Ташқи бошқарувчи: қарздорнинг мол-мулкини ўз тасарруфига қабул қилиши ва уни инвентаризациядан ўтказиши;
қарздорнинг учинчи шахсларда турган мол-мулкини қидириш, аниқлаш ва қайтаришга қаратилган чора-тадбирлар кўриши;
ташқи бошқарувни ўтказиш ва кредиторлар билан ҳисоб-китоблар қилиш учун махсус ҳисобварақ очиши;
ташқи бошқарув режасини ишлаб чиқиши ва кредиторлар йиғилиши тасдиқлаши учун тақдим этиши;
бухгалтерия, статистика ҳисоби ва ҳисобдорлигини юритиши;
кредиторларнинг қарздорга нисбатан талаблари юзасидан белгиланган тартибда эътирозлар билдириши;
қарздор олдидаги қарзни ундириш чораларини кўриши;
кредиторларнинг талаблари реестрини юритиши;
кредиторлар йиғилишига ташқи бошқарув режаси бажарилишининг бориши ва якунлари ҳақида ҳисоботлар тақдим этиши шарт.
Ташқи бошқарувчининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
Келишув битими ва уни тузиш тартиби
Қарздор ва кредиторлар иқтисодий суд томонидан банкротлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишнинг ҳар қандай босқичида келишув битими тузишга ҳақли.
Келишув битими тузиш тўғрисидаги қарорни кредиторлар номидан кредиторлар йиғилиши қабул қилади. Кредиторлар йиғилишининг келишув битими тузиш тўғрисидаги қарори кредиторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади ва қарор, башарти қарздорнинг гаров билан таъминланган мол-мулки мажбуриятлари бўйича барча кредиторлар уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган деб ҳисобланади. Кредитор вакилининг келишув битимини тузиш масаласи ҳақида овоз бериш борасидаги ваколатлари унинг ишончномасида алоҳида назарда тутилган бўлиши керак.
Келишув битими иқтисодий суд томонидан тасдиқланиши керак, бу ҳақда ажрим чиқарилиб, унда банкротлик тўғрисида иш юритишни тугатиш кўрсатилади. Агар келишув битими тугатишга доир иш юритиш жараёнида тузилган бўлса, иқтисодий суд келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ажрим чиқаради, унда қарздорни банкрот деб топиш ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисидаги қарор ижро этилмаслиги кўрсатилади.
Келишув битими қарздор, кредиторлар, шунингдек келишув битимида иштирок этаётган учинчи шахслар учун иқтисодий суд томонидан тасдиқланган кундан эътиборан кучга киради ва улар учун мажбурий ҳисобланади. Кучга кирган келишув битимини бажаришдан бир томонлама бош тортишга йўл қўйилмайди.
Қарздор номидан келишув битимини тегишинча қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс, қарздорнинг раҳбари ёки суд бошқарувчиси имзолайди. Кредиторлар номидан келишув битимини кредиторлар йиғилиши томонидан ваколат берилган шахснинг ўзи имзолайди.
Агар келишув битимида учинчи шахслар иштирок этаётган бўлса, улар номидан келишув битимини шу шахсларнинг ўзи ёки уларнинг вакиллари имзолайди.
Келишув битимида қарздор пул мажбуриятларининг миқдори, уларни бажариш тартиби ва муддатлари тўғрисидаги ва (ёки) воз кечиш ҳақини бериш, мажбуриятларни янгилаш, қарзни кечиш йўли билан ёхуд қарздорнинг пул мажбуриятларини қонун ҳужжатларида назарда тутилган ўзга усуллар билан тугатиш тўғрисидаги қоидалар бўлиши керак.
Келишув битимида қуйидаги шартлар кўрсатилиши мумкин:
пул мажбуриятларининг тўлови кечиктирилганлиги ёки бўлиб-бўлиб тўланиши тўғрисидаги шартлар;
қарздорнинг талаб қилиш ҳуқуқларидан ўзганинг фойдасига воз кечиш тўғрисидаги шартлар;
қарздорнинг пул мажбуриятларини учинчи шахслар томонидан бажариш тўғрисидаги шартлар;
қарзлардан сийлов бериш тўғрисидаги шартлар;
қонун ҳужжатларига мувофиқ мажбурий тўловларни тўлаш муддатлари ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги шартлар;
кредиторларнинг талабларини қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа усуллар билан қондириш тўғрисидаги шартлар.