Дифференциал диагнози. Ўткир парапроктит касаллигини анал тешиги ёриғи, проктит, ўткир колит, тўғри ичак ўсмаси, оралиқ флегмонаси ва думба соҳаси фурункули ёки фурункулёзларидан фарқлаш лозим.
Давоси. Ўткир парапроктит билан оғриган беморларни даволаш йирингли-яллиғланиш касалликларини даволашнинг 3 та қоидаси асосида комплекс равишда олиб борилади. Касалликнинг бошланғич, яъни инфильтрация босқичида консерватив даво қўлланилади: антибиотикотерапия, десенсибилизацияловчи дорилар, калий перманганатнинг илиқ эритмаси билан ванна, УВЧ терапия, лазер, малҳамли боғлам ва ҳоказолар.
Шу ўтказилган даво муолажаларидан сўнг натижа бўлмаса оператив даво қўлланилади. Болаларда операцияни умумий наркоз остида ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади. Операцион кесмалар радиал ёки ярим ойсимон шаклда ўтказилади
Сурункали парапроктит
Сурункали парапроктит болаларда ўткир парапроктитлардан сўнг ёки улардаги туғма параректал оқмалар ҳисобига ривожланади. Оқмалар тўлиқ ёки нотўлиқ бўлади. Тўлиқ оқмаларда ташқи тешиги тери билан, ички тешиги эса ичак шиллиқ қавати билан туташади. Нотўлиқ оқмаларнинг 2 хил шакли фарқланади: ички ва ташқи. Ички нотўлиқ оқмалар фақатгина шиллиқ қават билан, ташқи нотўлиқ оқмалар эса тери орқали туташади. Одатда туғма параректал оқмалар нотўлиқ, калта ва кам тармоқланган ҳолда учрайди. Оқмаларнинг анал сфинктерга муносабати бўйича сфинктердан ичкари (интрасфинктер), сфинктер орқали (транссфинктер) ва сфинктердан ташқари (экстрасфинктер) турлари тафовут қилинади.
Клиникаси. Касалликнинг клиник манзараси оқманинг нимадан сўнг келиб чиққанлигига, унинг диаметрига ва қайси соҳа билан алоқа қилаётганлигига боғлиқ бўлади. Туғма параректал оқмалар бола туғилгандан сўнг дастлабки ойларда (ички нотўлиқ оқма бунга кирмайди) кўрик пайтида аниқланади. Бунда анал тешиги атрофида ҳеч қанақа яллиғланиш белгиларисиз оқма тешиги кўзга ташланади. Кейинчалик ундан кам миқдорда серозли ажралма кела бошлайди (оқма диаметри кичик бўлса). Оқма беморларни узоқ муддат давомида безовта қилмаслиги мумкин. Айрим пайтлари оқма йўли ёпилиб қолиши натижасида ўша соҳада шиш, қизариш ва оғриқ пайдо бўлади. Беморларнинг тана ҳарорати кўтарилади ва ахлат қилиш пайтида оғриқдан безовталанади (хуруж даври). Агарда чақалоқ диаметри кенг оқма билан туғилган бўлса, оқмадан ахлат ва газ чиқиши кузатилади.
Ички нотўлиқ оқмалар узоқ вақт беморларни безовта қилмаслиги ва ҳеч қанақа клиник белгиларсиз кечиши мумкин. Қачонки оқмага ичкаридан инфекция тушса, беморларда ўткир парапроктитга хос клиник манзара юзага чиқади ва даволаниш, кейинги текширилиш давомида ички нотўлиқ оқма диагнози қўйилади.
Ёши катта болаларда сурункали парапроктит, одатда кечикиб ёки нотўғри даволанган ўткир парапроктитдан сўнг келиб чиқади. Айрим ҳолатларда парапроктит анал тешиги соҳасидаги туғма кисталарнинг ёрилишидан кейин ҳам вужудга келади.
Диагностикаси. Болаларда оқманинг жойлашган соҳаси ва унинг характерини аниқлаш учун бир неча хил усуллар қўлланилади. Улардан энг оддийси рангли синамадир. Бунинг учун марлидан тайёрланган тампон тўғри ичакка киритилади ва оқманинг ташқи тешигидан шприц ёрдамида 2-3 мл метилен кўки эритмаси (ёки бриллиант яшили) юборилади. Агарда беморларда тўлиқ оқма бўлса шу ранг тампонга ўтади ва рангли синама мусбат ҳисобланади. Кенг тўлиқ оқмани зонд киритиб аниқласа ҳам бўлади. Мураккаб ёки тармоқланган оқмалар фистулография ёрдамида аниқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |