3. Автомобиллар учун эҳтиёт қисмларнинг ҳисоби
Автомобиллар учун жуда кўп турдаги
эҳтиёт қисмлар ишлатилади.
Уларни турли белгилари, масалан, номлари, маркалари, модели, турган жойи,
келиб тушиш манбалари, ишчи ҳолати, яроқлилик даражаси, хизмат
муддатлари ҳамда бошқа жиҳатлари бўйича таснифлаш мумкин. Эҳтиёт
қисмларнинг ушбу белгилари бўйича тавсифи, одатда, автотранспорт
корхоналарида
қўлланиладиган
«Эҳтиёт
қисмлар
классификатори»да
келтирилади.
Турган жойига кўра
эҳтиёт қисмлар омбордаги ва фойдаланишдаги эҳтиёт
қисмларга бўлинади.
Омбордаги эҳтиёт қисмлар, ўз навбатида,
яроқлилик даражасига кўра
қуйидаги гуруҳларга ажратилади:
янги эҳтиёт қисмлар;
олдин фойдаланишда бўлган, лекин яроқли ҳолдаги эҳтиёт қисмлар;
фойдаланишга яроқсиз эҳтиёт қисмлар.
Автотранспорт корхоналари янги эҳтиёт қисмларни турли корхоналардан,
масалан, уларни бевосита ишлаб чиқарувчи, таъминот-сотувчи корхоналардан
тузилган шартномалар асосида сотиб оладилар. Шунингдек, улар бошқа
юридик ва жисмоний шахслардан беғараз олиниши, ҳисобдор шахслар ҳамда
ҳайдовчилар томонидан нақд пулга сотиб олиниши, таъсисчилар томонидан
киритилиши ҳам мумкин.
Келиб тушган янги эҳтиёт қисмлар автотранспорт корхоналарининг
омборларига сотиб олиш қиймати (таннархи) бўйича кирим қилинади.
Олдин фойдаланишда бўлган, лекин яроқли ҳолдаги эҳтиёт қисмлар,
одатда, АТВларни тугатишдан, қайта жиҳозлашдан ва модернизациясидан
кейин омборларларга комиссия томонидан баҳоланган қийматларда кирим
қилинади.
АТВларни тугатиш, таъмирлаш, модернизация қилишда яроқсиз деб
топилган эҳтиёт қисмлар омборларга металлолом сифатида баҳосиз кирим
қилинади.
Омборларда кирим қилинган эҳтиёт қисмларнинг ҳисоби «Омбор ҳисоби
карточкаси» ёки «Омбор ҳисоби китоби»да соний кўринишда юритилади.
Омбор ҳисоби карточкаси эҳтиёт қисмларнинг ҳар бир тури, уларнинг кирим
баҳолари бўйича очилади. Омбор ҳисоби китобида эҳтиёт қисмларнинг ҳар бир
турига, кирим баҳоларига қараб алоҳида варақлар ажратилади.
Эҳтиёт қисмлар автотранспорт корхоналарида АТВларнинг жорий ва
капитал таъмирланишига, шунингдек уларни қайта жиҳозлаш ҳамда
модернизация қилинишига ишлатилади. Эҳтиёт қисмлар омборлардан бундай
мақсадларда устахоналарга, цехларга, гаражларга автотранспорт корхонаси
раҳбари (бош инженери)нинг рухсати билан берилади. Ушбу операциялар икки
нусхада талабномалар, ички накладнойлар, лимит-забор варақалари билан
расмийлаштирилади. Эҳтиёт қисмларнинг АТВларга қўйилиши, таъмирлашга,
модернизация ва қайта жиҳозлаш ишларига сарфланиши тегишли
далолатномалар билан расмийлаштирилади.
Эҳтиёт қисмларнинг автотранспорт корхонасидан четга чиқиб кетиши,
масалан, зарурат юзасидан сотилиши, бепул берилиши, таъсис бадали сифатида
киритилиши тузилган шартномалар асосида амалга оширилади. Бу мазмундаги
операциялар счёт-фактуралар билан расмийлаштирилади.
Автотранспорт корхоналарида моддий жавобгар шахслар (омбор
мудирлари, устахона бошлиқлари, гараж мудири) ўзларининг моддий
жавобгарлигидаги эҳтиёт қисмлар бўйича ҳисоб сиёсатида белгилаб қўйилган
муддатларда уларнинг ҳолати ва ҳаракати тўғрисида икки нусхада ҳисобот
тузади. Ҳисоботнинг биринчи нусхаси барча бошланғич ҳужжатлар билан
биргаликда бухгалтерияга топширилади. Унинг қабул қилиб олинганлиги
тўғрисида бухгалтер томонидан имзоланган иккинчи нусхаси моддий жавобгар
шахсга қайтарилади.
Автотранспорт корхоналари амалиётида эҳтиёт қисмлар ҳолати ва
ҳаракати тўғрисида ҳисоботни соний кўринишда тузиш усули кенг
қўлланилади. Ушбу усулда моддий жавобгар шахслар ҳисоботда эҳтиёт
қисмлар ҳолати ва ҳаракатини фақат соний кўринишда акс эттиради.
Бухгалтерияда моддий жавобгар шахсларнинг ҳисоботлари асосида эҳтиёт
қисмларнинг ҳолати ва ҳаракати бўйича соний-суммовий кўринишда айланма
қайдномалар тузилади. Ушбу айланма қайдномалар эҳтиёт қисмлар бўйича
аналитик ҳисоб регистрлари бўлиб ҳисобланади.
Автотранспорт корхоналарида омбордаги эҳтиёт қисмларнинг синтетик
ҳисоби 1040 «Эҳтиёт қисмлар» счётида юритилади. Эҳтиёт қисмларнинг
омборларга кирими, шунингдек уларнинг омборлардан фойдаланишга
берилиши, сотилиши ва бошқа чиқимлари ушбу счётда қуйидагича акс
эттирилади (19.1-жадвалга қаранг).
Do'stlaringiz bilan baham: |