Mavzu: Moliyaviy hisobotda ma’lumotlarni ochib berish Reja: Moliyaviy hisobotlarni tagdim etish
Бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандарти 1
Молиявий ҳисоботларни тақдим этиш Мақсади 1 Ушбу стандарт умумий фойдаланиш учун мўлжалланган молиявий ҳисоботларни тақдим этиш асосини тадбиркорлик субъектининг олдинги даврлардаги молиявий ҳисоботлари ҳамда бошқа тадбиркорлик субъектларининг молиявий ҳисоботлари билан қиёсланувчанликни таъминлаш мақсадида белгилайди. У молиявий ҳисоботларни тақдим этишга нисбатан умумий талабларни, уларнинг тузилишига оид кўрсатмаларни ҳамда уларнинг мазмунига доир минимал талабларни ўрнатади.
Қўллаш доираси 2 Тадбиркорлик субъекти ушбу стандартни умумий фойдаланиш учун мўлжалланган молиявий ҳисоботларни Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига (МҲХСлари) мувофиқ тайёрлашда ва тақдим этишда қўллаши лозим. 3 Бошқа МҲХСлар муайян операциялар ва бошқа ҳодисаларни тан олиш, баҳолаш ва очиб бериш бўйича талабларни белгилайди.
4 Ушбу стандарт БҲХС 34 “Оралиқ молиявий ҳисобот” га мувофиқ тайёрланадиган қисқартирилган оралиқ молиявий ҳисоботларнинг тузилиши ва мазмунига нисбатан қўлланилмайди. Бироқ, 15-35 бандлар бундай молиявий ҳисоботларга нисбатан қўлланилади. Мазкур стандарт барча тадбиркорлик субъектларига, жумладан МҲХС 10 “Жамланган (консолидациялашган) молиявий ҳисоботлар” га мувофиқ жамланган (консолидациялашган) молиявий ҳисоботларни тақдим этадиган ҳамда БҲХС 27 “Алоҳида молиявий ҳисоботлар” га мувофиқ алоҳида молиявий ҳисоботларни тақдим этадиган тадбиркорлик субъектларига нисбатан бир хил тарзда қўлланилади.
5 Ушбу стандартда фойда олишни кўзлайдиган тадбиркорлик субъектларига, жумладан давлат секторидаги тижорат тадбиркорлик субъектларига, нисбатан тўғри келадиган атамалар қўлланилади. Агар хусусий сектордаги ёки давлат секторидаги нотижорат фаолиятини амалга оширадиган тадбиркорлик субъектлари мазкур стандартни қўлласа, улар томонидан молиявий ҳисоботлардаги маълум моддаларининг ҳамда молиявий ҳисоботларнинг номланиши ўзгартирилиши зарур бўлиши мумкин.
6 Шунингдек, БҲХС 32 “Молиявий инструментлар: тақдим этиш” да таърифланишича, капиталга эга бўлмаган тадбиркорлик субъектлари (масалан, баъзи ўзаро тузилган фондлар) ва ҳиссалардан ташкил топган лекин акциядорлик капитали бўлиб ҳисобланмайдиган капиталга эга тадбиркорлик субъектлари (масалан, баъзи кооператив тадбиркорлик субъектлари) уларнинг аъзолари ёки ҳиссадорларининг улушларини молиявий ҳисоботда қўрсатилишини мослаштириши зарур бўлиши мумкин.