НУР ВА НУРАФШОНЛИК
Т.Р.Чориев,
БухДУ доценти, филология фанлари номзоди, Педагогика факультети маънавий-маърифий ишлар бўйича декан ўринбосари
Ўзбекистон психологияси тарихида “Psixologiya” журнали ташкил этилиши Бухоро давлат университетига насиб қилгани тасодиф эмас. Буни журналнинг илк сонидаги эътирофлардан бири психология фанлари доктори, профессор Ғ.Шоумаров иқроридан ҳам билиш мумкин. У шундай ёзади: “Биринчидан, нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон психологияси фанига тамал тошини қўйган буюк зотлардан бири, дунёда тан олинган ватандошимиз Абу Али ибн Сино ушбу заминда таваллуд топган. Унинг психологияга оид асарлари ҳали олимлар томонидан тўлиқ тадқиқ этилмаган. Иккинчидан, асрлар давомида Бухоро ўз илми, фани, маданияти, санъати, жаҳон тамаддуни ривожига қўшган ҳиссаси билан машҳур бўлиб келган... Учинчидан, Ўзбекистонда психологик хизмат эндигина ташкил этилаётган даврда психологик хизматга бағишланган ва бугунги кунда мазкур йўналишдаги ягона докторлик диссертацияси Бухоро олимлари томонидан ёқланган”. Бундай эътирофни ўз вақтида психология фанлари докторлари, профессорлар В.Каримова, Б.Қодиров, С.Қаҳҳоровлар томонидан таъкидланиб, журналнинг мақсад-вазифалари, истиқболига катта ишонч билдирилган эди. Дарҳақиқат, журнал тармоқ даврий нашрлари ичида ўз долзарблиги, бугунги ижтимоий-сиёсий жараёнлар моҳиятини ёшлар онгига нисбатан тўлиқ етказиб бераётганлиги, шунингдек, асосий йўналиши руҳиятшунослик фанига оид долзарб масалаларни ечиши билан алоҳида ажралиб туради. Бош муҳаррир психология фанлари доктори, профессор, Халқаро Психология Фанлари Академияси академиги Ш.Баротов ҳамда ўндан ортиқ таҳрир ҳайъати аъзоларининг саъй-ҳаракатлари билан журналда мамлакатимиз ва жаҳонда ўз ечимини кутаётган долзарб муаммоларга бағишланган мақолалар, илмий-тадқиқот ишларининг натижалари, мамлакатимиз ҳамда хориждаги фан ва техникага оид янгиликлар, янги педагогик технологияларга доир илмий хабарлар чоп этилади. Бундан ташқари, университет нашрларига оид муҳим ва долзарб масалалар университет веб-сайтига жойлаштирилиб, журнал муштарийлари ва қизиқувчилар учун қулайлик яратилди. Эндиликда бу нашр бутун республика олим-у тадқиқотчилари, турли ташкилотларда хизмат кўрсатаётган мутахассислар билан қизғин ҳамкорлик қилмоқда. Журналда республикамиз ва халқаро ҳамдўстлик мамлакатлардаги психологлардан Ф.Мўминов, А.Бегматов, В.Козлов, Б.Қодиров, Э.Ғозиев, Н.Сафаев, Ш.Баротов, Б.Умаров, У.Қодиров, К.Қодиров, А.Изакова, Э.Мухторов, М.Бафаев кабиларнинг илмий-назарий долзарб мақолалари доимий чоп этиб келинади. Шу билан бирга, у ёш тадқиқотчи олимларнинг соҳа минбари ҳисобланади. “Psixologiya” журнали ҳамдўстлик мамлакатларида чиқаётган ўнга яқин журналлар, жумладан, “Теоретическая и экспериментальная психология”, “Психологический журнал”, “Вопросы психологии”, “Методология и история психологии”, “Вестник университета”, “Мир психологии”, “Психология” журнал Высшей школы” сингари нашрлар билан ҳамкорликда иш олиб боради. Шунингдек, “Журналимиз меҳмонлари” рукни остида жаҳоннинг таниқли психолог олимларининг шу соҳада кўрсатган хизматлари, илмий-ижодий фаолиятлари, монография ҳамда қўлланмаларининг намуналарини бериб бориш йўлга қўйилган. Айтайлик, россиялик психолог олимлар В.Рубцов, Е.Климов, Л.Виготский, америкалик психолог Абрахам Маслоу, ўзбекистонлик психолог олим Э.Ғозиев илмий мактабининг яратилиши ва истиқболлари ҳақидаги мақолалар шу соҳада тадқиқот олиб бораётган ёш олимлар учун муҳим аҳамият касб этади. Умуман, “Psixologiya” журнали республикамиздаги ягона нашр бўлгани сабабли психология йўналишдаги барча илмий хабарлар, Ихтисослашган кенгашларнинг, халқаро конференциялар эълонлари мунтазам бериб борилади. Бунда таҳририят ва муаллифлар, қолаверса, мутахассис ҳайъат аъзолари, рецензентлар билан онлайн алоқа таъминланганлиги, иш сифати оширилиб, макон ва замон муносабатларидаги баъзи муаммолар ўз ечимини топмоқда. Айтиш мумкинки, журнал факультет ва университет профессор-олимларининг асосий илмий нашри, минбари сифатида муҳим аҳамията эга.
Ҳурматли, Шариф Рамазонович Баротов! Сиз истиқлол руҳини сергаклик билан ҳис эта олганингиз туфайли журъат билан янгиликка интилаётирсиз. Шу ғайратингиз туфайли республикада ягона факультет журнали - “Psixologiya”нинг ташкилотчи ва ҳомийси бўлдингиз. Не бахтки, мазкур журнал айни чоқда республика ва республикадан ташқари психолог олимларнинг музокара минбарига айланди. Жаҳон андозларига мос мутахассислар тайёрлаш соҳасида алоҳида жонбозлик кўрсатмоқдасиз. Эллик беш ёшингиз билан чин дилдан қутлаб, янада баркамоллик, илмий-мураббийлик фаолиятингизга омад ва шахсий ҳаётингизга умрибоқийлик тилаймиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |