Ноинфексион кўз касалликларининг олдини олиш. Ноинфексион кўз касалликлари жумласига «шапкўрлик» киради. Бу касалликка дучор бўлган одамлар қоронғи тушиши билан деярли ҳеч нарсани кўрмайдиган бўлиб қолганидан нолийди. Кундузги ва етарлича равшан сунъий ёруғликда улар одатдагича кўраверади.
Касалликнинг сабаби кўпинча ёлчиб овқатланмасликда, айниқса овқатда витамин А бўлмаслигидадир; бунга баъзан жигар касалликлари, безгак ҳам сабаб бўлади.
«Шапкўрлик»нинг олдини олиш овқатда етарли миқдорда витаминлар, айниқса витамин А бўлишини таъминлашдан иборатдир. Овқатни витаминларга бойитиш учун балиқ мойи, поливитаминлар, мойда димланган ёки сутда пиширилган сабзи, ҳар хил кўкат, салат, исмалоқ, пиёз, шовул ва помидор ишлатилади. «Шапкўрлик»нинг олдини олиш учун овқатни яхшилашдан ташқари кун тартибига риоя қилиш, иш жойларини тўғри ва яхши ёритиш, махсус кўзойнак тутиб равшан ёруғликдан ҳимояланиш зарур.
Конюнктивит. Бу - кўз шиллиқ пардасининг ўткир яллиғланишидир. Кўзга микроблар, вируслар (грипп, қизамиқ вируслари ва бошқалар) тушиши, шунингдек, кўзнинг заҳарли моддалар, чанг, ҳаддан ташқари равшан ёруғлик билан таъсирланиши шу касалликка сабаб бўлади ва ҳоказо. Белгилари - кўзнинг қизариб ачишиши, ёш оқиши, қовоқлар орасига йиринг тўпланиши (хусусан уйқудан кейин ва бошқалар). Ўткир яллиғланиш 1,2 ҳафта, нотўғри даво қилинганида эса бундан ҳам ортиқроқ давом этади. Касал бўлиб қолган киши, албатта шифокорга бориши керак, шифокор даво тайинлайдн. Бу касалликнинг олдини олиш учун кўзни чангдан эҳтиёт қилиш (чанг чиқадиган иш пайтида ва қум бўронлари кўтарилганида кўзойнак тақиб олиш), ифлос қўл ва дастрўмол билан кўзни ишқаламаслик керак. Кўз қаттиқ оғрийдиган бўлса (шифокорга боргунча) кўзга содали сувдан компресс қилиш мумкин (150-200 г сувга ичимлик содасидан 0,5 чой қошиқ). Кўзга чўп ёки чивин тушганида ҳам кўзни шу эритма билан ювиб ташласа бўлади (томизгичдан фойдаланиб). Кўзга тушган нарсани ифлос дастрўмолнинг чети билан, тил солиб ва ҳар хил тасодифий буюмлар билан олиб ташлаш мутлақо ярамайди.
Кўзга жароҳатлайдиган бирор нарса (металл қириндиси бўлаги ва бошқалар) тушган деб гумон қилинганида шифокорга бориш, албатта шарт.
Говмижжа. Мана шу оддий ном тилга олинганида кўз қовоқлари четидаги ёғ безининг йирингли яллиғланиши назарда тутилади. Говмижжага йиринг туғдирадиган бактериялар сабаб бўлади.
Касаллик заифлашиб қолган болаларда тезроқ авж олади ва кўпроқ учрайди. Бу касаллик кўз қовоғининг қизариши ва керкиб, оғриб туриши, баъзан бир неча кун мобайнида оғриши билан намоён бўлади. Сўнгра йиринг уч беради. Моддалар алмашинуви бузилганида, одам дармони қуриганида касаллик кўпинча такрорланиб туради, баъзан иккинчи кўзга ўтади.
Говмижжанинг олдини олиш-гигиена қоидаларига амал қилиш (қўллар, дастрўмоллар, ўрин-кўрпанинг тоза бўлиши), очиқ ҳавода сайр қилиш, витаминларга, айниқса витамин В2, га бой овқатлар билан овқатланиш, мўл-кўл сабзавот, лекин камроқ углеводлар ейишдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |