III.2. АКАМИЗ – ФАХРИМИЗ
Нигора Баротова ва Шароф, Латиф, Бобир Баротовлар
Когон тумани
Ёшлик йилларимизданоқ акамиз бизга ҳамиша меҳрибонлик, жонкуярлик, қон-қардошлик ва мехр-оқибат намуналарини кўрсатиб келганлар. Зеро, оиламизда ҳар биримизнинг алоҳида ўрнимиз бўлсада, акамиз барчамизга бирдек муносабатда бўлиб ҳар бир муаммоимизни бартараф этиш учун ҳаммамизга беминнат ёрдам беришга, ва бизни қўллаб қувватлашга шошилиб яшайдилар. Бу эса инсонинг меҳр-оқибатлилигидан, эзгу ишлар билан йўғрилганлигидан далолат беради. У киши вилоят теливидениясининг “Ибратли хонадон” кўрсатувида чиққанларида, отамиз, онамиз ва биз укаларнинг қувончи, шодлиги , бахту-саодати кўкларга етди. Қолаверса, у кишининг ҳар бир гапида, ишида, орзу-умидларида ўзига хос олийжаноблик, мардлик, ватанпарварлик ва фидоийлик намуналарини кўриб, биз у кишидек, бўлишга интиламиз. Акамиз 1985 йилдан 1990 йилгача Москвада стажировкада ва аспирантурада бўлдилар. Отамизни ўша ерда даволатиб бизга олам-олам қувонч бахшида этганлар. Акамиз психология фанлари, доктори, профессор бўлсалар-да, у кишидаги оддийлик, соддалик, самимийлик, бизларга нисбатан ғамхўрлик хислатлари доимо сезилиб туради. Бу ҳолатни барча қишлоқдошларимиз ҳам ҳамиша эътироф этишади. Демак, инсонда қанчалик илм кўп бўлса, унда ўзига хос эзгулик хислатлари яққол намоён бўлиб турганлигини бизлар ҳамиша бағрикенг инсон – акажонимизда кўрамиз. Шу боис биз учун ҳамиша қадрдон бўлган ва айни пайтда илм ва эзгулик соҳиби бўлган акамиз билан фахрланамиз.
III.3. ПОК, УЙҒОҚ, КУЮНЧАК ҚАЛБ СОҲИБИ
Я. Нуруллаева,
Когон туман №1 мактабнинг олий тоифали она тили ва адабиёт ўқитувчиси
Соғинчларинг сочларимга,
Гуллар қилиб ўрадим.
Муқаддасдир сенинг шаънинг
Дил амрига боғладим.
Менинг болалик бетакрор онларим, кўҳна ва сир-синоатларга бой, Буюк Ипак йўлининг бекатларидан бўлган қадимий шаҳар Пойкент шаҳрининг ён-атрофларида, чор атрофи анвойи гуллар, ширин-шакар мевали дарахтлар билан ўралган бобожоним хонадонларида ўтган...
Меҳмондўст бобожоним, ширинқўл бувижонимнинг ўзаро илиқ муносабати, бир-бирларини асраб-авайлашлари, атрофдаги кишиларга нисбатан беғаразлиги, ажаб эмас менинг тақдиримни бир йўлчи юлдуз бўлиб ёритган бўлса...
Бобожоним доим қаерга борсалар, менга ёшимга мос қизиқарли китоблар олиб келар “Китобдай азиз бўл, қизалоғим” дер эдилар. Не ажабки, бу улуғларнинг дуолари амри-вожиб бўлиб, тақдир мени самимий, меҳрибон, мард ва вафодор илмсевар, адолатли юксак қалб соҳиби қўлида азиз қилди...
Биз Бухоро давлат институтининг тайёрлов бўлимида бир гуруҳда таҳсил олганмиз. Тартиб-интизом, ўқиш ва жамоат ишларида бўйича институт факультетлари орасида тайёрлов бўлимимиз доимо биринчи ўринда турарди.
Ўқув биномиз, ётоқхонамиздаги орасталик намунали даражада эди.
Кунларнинг бирида гуруҳ раҳбаримиз Ҳамрогул Садриева мени ёнларига чақирдилар (нима учундир мени ўзларига яқин тутардилар). Гап шундай қизим, гуруҳ сардори (старостаси)ни алмаштирмасак бўлмайди, чунки жамоат ишларида орқада қоляпмиз, бу йигит ҳарбий хизматни ўтаган бўлса-да жамоани бошқара олмаяпти, фаол эмас, кимни тайинласак деганларидан ҳеч иккиланмасдан Ш. Баротовни тайинласангиз бўлади, дея дарров жавоб берганман...
У кишида дадиллик, ўз кучига ишонч, берилган топшириқларни виждонан бажариш каби олий фазилат бор эди. Шунинг учун ҳам талабалик йилларидаёқ устозларимизнинг илиқ нигоҳларига тушган ишончларини, меҳрларини қозонган. Доно, кўпни кўрган, мулоҳаза қилган ота-боболаримиз, “Устоз отангдек улуғдир” деган мақолни чин маънода айтишган десам ҳеч хато бўлмайди” ...
Тўғри, падари бузрукворимиз бизга ҳаёт бахш этгани, рост. Аммо устозларимиз, қалбимизга зиё нурини сочади, қалб қўрини, илмини, салоҳиятини, керак бўлса соғлиғини ҳам аямайди, ўсаётган мевали ниҳол каби ҳаёт илдизларимизга жон ато этади, шогирдларининг камолини кўриб, бошлари кўкларга етади, кўзлари қувончдан порлайди. Ҳаёт сўқмоқларидан адашиб қолиб тақдир зарбасига учраган шогирдларига, ачинади, она-замин каби титрайди...
Биз шундан беҳад миннатдормизки, яратганнинг ўзи беминнат марҳаматини аямади, мехридарё, талабчан оқкўнгил, шодлигу-ғамларимизга шерик бўлган беназир устозлар қўлида хаётга йўлланма олдик. Қадрли устозларимизни мен бир ҳовуч марварид-дурга қиёслайман, уларнинг ҳар бири биз учун ҳаёт мактаби бўлган. Каромат Умарович Умаров, Мэлс Ҳасанович Махмудов, Шамсиддин Райҳонович Райҳонов, Ҳафиза Тешаевна Махмудова, Ҳамрогул Садриева, Ғайрат Некович Муродов, Даврон Саидович Ниёзов, Оҳунжон Тўраевич Сафаров, Неъмат Аҳмедов ва бошқалар. Томирларимизда ҳаёт қони оқар экан, бу азизларни қадрлаймиз, хотиралаймиз.
“Қадрлаган қадр топади” – деганларидек, эл орасида кам бўлмадик, халқ орасида азиз бошимиз хам бўлмади. Оиламиздаги ўзаро ҳурмат, бир-бирини асраб – авайлаш биз учун ҳаёт мезони. Ҳаёт йўли турли – туман синовлардан иборат, бу каби синовлардан фақат маънавиятли, иродали инсонларгина ўта олади, ўз қадрини, шаънини асрайди. Оиладек мўътабар даргоҳнинг пой –остоналарини бегона гардлардан асраш аввало аёл бурчи...
Айниқса, 1984 -1990 йиллар бизнинг умр дафтаримизда ўзининг олтин изларини қолдирди десам, адашмайман.
1984-1985 йилларда турмуш ўртоғим, устозим десам ҳам хато қилмайман. Москва педагогика ва психология илмий - тадқиқот институтида илмий тадқиқотчи, 1986- 1990 йилларда эса аспирантурада таҳсил олдилар ва 1990 йилнинг 13 ноябрида илмий ишларини мувоффақиятли ҳимоя қилдилар. Айниқса, илмий раҳбарлари Э. А.Фарапонова турмуш ўртоғимни ниҳоятда ҳурмат қилар, меҳнатсевар, илмга чанқоқликларидан қувонар эдилар...
Вақтлари қанчалик тиғиз бўлмасин, болаларимиз учун вақт топардилар. Ўқув йили тугаши билан биз Москва томон шошардик. Дилафрўз билан Шуҳратжонни олиб ҳайвонот боғи, кўнгилочар жойларга, ҳаттоки, энг катта кутубхоналарга ҳам олиб борардилар. Йирик олима аёл - Э.А Фарапонова болаларимизни жуда севар эдилар, уйларига таклиф қилиб, уларнинг қўлига расмли китобчалар, суратлар совға қилардилар, бу шогирдига бўлган ҳурмати нишонаси эди. Нияти пок инсонларни яратган эгам ҳам сийлар экан. Бизга ана шундай инсонлар ҳаётда ҳамроҳ бўлиб кучимизга куч кўшди. Қўшниларимиз бизга ҳавас билан қарарди, аммо болажонларим дадаларини тез-тез қўмсаб қолишарди. Уларни ҳар шанба куни телефонга чақирар эдилар, ҳатто залга киришим билан телефончи қиз “Москва первая кабина” деб гапирарди, билсам телефон рақамини у ёд қилиб олган экан. Ҳатто ният қилиб қўйгандим Москвадан бутунлай қайтишингиз билан, сиз учиб келган самолёт остоналарини гул билан тўлдираман деб, ниятларим амалга ошди, бағримиз тўлди, ярим кўнгиллар бут бўлди. Қарангки, ҳаёт фалсафаси – бу адолат тантанаси.
Ўқувчиларим “Устоз, сир бўлмаса айтинг, бизга ота-онамиз сизнинг оилангизга, домлага кўпчиликни ҳаваслари келишини таъкидлашади, бунинг боиси нимада?” ...
Қалбим хаяжонга тўлиб, шодланиб кетаман, уларнинг меҳр ва сеҳр тўла кўзларига тикилиб, саволга жавоб бермасликнинг иложи йўқлигини англаб етаман. Барининг замирида фидоийлик, сабр-қаноат, меҳр–оқибат юксак маънавият ва ишонч бор-менинг азизларим дейман.
Мен камтарин, куюнчак, садоқатли ва талабчан қалб эгасининг кўнгил мулки, елкадоши эканлигимдан, яратган эгамга шукрона айтиб яшайман.
Турмуш ўртоғим илм излади, ҳалол меҳнат қилди.
Эл–юрт ишончи уни турли лавозимларга чорлади, иш лавозимида ўз раҳбарлик бурчини виждонан эпладилар, бу борада муҳтарам юртбошимизнинг гаплари у кишидаги фазилатларнинг ифодасидир.
Биринчи тоифа-вазиятдан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилади, ўз манфаатини ўйлайдиган, халқ ғам-ташвишларидан бегона кимсалардир.
Иккинчи тоифа-бефарқ, лоқайд одамлар бўлиб, уларни “ўйинчи” дегинг келади. Бундай раҳбарлар ҳеч кимга қарши гапиришни, душман орттиришни истамайди.
Учинчи тоифа – эл - юрт ишига ўзини тиккан кишилар. Мен шу тоифадаги кадрларга умид боғлайман.
Куюнчак раҳбар янгиликка интилувчан, уни сезадиган, ўзи ва ўзгаларга талабчан ҳамда замон ишларига фидойи бўлади.
Ота-боболаримиз фазилатли кишиларни уч қалб билан таърифланглар, “Пок қалблар – булар характери мўътадил кишилар бўлиб, ҳалол ҳаёт кечириб ўтадилар”.
“Уйғоқ қалблар – сўзи ва руҳи мойил бўлиб, ижод оламига шўнғийдилар, оқиллик билан одамни, табиатни ва жонзотларни севадилар ”
Куюнчак, бедор қалблар эса ўз манфаатларини четлаб ўтиб, ўзгалар учун хизмат қилувчи кишилардир. Одамларни эзгу ишлар ва яхши хулқга бошлаш учун тинмай изланиши, азми қатъийлик ва фидоийлик керак. Шу маънода куйинчак бедор қалб бўлиш ўзини ва ўзгаларни тўғри йўлга етаклашни англатади. Кўзи тўғрилиги билан ўзгаларнинг айбини кўрса ҳам кечиради. Қўли тўғрилиги билан бировнинг ҳақини олмайди, аксинча муҳтожга беради. Дил тўғрилиги билан ўзганинг дардини “ўз дарди ” деб билади. Бундай ахлоқ эгасига одамлар ишонади, муамоларини ҳал қилиш учун ҳамкорлик қилади ва кези келганда раҳбарни бало-қазолардан асрайди.
Призидентимиз такрор-такрор таъкидлаганларидек, маънавиятли раҳбарнинг “истараси иссиқ ва файзли бўлади”. Ана шундай хислат соҳиби турмуш ўртоғим эканлигидан фахрланаман.
Do'stlaringiz bilan baham: |