САЛОҲИЯТЛИ ВА САОДАТЛИ ОЛИМ
М.Ҳ.Маҳмудов,
педагогика фанлари доктори, профессор
Бугун мамлакатимизда ва хориж психолог олимлари орасида маълум ва машҳур бўлган олим, моҳир ташкилотчи, камтарин раҳбар, камсуқум инсон, психология фанлари доктори, профессор Шариф Баротовни таниганимга роппа-роса 35 йил тўлди.
1981 йилда Шарифжон педагогика факультетининг 2-курс талабаси эди. Жуссаси унча катта бўлмаган, кўзларидан нур ёғилиб турган, силлиқ сочлари ўнг томонга таралган Шарифжонни кўрганимдаёқ унинг фаол ҳаётий тарзи, аъло ўқиши, талабалар орасидаги обрўси, топширилган ишни ўз вақтида тўлиқ бажара олиши каби хислатлари менга анча яхши таасурот қолдирган эди.
Шарифжон шахсини янада кенгроқ билиш мақсадида у таҳсил олган педагогика институтининг тайёрлов бўлими декани Каромат Умаровичдан Шарифжон ҳақида сўраганимда, Каромат Умарович бу йигит ҳақида жуда илиқ фикрларни билдириб, институтга қабул қилинаётган пайтда ўзбек тили ва адабиёти бўйича предмет комиссиясининг раиси профессор Саиджон Алиев уни адабиётга ихлосмандлиги, қизиқиши, билими ва шоиртабиатлигини кўриб уни тил ва адабиёт факультетига ўқишга киришини таклиф қилган эдилар, деб қўйди.
Иккинчи курсидагидаёқ Шарифжон факультет ёшлар қўмитасининг котиби лавозимида жонбозлик билан ишлаб ёшларни ўқишга, жамоат ишларига жалб қилишга, айниқса ўша кезларда авж олган пахта-йиғим терими компанияларига сафарбар қилишда ўзининг барча ташкилотчилик хислатларини намоён қилган эди. Шарифжон педагогика факультетини 1983 йилда имтиёзли диплом билан тугатиб психология кафедрасига ўқитувчи-ассисент лавозимига ишга қолдирилди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Шарифжон психология мутахассислиги бўйича ўқитувчи қилиб қолдирилган
факультет битирувчилари орасидан биринчиси эди. Шу боисдан ҳам ўша пайтдаги психология кафедраси мудири билан орамизда анча-мунча баҳс-мунозара бўлиб ўтди. Лекин институт ректори, профессор В.А.Мўминовнинг қатъиятлиги билан иш Шарифжон фойдасига ҳал бўлган эди.
Бизнинг бўлажак ёш олим ҳақидаги ишончимиз хато эмаслигини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди.
Шарифжон талабалик давридан бошлабоқ, илмий изланишларга жуда қизиқувчан эди. Шунинг учун ҳам вақтни бекор ўтказмасдан психологиянинг долзарб муаммолари бўйича номзодлик диссертацияси устида иш олиб борнб Москва психология институтида кундузги аспирантурада ўқиб, роппа-роса уч йил деганда номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, жонажон институтимизга психология фанлари номзоди илмий даражаси билан қайтди.
Бу йилларда Шариф Баротов ўз илмий изланишларини амалиётда ҳам муваффақиятли синовдан ўтказди. Шарифжон вилоят раҳбарининг шахсан тавсияси билан анча йил Бухоро вилоят “Маънавият-маърифат” марказини моҳирлик билан бошқарди. Шу пайтдан фойдаланиб, вилоят таълим муассасаларида психологик хизматнинг аҳволи, муаммолари ва уларнинг ечимларини топиш йўлларини ўргана бошлади. Бу мауаммоларни ечиш уни психологик хизмат бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилишга ундади.
Бу вақтлар мустақилликнинг илк йилларига тўғри келганлиги сабабли Ўзбекистонда ҳали ўрганилмаган соҳа бўлган психологик хизматнинг илмий-назарий, амалий қирраларини кенг ёритишга бел боғлади.
Мамлакатимизда таниқли психолог олимлар М.Г.Давлетшин, Ғ.Б.Шоумаров, Б.Р.Қодиров, В.Каримовалар билан ҳамкорликда ва уларнинг фойдали маслаҳатлари асосида Ўзбекистон руҳшунос олимлари орасида биринчи бўлиб психологик хизматдек инсон ҳис-туйғуларини, инсон фаолиятини, инсон қадрини белгиловчи катта уммонга қўл уриб, 1998 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг ихтисослашган илмий кенгашида психология фанлари доктори деган юксак илмий даражага эришди.
Шариф Баротов Бухоро давлат университети психология кафедраси мудирлик лавозимида ишлаб, кўпгина иқтидорли ёшларни психология фанига бўлган қизиқишини кучайтириб, уларни бу фаннинг кенг қамровли ҳали ечилмаган соҳаларига жалб эта олди. Иқтидорли ёшлар унинг раҳбарлигида илмий изланишларни ниҳоясига етказиб, мамлакатимизнинг кўпгина вилоятларида психологик хизматни тарғибот ва ташвиқот қилиб келмоқдалар.
Бухоро давлат университетида психология бўйича бакалавриат ва магистратура таълим йўналишининг очилишида ҳам Шариф Баротовнинг шахсий ташаббуси ва саъй- ҳаракатлари беқиёсдир.
Шариф Баротовнинг психология фанига бўлган жонкуярлигини у ташкил этган ҳамда мамлакатимиз илм аҳли, ёшлари эътиборига тушган “Психология” журналининг очилишида ҳам кузатиш мумкин.
Мениниг ўзим ҳам ўқувчи-мухлис сифатида “Психология” журналининг ҳар бир сонини қўлимга тегишини интизорлик билан кутаман. Ундаги мақолаларнинг теранлиги, илмийлиги, ҳаётийлиги, ранг-баранглиги ва МДҲ мамлакатларида ҳам педагогика-психология соҳасининг йирик олимлари назарига тушганлиги мени қувонтиради. Бирта кафедра негизида шаклланиб бугунги кунда психология соҳасида мамлакатда ягона бўлган ушбу журналнинг ташкилотчиси ҳам, ҳомийси ҳам, бош муҳаррири ҳам профессор Шариф Баротовдир. Мен оддий бир журналхон сифатида бу журналнинг келажаги порлоқ эканлигига ишонаман.
Мана беш йилдирки Ш.Баротов катта бир факультетни моҳирона бошқариб келмоқда. Бу йиллар давомида факультетнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланиб, илмий салоҳияти юксалиб, талабаларнинг ўқув, маънавий-маърифий, илмий изланишлари чуқурлашиб бораётганлигида Шариф Баротовнинг хизматлари беқиёдир.
Шарифжоннинг инсон сифатида ўта камсуқумлиги, ўта камтарлиги, нсонларга бўлган юксак самимийлиги туфайли у киши олий даргоҳни тугатганига 33 йил бўлган бўлсада, курсдошлари, тенгдошлари билан алоқаларни узган эмас. Шу алоқалар туфайли мен ҳам ўзимнинг шогирдларим билан тез-тез мулоқотда бўлиб, учрашиб тураман, уларнинг турмуш шароити, оилавий ҳаёти, эришаётган муваффақиятларидан фахрланиб юраман. Шарифжон элда ўз ўрнига эга бўлган зиёли оиланинг бошлиғидир. Фарзандлари билимли, юксак маънавиятли, маданиятли бўлиб етишиб ҳозирги кунда халқ хўжалигининг турли соҳаларида ҳалол меҳнат қилмоқдалар.
Манбаларда келтирилишича, илм аҳли, уламолар, олимлар икии дунё саодатига эришган шахслар бўлиб ҳисобланади. Ана шундай салоҳиятли ва саодат соҳибларидан бири профессор Шариф Баротовдир.
Мен қобилиятли, салоҳиятли олим, саодатли шогирдим билан ғурурланиб унинг илмий, ижодий, ташкилотчилик, раҳбарлик фаолиятига омад тилаб, Аллоҳдан унга берилган умрни мазмунли, бахтли ўтказишини тилаб қоламан.
Do'stlaringiz bilan baham: |