммоларни йўқотиш ва тузатишдан иборат. Психолог олдига келган бола билан алоҳида ишлайди. Мактаб психологининг асосий кучи учинчи босқичга, яъни «тарбияси қийин» болаларга қаратилади ва ўқувчиларнинг асосий қисми психолог эътиборидан четда қолиб кетади.
Ҳозирги америка психологлари мактаблардаги психологик хизматни психик соғлик хизмати сифатида фаолият кўрсатишнинг тарафдори бўлиб чиқмоқдалар.
Психопрофилактика амалиётчи психолог фаолиятининг махсус тури бўлиб, мактабдаги барча ўқувчилар учун шарт-шароитларни яратишдан иборат.
Шундай қилиб, психолог профилактик ишининг асосий вазифалари қуйидагилар: Ҳар бир ёш босқичида инсоннинг шахс сифатида шаклланиши, ақлан баркамолликни таъминлашнинг оқилона шарт-шароитларини яратиш;
Шахс камолоти ва интеллектуал тараққиёти бўсағасида вужудга келиши мумкин бўлган психологик нуқсонлар ва бузилишларни ўз вақтини олдини олиш ҳисобланади.
Таълим-тарбия жараёнида ўқувчиларга индивидуал ёндашув зарурлиги ҳамма томонидан тан олинган, лекин ундан амалда фойдаланиш асосан иш эмас. Бунга мактабда ўқитувчиларнинг бола ҳақида кўп гапиришлари далил бўлади. Чунки мактабда ўқувчининг қобилиятлари, шахснинг асосий хислатлари ҳақида чуқур ва ҳар томонлама маълумот берадиган мутахассис йўқ.
Таълим-тарбиядаги индивидуал ёндашув, болани бошқалардан ажратиб индивидуал ўқитишни билдирмайди, балки шахснинг у ёки бу хислатларининг шаклланишида махсус шароитларни ҳисобга олиш, ҳар бир ўқувчининг индивидуал психологик хусусиятларини илмий асосда тушунишни англатади.
Психологияда шахснинг индивидуал хусусиятлари деганда бир шахсни иккинчи шахсдан фарқлайдиган хусусиятлар тушунилади.
Бундай диагностик ишининг асосий мақсади − ўқувчи психик тараққиётининг умумий ҳолатини билишдан иборат. Бундай кўп қиррали ва тўлиқ диагностика натижалари психолог учун ҳам, ота-оналар, ўқувчилар учун ҳам «тарбияси қийин» бола билан олиб бориладиган тузатиш ва ривожлантириш ишларининг йўлларини аниқлаш имконини беради. Бу усул ютуқлар билан бирга, камчиликларга ҳам эга.
Биринчидан, бу усулни қўллаш жуда кўп вақтни олганлиги учун, уни амалга оширишнинг ҳар доим ҳам иложи бўлмайди. Бу усул кўп вақтни талаб қилганлиги учун фақатгина психолог эмас, «тарбияси қийин» ўқувчи ҳам чарчайди, текширувда иштирок этишдан бош тортади, топшириқларни ўзи сезмаган ҳолда номига бажаради. Тажрибадан маълум бўлишича, айниқса оғзаки методикалар қанчалик тўлиқ бўлмасин, қийинчилик туғдиради. Бундан ташқари бундай методиклар шахсни тўлиқ характерлаш учун етарли бўлмайди.
Расмий илтимосга қандай муносабатда бўлиш керак? Коллеж психологи жавоб берадиган биринчи савол мана шу. Расмий илтимосга икки хил муносабат, икки хилма-хил иш услуби мавжуд.
Биринчиси, расмий илтимосга ўзига хос бўлмаган жавоб қайтаришдир. Бу икки усул билан амалга оширилади.
Биринчидан, расмий талабга жавоб тарзида унинг мазмунига боғлиқ бўлмаган ҳолда психодиагностик методлар тўплами қўлланилади.
Иккинчидан, расмий талабга ўзига хос жавоб қайтаришнинг усули бўлиб, машҳур америкалик психолог К.Роджерс психология фани ва амалиётига киритган психологик иш тўғри ҳисобланади. Унинг фикрича, «тарбияси қийин» бола билан ишлаш учун, расмий талабнинг мазмуни қийинчиликлар сабабларини тушунишга тенг, лекин бу муҳим аҳамиятга эга эмас. Бола шахсини ривожлантирадиган шундай шароит яратиш керакки, бу шароит уни хулқ-атворнинг салбий шаклларидан воз кечишга ва янги ижобий шаклларини яратишга мажбур қилсин.
Расмий илтимосга ўзига хос бўлмаган жавоб қайтаришга тескари услуб – бу расмий талабга қатъий мос тушадиган диагностик методикаларни танлашдан иборат: Масалан: ёмон ўзлаштириш ҳақида шикоят тушганда, биринчи навбатда билиш жараёнларининг тараққиёти таҳлил қилинади. Бундай диагностика ўзлаштирмаслик сабабларини аниқлай олмасагина, бошқа кўрсаткичлар қаралади. Диагностика натижаларига мос равишда, кўпинча тренинг турида амалга ошириладиган тузатиш ишлари олиб борилади.