Дифференциал диагнози. Сурункали парапроктит касаллигини чаноқ суяклари остеомиелити, думғаза соҳаси дермоид киста ва оқмаларидан фарқлаш керак.
Давоси. Сурункали парапроктит консерватив ва оператив йўллар билан даволанади. Консерватив даволаш муолажалари кўпинча бола туғилгандан кейинги дастлабки ойларда ва диаметри кичик бўлган тери билан туташадиган нотўлиқ оқмаларда қўлланилади. Бунинг учун кунига 3 марта калий перманганатнинг кучсиз эритмаси билан ўтирган ҳолда ванна қилинади ва ҳар ахлат қилгандан сўнг анал тешиги ва оралиқ соҳаси шу эритма билан ювилади. Нотўлиқ оқмани тери билан туташадиган тешигидан ўткир қошиқ ёрдамида қириб олиш ҳам яхши натижа беради. Бундан ташқари, склерозлаш мақсадида оқманинг ташқи тешигидан 0,5 мл 10% ли кумуш нитрат (ляпис) эритмаси ёки 3-5% ли йод настойкасини юбориш ҳам айрим пайтлари оқманинг битиб кетишига олиб келади.
Оператив даво операция олди тайёргарлигини ўтказишдан бошланади. Унинг тўғри ўтказилиши операция натижасининг яхши бўлишига олиб келади. Операция олди тайёргарлиги бир ҳафта мобайнида олиб борилади.
Сурункали парапроктитда оператив даво Г.А. Баиров бўйича 8 ойликдан кейин, А.И Ленюшкин бўйича оқма тўлиқ ҳосил бўлгандан бошлаб ўтказилади. Қўлланиладиган операция усуллари оқманинг анал сфинктерига муносабатидан келиб чиққан ҳолда танланади.
Операциядан кейинги давр. Операциядан кейин беморларга ётоқ режими тайинланади. Дастлабки кунлари уларга кефир, бульон, хом тухум истеъмол қилиш тавсия этилади. Профилактика мақсадида антибиотиклар, умумий қувватловчи дорилар буюрилади. Операциядан кейинги даврда жароҳат соҳасига УВЧ ва гелий-неонли лазер қўйилади. Кунига бир марта боғлами алмаштирилиб турилади, чоклари 7-10 кунлари олинади. Беморлар 1 йил давомида диспансер назоратига олинади ва ҳар 3 ойда бир марта қайта кўрикдан ўтиб турадилар.
Гематоген остеомиелитлар
Остеомиелит- бу суяк кўмиги, суякнинг барча қаватлари, суяк усти пардаси ва атроф тўкималарининг биргаликда йирингли яллиғланишидир.
Классификацияси
I. Этиологиясига қараб:
а) специфик остеомиелит (Кох таёқчаси, гонококк, оқиш трепонема,
бруцеллёз, актиномикоз ва ҳ.к.);
б) носпецифик остеомиелит (стафилококк, стрептококк, ичак таёқчаси ва ҳ.к.)
II. Инфекциянинг кириш йўлига қараб:
а) гематоген остеомиелит;
б) контактли остеомиелит.
Клиник кечишига қараб:
ўткир, ўткир ости ва сурункали босқичлари.
А. Ўткир гематоген остеомиелит:
а) маҳаллий-ўчоқли;
б) септикопиемик;
в) токсик (адинамик, яшин тезлигида кечувчи).
Б. Сурункали гематоген остеомиелит:
а) бирламчи сурункали гематоген остеомиелит (Броди
абсцесси, Олльенинг альбуминозли остеомиелити,
Гарренинг склерозловчи остеомиелити, Попкировнинг
антибиотикли остеомиелити);
б) иккиламчи сурункали гематоген остеомиелит.
IV. Қайси суякларда жойлашишига қараб:
а) узун найсимон суяклар остеомиелити;
б) ясси ва ғовак суяклар остеомиелити.
V. Узун найсимон суякларда жойлашишига қараб:
а) эпифизар остеомиелит;
б) метафизар остеомиелит;
в) диафизар остеомиелит;
г) тотал остеомиелит.
Do'stlaringiz bilan baham: |