Кундалик амалиётда энг қўлай ва кўп қўлланиладиган таснифи:
А. Анатомик шакли: (Лёнюшкин А. И., 1990)
Шиллиқ қават тушиши
I. Тўғри ичакнинг 2-2,5 см. гача тушиши
II. Тўғри ичакни 1/2 ва 2/3 қисми тушиши
III. Тўғри ичак ва сигмасимон ичакни бир қисми тушиши.
Б. Клиник шакли:
а) компенсация- Дефекация пайтида тушиши ва ўзи тўғриланиши.
б) субкомпенсация - Дефекация пайтида ичак тушиши ва қўл билан тўғриланиши сфинктер етишмовчилиги I-даража.
в) декомпенсация - ичак йўталганда, акс урганда, кулганда, йиғлаганда тушади сфинктер етишмовчилиги II-III-даража
Клиникаси ва диагностикаси.Тўғри ичакнинг тушиши касллик бошланишида кўзга ташланмайди. Кейинчалик эса тушиши ривожланади. Унинг белгилари, тушишнинг шакли ва даражалари тушишининг доимийлигига боғлиқ бўлади. Тушган шиллиқ парда тўқ қизил ёки унинг маркази ёриқсимон юлдузчали бўлади. Маълум вақт сфинктер тонуси сақланган бўлади. Шунинг учун чиққан ичак кийинчилик ва оғриқ билан тўғриланади. Бу эса ота-онасининг шунга аҳамият беришига олиб келади. Чаноқ туби мушакларининг гипотонияси ривожланиши билан шиллиқ парда осон тўғриланади, лекин шундай осонлик билан хам чиқади. Ичакнинг ҳамма қаватлари тушганда тушган қисми цилиндрик ва шарсимон бўлади. Шиллиқ парда кўкимтир рангда бўлиб, бир оз шишади ва тез қонаши мумкин. Касаллик қанчалик ўзок давом этса, қон кетиши шунчалик кўп бўлади. Баъзи ҳолларда ичак узоқ вақт тўғриланмай қолса, шиллиқ пардасида яра ҳосил бўлишига олиб келади. Касаллик аста-секин ривожланади. Касаллик бошланган даврда ичакнинг бир оз тушиши кузатилади ва леваторлар қисқариб, тортилиб ва қайтадан жойига киради. Кейинчалик узаяди ва тўғри ичакнинг чиқиши ўз-ўзидан тўғриланишининг иложи бўлмайди. Бу вақтда ота-онаси қўл билан тўғрилайди. Кечиктирилган ҳолларда ичак тушиши узайиб, дефекацияга боғлик бўлмай бироз жисмоний зўриқишда, босим ошганда, кулганда, аксирганда содир бўлади. Бунда фақатгина қўл билан тўғрилаш мумкин. Сфинктер кучсизланганлиги туфайли ичак ахлатни тўлиқ тута олмайди.
Касалликнинг анатомик шакллари келиб чиқишини клиник даврлари билан боғлик. Демак, тўғри ичакнинг чиқиши Iа, Iб, Iв, IIб, IIв, IIIб, IIIв хиллари бўлади. Ичакнинг қанча кўп қисми чиқса, касаллик шунча оғир кечади. Кам ҳолларда тўғри ичакнинг бирдан катта қисми тушади. Бу ҳолат фақат катта ёшдаги болаларда оғир нарса кўтарганда ёки жароҳат натижасида юз бериши мумкин. Агар ташқи сфинктер қисқариши сақланган бўлса, тушган ичак қисилиб қолиши мумкин. Бунда бемор анал тешиги атровидаги кучли оғриқдан шикоят қилади. Кўрик пайтида тушган ичак шишган, пайпаслаганда бемор кучли оғриқ сезади. Ранги кўкимтир қора бўлиб жойига тўғриланмайди. Бундай ҳолатларда анал тешиги умумий оғриқсизлантириш остида кенгайтирилиб, ичак тўғриланади.
Диагностикаси: чиққан тўғри ичакка ташхис қуйиш унчалик қийин эмас. Касаллик ҳақида ота-онаси ўзлари айтиб беради. Шунга қарамасдан врач тўғри ташхис қўйганлигини тасдиқлаш ва бошқа касалликларни инкор этиш мақсадида кўрикдан ўтказмоги лозим. Кўрик пайтида беморни чиққан ичагини кўрмаслиги ҳам мумкин. Касалликни билиш мақсадида беморга тозаловчи ҳўқна қилиниб тувакка ўтирғизиш лозим. Баъзи ҳолларда тўғри ичак тушишини анал тешиги орқали тушган тўғри ичак полипи ва инвагинат билан алмаштириш мумкин. Буни бармоқ билан кўрганда бир-биридан фарқ-ланади.
Давоси. Тўғри ичак тушишида 3 хил даволаш тафовут қилинади.
1. Консерватив даво. 4-5 ёшгача бўлган ва ундан катта бўлган болаларда Iа, Iб, Iв, IIб, IIв шаклларида қўлланилади. Консерватив даволаш уч йўналишда олиб борилади:
а) касалликни келтириб чиқарувчи сабабни йўқотиш (ич кетиши ва қотиши), витаминотерапия, овқатланиш таркибини яхшилаш ва ҳ.к. Ич қотганда вазелин ёғ бир чой қошикдан уч маҳал ичирилади ва тозаловчи ҳўқналар қилинади; б) бир вақтни ўзида дефекция вақтида қорин мушакларини минимум тортилишига олиб келишига харакат қилинади. Бунинг учун болани тувакка ўтиргизиш ман этилади, яъни орқа билан ётган ҳолда ва тик турган ҳолда ахлат қилиши керак, ёки анал тешигига тўғри келадиган тешик қилиб ясалган қопқоқли тувакка ўтқизиш лозим. Бу эса умумий комплекс давода жуда ахамият касб этади. Бунинг учун ота-онадан сабр ва чидамлилик талаб этилади. Уларга даво муддати ва даражаси боғлик бўлади. Даволаш муддати 2 хафтадан 3-4 ойгача; в) дефекациядан бошқа пайти ҳам болани кузатиб бормоқ лозим, қай вақт ичи тушса бирдан тўғрилаб қўймоқ керак. Қандай қилиб ичакни тўғрилашни врач бемор онасига тушунтириши керак: бола орқаси билан ётқизилиб, чиққан ичакка кўпроқ вазелин мойи суркалади, салфетка ёки полиэтилен плёнка билан аста-секин куч ишлатмасдан ичакка киритилиб юборилгач, думбалари бир-бирига лейкопластер ёрдамида тортилиб қўйилади.
Бундан ташкари анал тешиги мушаклари ва сфинктер аппаратини мустаҳкамлаш катта ахамиятга эга; физотерапия, даволаш физкультураси, электростимуляция.
Кўпчилик холларда бу ҳол яхши натижа беради. Даволаш муддати 2 ойдан 3-4 ойгача бўлиши мумкин. Шу муддат ичида бемор даво топмаса мураккаблашган даволаш усулига ўтилади.
2. Склерозловчи терапия. Бу усул, қўшимча усул бўлиб, 5 ёшдан катта бўлган болаларга тўғри ичак тушишининг IIв, IIIв босқичларида, ҳамда 5 ёшдан кичик бўлган болаларга консерватив даво фойда бермаганда қўлланилади.
Муолажа техникаси: инъекция учун 70 % ли этил спирт, 1,4 мл кг бола вазнига берилади, бироқ 20-25 млдан ошмаслиги керак. Умумий оғриқсизлантирилган ҳолда чап қўлининг кўрсаткич бармоғини тўғри ичакка тиқилади ва игна харакатини қаттиқ назорат остига олинади, чунки игна тўғри ичак деворига чуқур кириб кетмаслиги керак. Ўнг қўли билан аста-секин 3 шприц игнасини 6-7 см гача чуқурликкача Эта нуқтасига киритилади. Соат рақамлари бўйича соат 6-9 га тўғри келиши керак ва анал тешигининг қирғоғидан 1,5 см ташқарида бўлиши керак. Игна суқилган пайтда томчилаб спирт юборилади, охирида тўғри ичак ёт қатлами атрофида 1 хил текисликда бўлган инфильтрация юзага келади.
Бу муолажа ўтказилгандан кейин 3-5 кун мабойнида тўшак режими ва 10-14 кун давомида унитазга ёки тувакка ўтқазишга рухсат берилмайди, бола ахлат чиқариш ва сийиши ётган ҳолда бажарилиши лозим. Маҳсус парҳез тутилмайди. Агар муолажа тўғри қилинган бўлса, кичик ёшдаги болаларда соғайиш 1 марта инъекция қилингандан кейин юзага келади. Катта ёшдаги болаларда эса инъекцияни 3-4 кунда қайтариш лозим, агар 2 инъекциядан кейин мусбат натижа бермаса, манипулацияни давом эттириш фойдасиз.
Шуни назарда тутиш керакки бу муолажа катта эътибор ва маҳорат талаб қилади, акс ҳолда турли хил асоратларга олиб келиши мумкин. Мисол учун тўғри ичакка спиртни чуқур юборганда ёки бир жойга кўп юборганда тўқималар некрози ва парапроктитнинг оғир формаси юзага келиши мумкин.
3. Оператив даво.
Бу катта ёшдаги болаларда тўғри ичак тушишининг IIIв босқичида ва склерозловчи даво фойда бермаганда қўлланилади. Бу касалликда операциянинг кўп усуллари тавсия қилинган. Педиатрия практикасида Тирш операцияси С.Д. Терновский модификацияси билан бўлган операцияси қўлланилади.
Тирш - Терновский операцияси. Бу операция тўғри ичакка яхшилаб тозаловчи ҳўқна қилингандан сунг умумий оғриқсизлантириш остида ўтказилади. Беморни операция столига летотомик ҳолда ётқизилади. Орқа чиқарув тешигининг ён томонидан 1,5-2 см ўзокликда 2та симметрик 2-2,5 см узунликда тери кесилади. Бу яралар орқали Дешан игнаси билан орқа чиқарув тешиги атрофида қалин ипакли ип (5) ўтказилади ва уларни бармоқлар назорати остида боғланади. Бунда шуни ҳисобга олиш керакки, игна ичакни жароҳатламасдан ичак атрофидаги ёғ тўқимадан ўтмоғи лозим. Кесилган яралар тикилади, иплар операциядан 1-1,5 ой ўтгач олиб ташланади.
Даволаш натижаси. 90 % беморларда консерватив даводан кейин яхши натижа беради. Склерозловчи ва оператив даволаш асорат бергандагина ўлим қайд қилинади. Касалликнинг рецидив бериши турли хил авторлар буйича 2-12 % гача учрайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |