Миллий озодлик ҳаракатлари. Туркистон ўлкасида империя маъмурларининг мустамлака сиёсатига қарши ҳаракатлар (турли кўриниш ва миқёсларда) Россия империяси Ўрта Осиёни босиб олаётган пайтлардаёқ бошланган бўлса-да, улар шафқатсизларча бостирилиб борилди. 1873-1876 йиллар Қўқон хонлигидаги Пўлатхон бошчилигидаги қўзғолондан сўнг ўлканинг бир қанча ҳудудларида халқ оммасининг норозилик ҳаракатлари бўлиб ўтди.
Россия империяси босқинига қарши ҳозирги Ўзбекистон ва Қирғизистон республикаларининг тоғли ҳудудларида “Олой маликаси” номи билан машҳур бўлган Қурбонжон додхох 1876 йилнинг охирига қадар босқинчиларга қарши курашиб келган. Унинг қўшинларига қарши юборилган генерал Скобелев бошлиқ рус қўшинлари қўзғолончиларга қарши ҳаракатларда енгилганлиги боис, мустамлакачи маъмурлар Қурбонжон додхох билан сулҳ тузишга мажбур бўлдилар. Ана шундай ҳаракатлардан яна бири 1878 йилда Мингтепа (Андижон) да Етимхон бошчилигида бўлиб ўтган исёндир. Бу исёндан сўнг Фарғона вилояти генерал-губернатори вилоятдаги маҳаллий аҳолидан ғайриқонуний солиқ ундирувчиларни ишдан олиб ташлашга мажбур бўлган. 1885-90 йилларда Андижоннинг Қўрғонтепа уездида Дарвешхон тўра бошчилигидаги халқ ҳаракатлари бўлиб ўтди. Аммо, бу ҳаракатлар рус маъмурлари томонидан шафқатсизларча бостирилди.
“Вабо исёни” номини олган 1892 йилги Тошкент қўзғолони Х1Х аср охиридаги муҳим ҳаракатлардан бири бўлди. Бу қўзғолон кўплаб тарихий адабиётларда ўлкада вабо касали тарқалиши олдини олиш учун бўлган ҳаракат деб таърифланган бўлса-да, аслида бу қўзғолон Россия империясининг ўлкадаги мустамлакачилик сиёсатига қарши қаратилган ҳаракат бўлиб, мустамлакачилик зулмига қарши қаратилган миллий озодлик курашининг бир босқичм эди.
1898 йил май ойида Андижонда мустамлакачи маъмурларнинг зулмига қарши яна бир озодлик ҳаракати бўлиб ўтди. Андижоннинг Мингтепа қишлоғида бошланган бу қўзғолон тарихда “Андижон қўзғолони” деб ном олган бўлиб, унга Муҳаммадали Эшон – “Дукчи Эшон” бошчилик қилди. Мустамлакачилар қўзғолонни шафқатсизларча бостириб, унинг раҳбарини дорга осган бўлсаларда, Фарғона водийсининг Асака, Қува, Шаҳрихон, Ўш, Марғилон каби шаҳар ва қишлоқларида норозилик ҳаракатлари кенг ёйилди. Аммо, рус қўшинлари барча ҳаракатларни ваҳшийларча бостирдилар.
ХХ асрнинг бошларига келиб ўлкадаги халқ ҳаракатлари янги босқичга кўтарилди. Айниқса, 1900-1903 йилдаги иқтисодий инқирозлар ўлкадаги маҳаллий аҳолининг аҳволига салбий таъсир этиши деҳқонларнинг омавий норозиликларига сабаб бўлди. Ана шундай норозилик ҳаракатларидан бири 1904-1907 йилларда Самарқанд вилоятида бўлиб ўтди. Бу ҳаракатга рус мустамлакачилари орасида “Намоз ўғри”, халқ орасида “Намоз ботир” деб ном олган Намоз Пиримқулов бошчилик қилган. Бу ҳаракат Самарқанд вилоятининг Самарқанд, Катта қўрғон, Жиззах ва Хўжанд уездларида кенг тарқалиб, генерал-губернатор маҳкамаси Намоз ботир операцияси учун махсус қўшимча маблағ ажратганлиги бу ҳаракат рус маъмурларини анча ташвишга солганлигидан далолат беради.
Биринчи жаҳон урушининг иқтисодий асоратлари меҳнаткаш аҳоли бўйнида оғир юк бўлиб турган вақтда 1916 йил 25 июнда Николай II нинг “Империядаги рус бўлмаган эркак аҳолини ҳаракатдаги армия районларида мудофаа иншоотлари ва ҳарбий алоқа йўллари қуриш учун олиб бориладиган ишларга, шунингдек, давлат мудофааси учун зарур бўлган бошқа ҳар қандай ишларга жалб қилиш ҳақида” фармони (мардикорликка олиш) эълон қилинди. Ушбу фармонга кўра Сибир, Ўрта Осиё, Қозоғистон ва Кавказорти халқларидан 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган 400 минг киши сафарбар қилиниши режалаштирилган эди.
Туркистон генерал-губернаторига ушбу фармонни зудлик билан амалга оширилиш буюрилиб, Сирдарё вилояти зиммасига 87 минг, Самарқандга 88 минг, Фарғонага 50 минг мардикор юбориш вазифаси юклатилди. Натижада 1916 йилнинг 4 июлида савдо ва ҳунармандчилик маркази бўлган Хўжанд шаҳрида, ундан кейин Самарқанд, Жиззах, Каттақўрғон, Тошкент, Қўқон, Андижон уездларида норозилик ҳаракатлари авж олди. Бу ҳаракатларнинг энг йириги Жиззахда бўлиб ўтди. Тарихда “Жиззах қўзғолони” деб ном олган бу ҳаракатга Назирхўжа Эшон бошчилик қилган. Даҳшатли тус олган ушбу қўзғолонни бостириш учун Туркистон генерал-губернатори Жиззахга икки ярим минг кишилик жазо отрядини юборди. Аёвсиз қирғинлар эвазига қўзғолон шафқатсизларча бостирилди.
Хуллас, чор Россияси мустамлакачилари Ўрта Осиё ҳудудларини босиб олганларидан сўнг улар зулмига қарши норозилик ҳаракатлари доимий давом этиб турди. Миллий озодлик ҳаракатлари даставвал маҳаллий халқларнинг иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётидаги тенгсиз ва адолатсизликка қарши стихияли норозилиги сифатида шаклланиб борди. Кейинроқ эса, бундай ҳаракатлар чоризм мустамлакачилигига бутунлай барҳам бериш, янги мустақил Туркистон давлатини барпо этиш ғоялари билан боғланди-ки, бундай ғояларнинг шаклланиши ва ёйилишида жадидлар алоҳида жонбозлик кўрсатган эдилар.
Хулоса қилиб, айтиш мумкинки, чор Россияси мустамлакачилиги даври Ўрта Осиё давлатларининг ҳаёти, сиёсати, иқтисодиёти, ижтимоий тузуми ва давлатчилигидаги муайян ўзгаришлар билан боғлиқ бўлиб, улар қуйидагилардан иборатдир:
Чор Россиясининг ҳарбий истилоси оқибатида Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликлари забт этилди.
Ҳокимиятнинг мустамлакачиликка асосланган тузилмасини ўрнатилиши оқибатида Қўқон хонлиги бутунлай тугатилди. Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги ярим мустамлакага айланди.
Чоризмнинг иқтисодий ва сиёсий ҳукмронлигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган қонунчилик ташкилотлари пайдо бўлиб, Россия савдо, саноат ва молия капитали ҳукмронлиги ўрнатилди.
Ўрта Осиё ва Россия ўртасидаги маҳсулот айирбошлашни кенгайтириш, мустамлакачилик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда минтақанинг иқтисодий тузилмасида аниқ ўзгаришларни амалга оширишга йўналтирилган янги иқтисодий шароитларнинг яратилиши оқибатида ўлка Россиянинг арзон хом ашё базасига айлантирилди.
Минтақа халқларининг миллий-маънавий манфаатлари ҳамда қадриятлари поймол этилди, уларнинг энг оддий ҳақ-ҳуқуқларига менсимаслик кайфияти билан қаралиб, улар оммавий равишда асоратга солинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |