8-модда. Корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришга тайёрлаш
1. Корхонани давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришга тайёрлаш иши давлат тасарруфидан чиқариладиган ва хусусийлаштириладиган мол-мулк таркибини аниқлашни, унинг ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш фондларини инвентаризациядан ўтказишни, корхонанинг активлари ва пассивларини баҳолашни, меҳнат жамоасида тушунтириш ишлари олиб боришни, бошқа масалаларни ҳал этишни, шу жумладан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини инобатга олган ҳолда ҳал этишни ўз ичига олади.
2. Корхонани давлат тасарруфидан чиқариш ёки хусусийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг оммавий мулк объектларини тасарруф этувчилар комиссиялар тузади, бу комиссиялар барча зарур ишларни олиб борадилар. Комиссия таркибига оммавий мулк объектларини тасарруф этувчиларнинг, маъмуриятнинг, корхона меҳнат жамоасининг, жамоат ташкилотларининг, молия идорасининг, банкнинг, халқ депутатлари маҳаллий Советларининг вакиллари, бошқа мутахассислар киритилади.
Давлат тасарруфидан чиқариш комиссияси давлат тасарруфидан чиқарилаётган ёки хусусийлаштирилаётган корхона маблағи ҳисобидан пул тўлаш шарти билан ишнинг айрим йўналишлари бўйича экспертлар гуруҳларини тузишлари, маслаҳат берувчи, аудитор ва бошқа ташкилотларни бу ишга жалб қилишлари мумкин.
Комиссия корхона маъмурияти билан биргаликда давлат тасарруфидан чиқарилаётган ёки хусусийлаштирилаётган корхона тўғрисида давлат тасарруфидан чиқариш ёки хусусийлаштиришда қатнашаётган субъектлар учун, шунингдек жамоатчилик учун белгиланган нусхада зарур ахборот тайёрлайди.
Давлат корхонаси очиқ акциядорлик жамиятига айлантирилаётганда корхона раҳбари давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришга доир ҳужжатларни тайёрлаш учун ишчи комиссия тузади. Комиссия бир ойлик муддатда зарур ҳужжатларни тайёрлаб, оммавий мулк объектини тасарруф этувчига тақдим этади. Зарур ҳужжатлар рўйхатини Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.
3. Комиссия корхонани давлат тасарруфидан чиқариш ёки хусусийлаштириш тадбирлари режасини ишлаб чиқади ва оммавий мулк объектларини тасарруф этувчига тасдиқлаш учун тақдим этади, бу режа:
давлат тасарруфидан чиқаришни ёки хусусийлаштиришни ўтказиш муддатларини;
объектнинг қийматини;
корхонани қайта ташкил этишнинг зарурат бўлганда ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфраструктура объектларидан фойдаланишнинг мавжуд тартиби ва шартларини сақлаб қолишни ҳам назарда тутувчи лойиҳасини;
ҳисоб-китобларнинг тавсия этиладиган шакл ва муддатини;
имтиёзлар бериш, шу жумладан давлат тасарруфидан чиқариш қисмини бепул бериш имкониятини ўз ичига олади.
Давлат тасарруфидан чиқариш ёки хусусийлаштириш режасига бошқа масалалар ҳам киритилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |