18.2. Сезги турлари
Энди сезгилар классификацияси, моҳияти ва унинг негизлари юзасидан кенгроқ мулоҳаза билдирамиз.
А.Р.Луриянинг фикрича, интерорецептив сезгилар асл, туб маънодаги сезгилар эмас, балки эмоциялар билан сезгилар ўртасидаги оралиқ сезгилар сифатида намоён бўлади. Психология фанида мазкур сезгиларнинг субъектив равишда пайдо бўлиши етарли даражада чуқур ўрганилмаган, худди шу боис улар «номаълум ҳислар» доирасига киритилгандир. Улар тўғрисидаги билимлар билан танишиш, ўзгариб боришларини текшириш «касалликларнинг ички манзараси»ни ифодалаб беришда муҳим роль ўйнаши мумкин. Ички органларнинг хасталигида вужудга келувчи мазкур ҳолатлар ички касалликларни диагностика қилишда алоҳида аҳамият касб этиши турган гап (А.Р.Лурия тадқиқотларидан).
Бундай хусусиятли ихтиёрсиз сезгилар инсонда жуда эрта уйғонади, шунинг билан бирга уларнинг ифодаланиши ўзига хос шаклларга эгадир. Чунончи, улар «олдиндан ҳис қилиш» тариқасида пайдо бўлиб, ҳатто инсон уларни таърифлаб бериш имкониятига қодир эмас, кўпинча ушбу кечинмалар туш кўришда қайсидир касаллик ҳуруж қилаётганлигидан дарак берувчанлик вазифасини ўтмайди, холос.
Улар инсоннинг кайфиятида, эмоционал реакциялари ўзгаришида кўзга ташланади, болада эса ҳатти-ҳаракатнинг кескин ўзгаришига сабаб бўлади. Чунки, бола ўз тана аъзоларидаги ички ҳолатларнинг ўзгаришини англаш, сезиш, ҳис қилиш ўқувига эга эмас, худди шу туфайли ундаги ҳатти-ҳаракатнинг умумий ўзгариши белгиларидан буни сезиш мумкин. Бу ҳодисаларнинг ёрқин мисоли сифатида қуйидаги воқеликни таҳлил қиламиз: бола ўз ички интерорецептив сезгиларини намойиш қилиш мақсадида «касал» бўлиб қолган қўғирчоғини парвариш қила бошлайди.
Интерорецептив сезгиларнинг объектив аҳамияти жуда юқори, чунки улар ички жараёнларни ўзаро ўрин алмаштириш балансини таъминлаб туришнинг асоси ҳисобланади. Бошқача сўз билан айтганда, улар организмлардаги жараёнларни ўзаро ўрин алмашиб туришининг гемостази (барқарорлиги) деб аталади. Ичдан пайдо бўладиган сигналлар ҳатти-ҳаракатни вужудга келтиради, стресс, зўриқиш, аффект ҳолатларини йўқотиш (бартараф қилиш, пасайтириш), туғилиб келаётган майлларни эса қониқтиришга йўналтирилган бўлади. Оқибат натижада, ички тана аъзоларининг фаолиятини издан чиқиш ҳолати юз бериши мумкин. Худди шу сабабдан тиббиёт психологиясида интерорецептив сезгилар ҳам муҳим роль ўйнайди. Соматик ва висперал жараёнлар, руҳий ҳолатлар (психосоматика) ўртасидаги муносабатларни ўрганиш имконини яратади.
Интериорецептив сезгиларнинг физиологик механизмлари интериорецепция билан биргаликда К.М.Биков, В.Н.Черниговскийлар томонидан атрофлича ўрганилган. Бу нарсаларнинг барчаси шартли рефлектор фаолияти механизмларидан келиб чиққан ҳолда шарҳлаб берилган.
Проприорецептив сезгилар тана двигатель аппаратининг ва гавданинг фазодаги ҳолати тўғрисида сигналлар билан таъминлаб туради. Улар инсон ҳаракатининг регуляторини ва афферент асосини ташкил қиладилар.
Периферик рецепторлар мускулларда, пайларда ва бўғимларда жойлашган бўлиб, махсус таначалари шаклига эгадирлар. Мазкур таначалар Пуччини таначалари деб аталади.
Таначаларда вужудга келувчи қўзғатувчилар мускулларининг таранглашуви натижасида ва бўғимлар ҳолатининг ўзгаришида, нерв толалари (иплари) ёрдамида орқа миянинг орқа устунидаги (столбасидаги) оқ суюқликларга етказилади. Қўзғовчилар Бурдах ва Голл ядросининг қуйи бўлимларига етиб келади ва ундан пўстости тугунларидан ўтиб, бош мия катта ярим шарининг қоронғилашган зонаси-да ўз ҳаракатини якунлайди.
Проприорецепторлар ҳаракатининг афферент асоси эканлиги А.А.Орбели, П.К.Анохин (ҳайвонларда), Н.А.Бернштейн (одамларда) томонидан ўрганилган.
Психологик маълумотларга кўра, гавданинг фазодаги ҳолати сез-гирлиги статик сезгиларда ўз ифодасини топади. Унинг маркази ички қулоқ каналларида жойлашган бўлиб, ўзаро бир-бирига перпендикуляр бўшликда туташ ҳолатда ётади. Масалан, бош ҳолатининг ўзгариши қуйидаги схемага биноан амалга ошади:
а) ўзгариш эндолимфа суюқлигига боғлиқ қўзғалиш; б) эшитиш нерви;
в) вестибулятор нерв; г) бош мия пўстининг чакка бўлмаси; д) мия аппаратига ўтади.
Вестибулятор сезгирлик аппарати қуриш билан бевосита алоқада бўлиб, фазони ориентирлаш жараёнида иштирок этади. Масалан, автомобилнинг йўлдан ўтиши (қатнови), қалин ўрмонни кесиб ўтиш пайти ва ҳоказо. Худди шундай ҳолат учишда ҳам юзага келиши мумкин. Патология ҳолатида ҳам худди шундай жараёнга дуч келинади.
Экстрорецептив сезгилар моддаликдан (5 тадан) ташқари интермодаль носпецифик сезги туркумларига ҳам ажратилади. Масалан, эшитиш органи (аъзоси) орқали сониясига 10-15 тебранишни сезиш мумкин, лекин қулоқ билан эмас, балки суяклар ёрдамида (мия қопқоғи, тирсак, тизза учлари орқали) пайқаш – вибрация сезгирлик дейилади. Масалан, карларнинг товушларнинг идрок қилиши, пианинони ушлаб туриш, пол ёки мебелнинг ҳаракати кабилар. Одатда, вибрацион сезгирлик интермодаль сезги деб ҳам номланади. Интермодалнинг бошқа бир кўриниши мана бундай ҳолатда намоён бўлади:
а) ҳид, таъм ва маза сезгиларида; б) ўта кучли товушда, ўта ёрқин ёруғликда;
в) тричеминал, яъни уч хил таъсирнинг уйғунлашган, интегратив ҳолатида кабилар.
Сезгининг носпецифик шакли – терининг фото сезгирлиги рангларнинг нозик жилоларини ажратиш, қўл учлари билан сезиш орқали рўёбга чиқади. Терининг фото сезгирлиги А. Н. Леонтьев томонидан кашф қилинган бўлиб, бу нарса кўпгина ҳолатларга оқилона ёндашиш имкониятини вужудга келтиради. Ушбу кашфиёт қўл учига яшил ва қизил рангли ёруғлик юбориш орқали дунё юзини кўрган. Ранг сигналларининг оғриқ қўзғатувчилар билан муносабати қиёсий жиҳатдан олиб борилганда, инсонни фаол мўлжаллаш (ориентирлаш) жараёнида унинг қўл учи терисига келиб тушадиган ранг нурларини фарклашга ўргатиш мумкин экан.
Do'stlaringiz bilan baham: |