Суғурталовчининг банкротлигига доир иш кўрилаётганда шуни унутмаслик керакки, қонунда кўрсатиб ўтилган ишда иштирок этувчи шаxслардан ташқари суғурта фаолияти устидан назорат қилувчи давлат органи ҳам ишда иштирок этувчи шаxс деб ҳисобланади.
Суғурта ташкилотига тегишли мулкий мажмуани сотиш ташқи бошқарув жараёнида ҳам амалга оширилиши мумкин. Ушбу ташкилотнинг мулкий мажмуасини сотиб олиш ҳуқуқи фақатгина суғурта ташкилотларига тегишлидир. Суғурталовчининг мулкий мажмуаси ташқи бошқарув жараёнида сотилган тақдирда суғурталовчининг мулкий мажмуаси сотилаётган санадаги суғурта ҳодисаси юзага келмаган суғурта шартномалари бўйича барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мажмуани сотиб олган шаxсга ўтади.
Тугатишга доир иш юритиш ўтказилаётганда суғурталовчининг мулкий мажмуаси сотиб олувчи фақат суғурталовчи банкрот деб топилган санага қадар суғурта ҳодисаси юзага келмаган суғурта шартномаларини ўз зиммасига олишга рози бўлганда сотилиши мумкин.
Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчилари бўлмиш шаxсларнинг банкротлиги тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солувчи ва мувофиқлаштирувчи ваколатли давлат органи ҳам xўжалик судлов ишида иштирок этувчи шаxс ҳисобланади.
Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг банкротлиги тўғрисидаги иш бўйича суд бошқарувчиси мазкур фаолиятни амалга ошириши учун суд бошқарувчиси сифатида аттестациядан ўтиши, шунингдек унда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солувчи ва мувофиқлаштирувчи ваколатли давлат органи томонидан бериладиган лицензия бўлиши керак.
Якка тартибдаги тадбиркор банкротлигининг xусусиятлари “Банкротлик тўғрисида”ги қонунга мувофиқ якка тартибдаги тадбиркор банкротлигининг асосий белгиси банкротлик аломатлари мавжуд бўлган тақдирда, якка тартибдаги тадбиркорга нисбатан жами талаблар энг кам иш ҳақининг ўттиз каррасини ташкил этиши ва ушбу мажбурият вақти келгандан кейин 3 ой муддат ичида амалга оширилмаганлигидир.
Қарздор якка тартибдаги тадбиркорни ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза иқтисодий судга қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс, кредитор, прокурор, шунингдек давлат солиқ хизмати органлари ва бошқа ваколатли органлар томонидан берилиши мумкин.
Қарздор якка тартибдаги тадбиркорни ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсни банкрот деб топиш тўғрисида ариза бериш ҳуқуқига кредиторлар ҳам эга, ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги, алиментларни ундириш тўғрисидаги талаблар, шунингдек шахсий хусусиятдаги бошқа талаблар қўядиган кредиторлар бундан мустасно.
Қарздор якка тартибдаги тадбиркорни ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсни банкрот деб топиш таомили амалга оширилаётганда ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги, алиментларни ундириш тўғрисидаги талабларни, шунингдек шахсий хусусиятдаги бошқа талабларни қўядиган кредиторлар ўз талабларини тақдим этишга ҳақли. Мазкур кредиторларнинг талаблари, агар улар банкротлик таомили қўлланилаётганда билдирилмаган бўлса, қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг банкротлиги таомили тугаганидан кейин ҳам ўз кучини сақлаб қолади.
Қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг банкрот деб топиш тўғрисидаги аризасига қарзларни узиш режаси илова қилиниши мумкин, режанинг нусхалари кредиторларга ва банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган бошқа шахсларга юборилади.
Кредиторларнинг эътирози бўлмаса, иқтисодий суд қарзларни узиш режасини тасдиқлаши мумкин, бу эса банкротлик тўғрисидаги иш юритилишини узоғи билан икки ойгача муддатга тўхтатиб туриш учун асос бўлади.
Қарзларни узиш режасида қуйидагилар кўрсатилиши керак:
режани амалга ошириш муддати;
қарздор ёки унинг оила аъзолари истеъмоли учун ҳар ойда қолдириладиган сумма миқдори;
кредиторларнинг талабларини қаноатлантириш учун ҳар ойда юбориш мўлжалланаётган сумма миқдори.
Иқтисодий суд банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган шахсларнинг асослантирилган илтимосномасига биноан қарзларни узиш режасини ўзгартиришга, шу жумладан уни амалга ошириш муддатини узайтиришга ёки қисқартиришга, қарздор ёки унинг оила аъзолари истеъмоли учун ҳар ойда қолдириладиган сумма миқдорини кўпайтиришга ёки камайтиришга ҳақли.
Агар қарздор якка тартибдаги тадбиркор ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс қарзларни узиш режасини бажарганлиги натижасида кредиторларнинг талаблари тўла ҳажмда қаноатлантирилган бўлса, банкротлик тўғрисидаги иш юритиш тугатилиши керак.