Социал ўрганишлар назарияси. Кейинги даврда классик бихевиоризм ривожланиб, янги социал-когнитив йўналиш шаклланди. Унинг вакиллари Алберт Бандура ва Джулиан Роттердир. Уларнинг ёндашувига кўра инсоннинг хулқ-авторига атроф-муҳит таъсир кўрсатади. Ўз навбатида инсон ҳам социал атроф муҳитни шаклланишига фаол таъсир кўрсатади. Ўрганишларнинг юз бериши фақат тўғридан тўғри ва ташқи қўллаб-қувватлашда эмас, хулқ-атвор кузатишлар ва намуналар асосида шаклланади.
Дж.Роттер социал хулқ-атворни қуйидаги тушунчалар орқали ифодалайди:
Инсоннинг хулқ-атворига унинг кутилмаси, субъектив эҳтимоллари, яъни инсоннинг фикрича маълум вазиятларда у ёки бу хулқ-атворни юз бергандан кейин маълум мустаҳкамлаш бўлади, деган фикрига кўра таъсир кўрсатади.
Инсоннинг хулқ-атворига инсон учун аҳамиятли бўлган мустаҳкамлаш (чет таъсирлар), қадриятлар таъсир кўрсатади.
Инсоннинг хулқ-атворига унинг шахс типи, унинг локус назорати таъсир кўрсатади.
Шунингдек, Дж.Роттернинг таъкидлашича, хулқий потенциал “техник мавжуд” бўлган бешта асосий реакциялар блокини ўзига қамраб олади:
Муваффақиятга эришганликка йўналтирилган, натижада социал эътироф этишни асослашга хизмат қиладиган хулқий реакциялар.
Ижтимоий меъёрлар, бошқа инсонларнинг талабларига мослашиш билан боғлиқ адаптацияни таъминловчи хулқий реакциялар.
Айни дамдаги вазиятнинг таъсирида фойдаланиладиган ҳимояловчи хулқ-атвор реакциялари.
“Зўриқиш майдонидан чиқиш”, қочиш, дам олишга йўналган қочиш техникасини ифодаловчи хулқ-атвор реакциялари.
Агрессив хулқ-атвор реакциялари − бошқаларнинг танқиди, кинояси, пичинги, қизиқиш ва манфаатларига зид ҳаракатига нисбатан жисмоний агрессиянинг намоён бўлиши.
Дж.Роттер сингари А.Бандура ҳам шахс муаммосига ўзига хос ёндашувларини тақдим эта олди. А.Бандура бихевиоризмнинг SR схемасига ўзининг тўрта оралиқ реакциясини киритди:
Тақлид учун ҳаракат намунасига боланинг эътибори. Аниқлик, фарқланувчанлик, эмоционал жозибадорлик, функционал аҳамиятга эгалик намунага қўйиладиган талаблардир.
Намуна, хулқ-атвор модели таъсири ҳақидаги маълумотларни сақловчи хотира.
Боланинг тақлид намунасини идрок қилиши учун сенсор имкониятлар ва ҳаракат кўникмаларига эга бўлиши.
Боланинг тақлид моделини бажариши учун хоҳиш-истакларини белгиловчи мотивация.
Бола илк даврларидаги унинг шахсий муваффақиятлари ўзининг бошқалар кутаётгандек тутишига тайёрлигига боғлиқ. У ота-онаси кутаётгандек ва унга қониқиш келтирадиган ҳаракатларни амалга ошириб бошлайди ва бошқаларникидек ҳаракатланишни бошлайди.
Бандура тақдим этган социал когнитив назарияга кўра ташқи ва социал муҳит инсоннинг хулқ-атворига таъсир кўрсатади, у инсон фаолиятининг маҳсули саналади. Демак, инсон ўзининг хулқ-атвори туфайли атроф оламни ўзгартиради, ўзининг муҳитига ва шахсий хулқ-атворига таъсир кўрсатади. Инсон ўзининг хулқ-атвори оқибатларини кўра олади, олдиндан кутилиши мумкин бўлган хавф-хатарнинг олдини олишга ҳаракат қилади ва бўлғуси натижаларни тимсолини ҳосил қилади.
Юқоридаги мулоҳазалардан кўринадики классик бихевиоризм, уларнинг замонавий издошлари – социал когнитив назария вакиллари шахс муаммосига нисбатан ёндашулари билан бошқа шахс назарияларидан ўзларининг ғояларидаги методологик масалалар ва тадқиқот методлари билан фарқ қиладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |