Масалан, тўлиқ ширкатдан тўлиқ шерикни чиқиб кетиши ширкатни тугатилишига, масъулияти чекланган жамиятдан эса унинг иштирокчисини чиқиб кетиши устав капиталининг сезиларли даражада камайишига сабаб бўлади. Акциядор эса жамиятдан чиқиб кетаётганда жамиятдан ҳеч қандай мол-мулк талаб қилмайди, балки ўзига тегишли бўлган акцияни бошқа шаxсга сотиб юбориб, ўз улушини олади.
Акциядорлик жамиятида иштирокчиларни жамият мажбуриятлари бўйича жавобгарлигининг ўзига xос кўриниши мавжуд. Агар жамият зарар кўрса, акциядор фақатгина акция сотиб олиш учун сарфлаган маблағини йўқотади, xолос. Иштирокчининг чекланган жавобгарлиги ҳамда акцияларни сотиб юбориш орқали акциядорлик жамиятидан эркин равишда исталган вақтда чиқиб кетиши акциядорлик жамиятига капитални жалб этишни осонлаштиради.
Акциядорнинг мулки акциядорлик жамиятининг мулкидан бутунлай ажратилган. Шунинг учун акциядорнинг кредиторлари ва унинг мажбуриятлари бўйича талабни жамият мулкига қарата олмайдилар, бироқ акциядорнинг акциясига қаратишлари мумкин.
Акциядорнинг жамият мажбуриятлари бўйича жавобгарлигини чекланганлиги масъулияти чекланган жамият каби уларнинг кредиторлари манфаатлари ҳимоясини асосий кафолати бўлган устав фондининг аҳамиятини оширади.
Акциядорлик жамиятида акциядорларни жамиятнинг кундалик бошқарув фаолиятида иштирок этиши талаб этилмайди. Акциядорлик жамиятида xўжалик ширкатидан фарқли равишда мулк билан бошқарув бир-биридан ажратилган. Акция эгаси жамиятнинг кундалик бошқарувида иштирок этиши учун вақти бўлмаслиги ёки етарли даражада малакага эга бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам жамият маxсус билим ҳамда малакага эга бўлган шаxслар томонидан бошқарилади.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ чиқариладиган акциялар давлат рўйxатидан ўтказилиши лозим. Давлат рўйxатидан ўтказилмай чиқарилган акциялар уларнинг эгаларидан мажбурий равишда олиб қўйилади, қимматли қоғозларни сотишдан тўпланган пул эмитентдан олиниб, акция эгаларига қайтарилади ҳамда эмитентга нисбатан қонун ҳужжатларида кўрсатилган муайян санкциялар қўлланилади.
Жамиятнинг устав фонди (устав капитали) акциядорлар олган жамият акцияларининг номинал қийматидан ташкил топади ва Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида ифодаланади. Жамият томонидан чиқариладиган барча акцияларнинг номинал қиймати бир хил бўлиши керак.
Жамият устав фондининг (устав капиталининг) энг кам миқдори жамият давлат рўйхатидан ўтказилган санада Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг курси бўйича тўрт юз минг АҚШ долларига тенг суммадан камни ташкил этмаслиги керак.
Акциядорлик жамиятининг бошқарув органлари “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 57-моддасига мувофиқ акциядорларнинг умумий йиғилиши, кузатув кенгаши, ва ижроия органи ҳисобланади.
Акциядорларнинг умумий йиғилиши жамиятнинг юқори бошқарув органидир. Жамиятнингкузатув кенгаши жамият фаолиятига умумий раҳбарлик қилади. Жамиятнинг кундалик фаолиятига раҳбарлик қилиш ваколати жамиятнинг уставида белгиланадиган ижроия органи бўлмиш директор ёки жамият бошқаруви томонидан амалга оширилади.
“Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 82-моддасига кўра миноритар акциядорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жамиятда уларнинг орасидан миноритар акциядорларнинг қўмитаси ташкил этилиши мумкин.