VI . ДЎСТ БИЛАН ОБОД УЙИНГ
БОРУ-БАХТИМ, СИЗ ДЎСТЛАРИМ!
Ш.Баротов
Дунёда ҳақиқий дўсти йўқ одамлардан қочинглар, деган ривоятда маълум маънодаги ҳақиқатлар бўлса керак. Ҳақиқат шундаки, дўсти (албатта том маънода ҳақиқий дўсти) бўлмаган одам ҳаётда ҳам жамиятда ҳам яккаланиб қолади, юрган йўлида маёқ, қилган ишида барака бўлмайди. Чунки, ул дўстки, унга ҳар қандай ҳолатда тўғри йўлни кўрсатишга, хулқ-атворидаги айрим камчиликларни тузатишга, аччиқ бўлсада унинг фаолияти билан боғлиқ ҳақиқатларни рўй-рост айтиб, ундан фойдали хулосалар чиқаришга ундайди. Ул дўстки, дўсти бошига тушган ҳар қандай муаммони ечишга тайёр, дўсти бошига ҳар қандай кулфатдан қайғура олади ва доим ёнида бўлади. Ҳар қандай қувончли кунларида эса унданда кўпроқ қувонади, унга ҳасад билан эмас, ҳавас билан қарайди, дўстини чин дилдан ҳурмат қилади ва унинг учун керак бўлса жонини беришга тайёр туради.
Менинг бахтим шундаки, дўстларим жуда кўп, уларни санаб адоғига етолмаслигим мумкин. Лекин уларнинг ичида мен алоҳида ҳурмат қиладиган дўстларим ҳам талайгина. Уларнинг бирини айтсам, бири қолиб кетиши мумкин. Бошқа дўстларимни ҳам хафа қилмаган ҳолда ҳақиқий дўстларимнинг баъзилари ҳақида айрим хотираларни келтиришим мумкин.
Боғча ва мактабдан бошлаб мана ярим асрдан ортиқ вақт давомида мен билан елкама- елка туриб иссиқда ҳам, совуқда ҳам, яхши кунларда ҳам ёмон кунларда ҳам, муваффақиятлар ёки мувафаққиятсизликларда ҳам умуман ҳаётнинг аччиқ – чучук барча синовларида бирдек ўзгармасдан, менга ҳамиша далда бўлиб келаётган ёшликдаги дўстларим ҳақида биринчи бўлиб гапирмасам бўлмайди албатта. Чунки улар билан ярим асрлик яхшигина хотиралар, хайрли ишлар, саодатли орзулар ҳамиша менга ҳамрохлик қилмоқда. Масалан, дўстим Муҳиддин Рашидовдаги қатъийлик, садоқатлилик, дўст учун керак бўлса жонини ҳам аямаслик, ҳар қандай ҳолатда ҳам дўст тарафида туриб уни ҳимоя қилишлик каби сифатларни, шунингдек, Баҳром Ёдгоров, Комил Гадоев, Жўра Сафаров, Олимжон Умаров каби дўстларимдаги оддийлик, самимийлилик, дўст тақдирига алохида эътибор билан қараш, дўст қувончидан қувониш ва дўстга ҳамиша эътиқодли бўлиш каби 50 йилдан бери ўзини намоён қилиб келаётган мазкур фазилатларини жуда ҳурмат қиламан ва адекват тарзда шунга лойиқ бўлишга ҳаракат қиламан. Албатта, қарс икки қўлдан чиқади дейдилар. Шу боис аминманки, бизнинг бундай ёшликдаги беғубор дўстлигимиз яна камида 50 йил давом этади. Қолаверса, бу дўстликнинг теран илдизларидан фарзандлар, набиралар баҳраманд бўлиб, уни янада гуллатиб яшнатсалар ажаб эмас.
Касбдошларим орасида ҳам дўстларим жуда кўп деб ўйлайман. Яна жуда кўплаб менинг кўнглимга жуда яқин дўстларим,тенгдошларим, ҳамкасбларим, шогирдларимдан ниҳоятда миннатдорман. Уларга ҳамиша соғлиқ – саломатлик, юксак зафарлар тилайман.
Чунки, мен уларни кўрганда, ёки улар мени кўрганда қалбларимизда фақат ва фақат соғинч ҳиссига қўшилиб энг яхши эзгу туйғулар бизни чулғаб олаверади. Бунга ҳеч қачон кўз тегмасин. Сўзларимни “Дўстларимга” номли шеърим яна бир бор исботласа ажаб эмас.
Дўстларимга
Ҳаётимга нур бўлолган
Бахтимга шуур бўлолган
Тоғ қадар ғурур бўлолган
Бору-бахтим Сиз дўстларим
Тожу – тахтим Сиз дўстларим.
***
Қайда бўлсам бордурсизлар
Кўнглимда баҳордурсизлар
Зафарларга ёрдурсизлар
Бору –бахтим сиз дўстларим
Тожу –тахтим сиз дўстларим.
***
Кўзингизда маънолар бор
Садоқатдан наволар бор
Қалбингизда наволар бор
Бору-бахтим сиз дўстларим
Тожу-тахтим сиз дўстларим.
***
Мен сизни асраб яшайман
Қалбимга ўраб яшайман
Сиз борсиз яйраб яшайман
Бору-бахтим сиз дўстларим
Тожу –тахтим сиз дўстларим.
***
Бахтимга сиз бор бўлингиз
Доим бахтиёр бўлингиз
Ёнимда сардор бўлингиз
Бору-бахтим сиз дўстларим
Тожу-тахтим сиз дўстларим.
Do'stlaringiz bilan baham: |