Умаршайх Мирзо Фарғона ҳукмдори
Умаршайх Мирзо Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг отасидир. Абу Саид Мирзонинг тўртинчи фарзанди бўлиб, 1456 йилда Самарқандда туғилди. Онаси Шоҳсултон бегим эди. Абу Саид Мирзо Хуросонни ўзига бўйсундаргач, унинг тобелигидаги ҳудудлар кўпайиб кенгайиб кетди. У эгалланган вилоятларни ўз ўғилларига мулк қилиб бўлиб беради. Абу Саид Умаршайх Мирзо ўғлига дастлаб Кобул вилоятини берди. Умаршайх Мирзо жуда ёш бўлганлиги учун Бобойи Қобулийни унга оталиқ (отабек) қилиб тайинлайди. Бироқ яна режаси ўзгариб Султон Абу Саид Мирзо катта бобоси Амир Темурга тақлидан (Соҳибқирон иккинчи ўғли Умаршайх Мирзога Фарғона вилоятини берган эди) Фарғонани ўғли Умаршайх Мирзога берди. Худойберди ўғли Темуртошни унга отабек қилиб тайинлаган эди. Кейинчалик Тошкент ва Сайрам ҳам Умаршайх Мирзо тобелигига ўтади. Бироқ қариндош мирзолар ўртасида ҳудудий низолар кучайиб Тошкент, Сайрам ва Шоҳруҳия вилоятлари қўлдан-қўлга ўтиб турадиган ҳудудга айланди. Ушбу ҳудудлар мўғул хони Юнусхон тасарруфига ўтгунча жанг талаб майдонлар бўлиб қолаверди. Шу тўғрида Мирзо Мухаммад Ҳайдарнинг «Тарихи Рашидий» машҳур асарида қимматли маълумотлар берилади. Унда ака-ука Султон Аҳмад ва Умаршайх Мирзо ҳамда Юнусхоннинг Тошкент ва Шоҳруҳия ҳудудлари устида ўзаро ғанимлашувига доир воқеалар ёритилгандир: «Вақтеки жадал ва мухолифат Умаршайх Мирзо (Бобурнинг отаси) ва султон Ахмад Мирзо бу тарихида футулгандур, бу тариқа доҳили йўқ. Aммo бу тарихда лозим зикр улдирки, Шайх Жамол Тошкандни Умаршайх Мирзоға ҳукм қилғондин кейин қалъаи Шоҳруҳия ҳам Мирзо Умаршайхнинг забтиға кирди. Бу икки вилоятнинг тўфасида (устида) Мирзо Султон Аҳмад ва Мирзо Умаршайх муъориза (тортишиб, жанжаллашиб) қилишиб қаттиқ низо қилди. Вақтеки бу воқеа 1485 милодий йилда содир бўлган эди. Мирзо Султон Аҳмаднинг тааррузи Тошканд тўфасида бўлди». Султон Ахмад Мирзо Самарканд ҳукмдори укаси Умаршайх Мирзодан Тошкент ва Шоҳруҳияни тортиб олиш учун катта куч билан йўлга чиққани хабари келади. Натижада Умаршайх Мирзо Юнусхондан ёрдам сўрайди. Юнусхон ҳам бу вилоятларни эгаллашдан умидвор бўлиб шу вазиятдан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилади. Бу ҳақдаги воқеаларнинг бориши «Тарихи Рашидийвда тубандагича баён этилади: «Мўғулларни Мўғулистон тарафига қўя бериб, ўзи Сайрамда бўлиб, (Юнусхон) ўзининг чўнг ўғли (катта фарзанди) Султон Маҳмудхонни ўттуз минг киши бирла Султон Аҳмад Мирзонинг муқоталасиға (тўқнашув) йиборди, теби келиб жанги азим пайдо қилдилар. Вақтеки бу хабар ҳазрати қутби доираи иршод, маҳбуби ҳазрати илаҳ хожа Насриддин Убайдуллоҳға етти, (қайд этилаётган инсон Хожа Аҳрор Валий бўлиб, темурийзодалар орасидаги низо-нифоқларнинг олдини олиш, халқ тинчлиги ва осойишталиги учун жуда катта хизматлар, жонбозликлар кўрсатар экан сиёсий обрўси энг кучайган даври эди) улар киши юбордиларки, бизлар ҳам борамиз, деб. Ондин бу хабар уч султонға етти» (булар Умаршайх Мирзо, Султон Махмуд Мирзо ва Султон Аҳмад Мирзолардир). Уч тарафнинг қўшини қирпичоқ бўлишга шай турардилар. Ғанимлар жанг бошлашнинг сўнгги тадорини кўраётган бўлиб, жанг сурони чалинишига бир неча дақиқалар қолган эди. Худди шу вақтда Хожа Аҳрор Валий тулпорини елдирганча майдон марказига кириб келди. У ўз шогирдлари қуршовидан чиқиб ҳайқириб бир-бирларини ғажишга тайёр турган қўшин султонларига мурожаат қилди: «Эй биродаркуш ғанимлар. Сизларга нима етмайди. Сизларнинг душманлиғ ҳудуд талашувларингиз бир-бирингизнинг қонингизни тўкиб мол-дунё орттириш, шаҳару қишлоқларни вайронага айлантириб, халқ, эл-улус тинчлиги, осойишталигини бузишдан мақсадингиз недур? Ахир ҳукмдорларнинг бурчи, вазифаси эл-юрт ғамини ейиш, обод қилиш, фаровонлигини таъминлашдан иборат эмасму? Нега бир-бирингизни оч бўрилардек тилка-пора қилишларингиз керак, агар жуда жанг Талаб бўлсангизлар аввал қўшинингизни менинг жасадим устидан юритинглар, ё жаҳл, жоҳиллик отидан тушиб муроса йўлига ўтинг, вассалом, халқнинг қарғишини эмас, дуосини олинг!»
Тарихчи Мирзо Муҳаммад Ҳайдар ўз асарида ушбу зиддиятли ҳолни шундай тасвирлаган эди: «Вақтеки ҳазрати эшон етиб келиб, Мирзо Султон Аҳмаднинг лашкарига тушдилар. Ва Хон (Юнусхон назарда тутилмоқда) ва Умаршайх Мирзонинг олдиға киши юбордилар, сулҳга турдилар. Ва уларнинг муборак нафасларини ҳеч киши рад қилолмади, анинг учунки, аҳлуллоҳга фано даст бериб ўзлукидин чиқибдурлар. Ҳар нарсаики улардин вужудға келса, ани қилғучи ҳақиқатда ҳақ таоло ўзи бўлғай. Қандоқ кишики ҳақ таолоға саркашлик (қаршилик қилмоқ) қилишлариға мажол бўлғай, ҳосил улки, бу уч подшоҳки ҳар қайсиси ўз мақсудининг пайида лашкар рост қилибдурлар, ул ҳазрат (Хожа Аҳрор Валий) келиб ҳаммалариға таскин берди. Бу уч подшоҳни бир жойға ўлтурғизуб ҳар бирига ахд ва шарт қўйдирдиларки. Тошкандни Юнусхонга бердилар. Султон Аҳмад Мирзоға Самарканд ва Умаршайхга Фарғонани амр қилдилар». Хожа Аҳрор Валийнинг халқпарварлик ва бағоят ватанпарварлик саъй-ҳаракатлари билан ёнаётган уруш оловига сув қуйиб ўчирилди. Сўнгра Султон Маҳмудхон ҳузурига йўл олиб ҳикмат учун ва сабоқ бўлсин деб ёниб бўлиб лаққа чўғга айланаётган жойга уни чақиртириб чўғ устига тупроқ ташлашни буюрди. Сўнгра ўзлари ҳам тупроқ келтириб ташлади. Чўғ аланга олиш хавфидан қутулди. Хожа Аҳрор Валий Султон Маҳмудхонга «Мана олов ўчди бу ёғига осойишта яшаб халқ ғамида фаолият юритсангизлар бўлади» дея хотиржам кетиш тараддудига тушди, чунки бу улуғ инсон катта сиёсий ишни амалга ошириб бўлган эди. Ҳақиқатан тарихий буюк шахслар ана шундай эзгу ишларга бош қўшиб ўзларининг ҳаётларини таҳдид остига қўйиб бўлсада, халқ, Ватан манфаати учун яшаб тарихга кирадилар. Хожа Аҳрор Валий ана шундай улуғ зотлардан эди.
1493-1494 йилларда Султон ва Хонлар ўртасида сиёсий вазият янада қалтислашди. Ҳудудий талашув муаммолари юзага келди.
Юқорида таъкидлаб ўтилган сулҳ тузилгандан кейин уч йил ўтиб жангларнинг бирида оғир яраланган Тошкент хони Юнусхон 1487 йилда вафот этди. Ўрнига катта ўғли Султон Маҳмудхон Тошкент хонлиги тахтини эгаллайди. У мол-дунёга ҳирс қўйган, ваъдасида турмайдиган феъл-атвор эгаси бўлган. Шу боис гарчи Умаршайх Мирзо Юнусхоннинг қизи Қутлуғ Нигор хоним яъни Султон Маҳмудхоннинг опасига уйланган бўлишига қарамай Фарғона мулкига кўз олайтириб уни эгаллаш пайида бўлди. Фақат ўз манфаатини кўзлаб истаган пайтда хиёнат қилиш фикридан қайтмади. Аммо охир-оқибат бу хиёнат ва сотқинликлар бир кунмас бир кун Султон Маҳмуднинг фақат ўзига эмас, бутун оиласига қасос жавоби бўлиб қайтишини ўйламаган эди. Нимани эксанг шуни ўрасан, ёхуд қайтар дунё деган матал ана шу ҳодисотлар боис ҳаёт сабоқлари бўлиб ҳикматга айланган бўлса не ажаб. Унинг фожеали тақдири Шайбонийлар босқини билан боғлиқ бўлгани сабабли ўз ўрнида кейинроқ ёритилади.
1493 йилда Умаршайх Мирзонинг катта акаси Султон Аҳмад Мирзо Хўжанд суви жанубидан Султон Маҳмудхон эса шимол тарафдан Фарғона мулкига юриш бошладилар. Уларнинг бирлашган қўшини бирданига уч йўналишда ҳужум бошлаб Андижон, Ахсикент ва Марғилон қалъаларини қамал қилдилар. Айни шу пайтда Ахсида Умаршайх Мирзонинг фожеали ҳалокати ҳақида хабар келиб оти билан жарга қулаб ҳалок бўлганлиги ҳақида фожеали хабари Андижонга етиб келади.
Водийнинг кент ва қалъалари уруш ва қамал талатўп ҳодисалари авж олган воқеалар «Тарихи Рашидий» асарида бундай тарзда баён этилган: «Умаршайх Мирзонинг бошиға кабутар хонаси йиқилиб (у кабутар ишқибози бўлиб, кабутархона тик жарлик устига қурилган бўлиб, узоқ йиллар сел олиб таги зил кетиб унга шу ердаги хизматчилар ҳам эътибор бермаганлар. Натижада катта ўпирилиш содир бўлган) анинг бирла ҳалок бўлди. Тарихга саккиз юз тўқсон тўққуз (1494) эрди. Вақтеки бу хабар Султон Аҳмад Мирзога етди. Андижонга лашкар тортиб келди, мабодо мўғул лашкарининг қўлига тушмай, деб Умаршайх Мирзонинг подшоҳзодалари мардоналик қилдилар. Умаршайх Мирзонинг ўғли Заҳириддин Муҳаммад Бобур подшоҳ ўн икки ёшда эрди, они подшоҳ қилиб кўтардилар, Султон Маҳмудхонга илтижо қилдилар. Султон Аҳмад Мирзо Марғилонни қамал қилиш асносида оғир касалга учради, вафот топди. Умаршайх вафотидан қирқ кундин кейин Султон Махмуд Мирзо Хисордан келиб Самарканд тахтига акасининг ўрниға ўлтириб, олти ой подшоҳлик қилди, андин вафот бўлди. Анинг ўрнида Бойсунгурки (у Султон Махмуд Мирзонинг иккинчи ўғли бўлиб 1477 йилда Хисорда туғилган, онаси Пошшо бегим эди) ул подшоҳ бўлди. Ондин Султон Маҳмудхон Самарканд тахтини тамаъ қилиб Самарқандға келди. Бойсунгур Мирзо Камей деган мавзеда қўшин билан унга рўбарў бўлди, бироқ хонга шу ерда шикаст етди» дея ушбу зиддиятли жараённи тасвирлаган эди муаррих Мирзо Мухаммад Ҳайдар.
Умаршайх Мирзодан уч ўғил ва беш қиз қолди. Улар бешта маликалардан туғилган фарзандлар эдилар. Қутлуғ Нигор хонимдан бир қиз, бир ўғил туғилди. 1478 йилда Хонзода бегим ундан кейин беш йил ўтиб Заҳириддин Мухаммад Бобур дунёга келди. Мўғул хотини Фотима Султон бегимдан Жаҳонгир Мирзо (1485 йил) исмли ўғил, андижонлик хотини Умид оғачадан Меҳрибону бегим (1478 йил) исмли қиз, Носир Мирзо (1487 йил) исмли ўғил ва Шаҳрибону (1491 йил) исмли қиз туғилган. Оға Султон бегимдан Ёдгор Султон бегим (1494 йил) исмли қиз туғилган. Султон Махдум исмли канизагидан эса Руқия Султонбегим (1494 йил) исмли қиз туғилган эди. Махдум Султон бегимни Қоракўз бегим дея чақиришган.
Бу икки оила — Юнусхон ва Умаршайх Мирзо аждоду авлодлари ўзаро қуда-андачилик ҳамда қариндошчилик муносабатларидангина эмас Мўғулистон ва Марказий Осиё халқлари тарихининг долғали даври XV аср ўрталари XVI аср биринчи чораклари оралигидаги сиёсий жараёнларида битта қушнинг икки қаноти қабилидаги катта аҳамиятли воқеаларнинг муштарак ижодкори бўлдилар. Шу муносабат билан бу тақдирдош ва қариндош турк-мўғулларнинг этник ва сиёсий майдондаги қисматдошлик такдири ва тарихини муштарак ҳолатда ёритиш кўп воқеаларга ойдинлик киритадики бу эса Умаршайх Мирзо ва Заҳириддин Мухаммад Бобур Мирзо даври ҳаётини китобхонларимиз илдизига қадар англаш имконини беради. Негаки, қанчалик чуқур билиб ўргансак тарихий онгимиз шунчалик юксалади. Улуғ аждодларни англаш эса ўзликни англаш демакдир. Ўзликни англаш эса миллий тикланиш ва миллий тараққиётнинг маънавий-маърифий пойдеворидир. Бинобарин буюк келажак ҳам буюк ўтмишдан бошланади. Темурий-бобурийзодалар тарихи ҳам шу йирик воқеа ва тарихий ходисаларнинг таркибий қисмидир. Шу боис Заҳириддин Мухаммад Бобурдек буюк аждодимизнинг ота-она томондан тарихига мурожаат қилиш унга кенг қамровда назар ташлаш айни муддаодир фикрида мазкур оилаларни ҳаёт ва сиёсий курашлар қайновидаги тарих кўзгуси орқали идрок қилишга ҳаракат қиламиз. Бу асло фойдадан холи бўлмас. Маданий оламнинг бетакрор ва бемисл инсонини тарбиялаб, уни опичлаб ўстирган шоҳ Бобурнинг онаси Қутлуғ Нигор хоним чингизий хонлар авлодидан бўлмиш Тошкент хони Юнусхон ва Эсондавлат бегимнинг оиласида дунёга келди. Тошкент хони Юнусхоннинг катта маликаси бўлмиш Эсондавлат ундан уч қиз кўрди. Энг каттаси Меҳринигор хоним бўлиб, Умаршайх Мирзонинг катта акаси Абу Саид Мирзонинг биринчи фарзанди Султон Аҳмад Мирзога олиб берилган. Бу ташаббус ҳам шунингдек Эсондавлат бегимнинг иккинчи қизи Қутлуғ Нигор хонимни Умаршайх Мирзога никоҳлаб бериш Абу Саид Мирзодан чиққан. Шу тариқа икки ака-укага икки опа-сингил узатилган. Шу жиҳатдан Меҳринигор бегим Бобур Мирзонинг катта холаси ҳисобланади.
Аммо Меҳринигор бегимнинг ҳаёти кейинчалик фожеа билан тугади. Бошидан аянчли кунларни кўплаб ўтказади. 1494 йил Султон Аҳмад вафот этгандан етти йил ўтгач Шайбонийхон томонидан асирга олиниб, Меҳринигор хонимни ўз никоҳига киритади. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўгай бувиси Шоҳбегим Шаҳрисабздан Хуросонга жўнаганда Меҳринигор хонимни ҳам ўзи билан Хиротга олиб кетади. Муҳаммад Хусайн Мирзо уларни Кобулга Бобур қароргоҳига жўнатади. 1504 йилгача у ерда яшаб, 1508 йилда жияни Мирзахон билан Бадахшонга борганида Муборакшоҳ уларни қалъаи Зафарга таклиф қилади. Йўлда Абубакр Дўғлат ҳужум қилиб, Меҳрнигор хоним ва унинг ҳамроҳларини қўлга олади. Мол-мулкини талаб ўзларини зиндонга ташлаб азоб-уқубатларга дучор қилади ва кўп ўтмай улар зиндонда вафот этадилар.
Бобур Мирзо пешонасига қисмат битиги қилиб муҳрланган эдики, ўн икки ёшли шоҳга тож кийдирилар экан, шундан эътиборан у кўрмаган азоб-уқубату чекиниш ва қочиш-қувилиш жабҳалари қолмаган бўлсин. Ёш болакай Бобур Мирзога гарчи узоқ йиллар ҳукмдор дея эълон қилинсада, бироқ тахтда ўтириш насиб қилмади. Ўн икки ёшидан саркарда жангчи бўлиб сиёсий вазият қалтислиги қўлига қилич олиб жангга киришга мажбур қилди. Унинг шундан кейинги ҳаёти суронли жангу-жадалларда ўтди Мураккаб сиёсий тўфон ва зиддиятлар унинг тақдир кемасини неча бор ҳалокат қояларига урилишига бир баҳя қолдирган ҳолатлар кўп бўлди. Буюк Темур бобосидан кейин шаҳзодалардан шаҳзодаларга ўтиб келаётган тожу тахтга муносиб темурийлар жангу жадалларда шахмат тахтасидаги доналардай курашлар гирдобида тобора сафлари сийраклашиб борарди. Уларнинг бири ғолиб бўлса бошқа бири эса ўша курашларда мағлублик аламини тортишга мажбур эдилар. Хуросонда қудратли темурийлар салтанатини қўлга киритган довруқли Султон Хусайн Бойқаро XV аср охири ва XVI аср бошларида ўғли ва неваралари низо ва жанжалларини бир ёқлик қилолмай улар ўртасида инқирозни тўхтата олмай боши гаранг ҳолатда эди. Ҳолбуки, бу вақтда Дашти Қипчоқ ўзбеклари Шайбонийхон Мовароуннаҳрга қаттиқ кўз тикиб ҳужумга эрк берган эди ҳам. Босқинчилик ҳаракатлари бошлангач, Турон замин оқибат қон тўкишларнинг бемисл кураш майдонига айланиб кетди.
Бундан бироз олдин Мовароуннаҳрда Абу Саид Мирзо авлодлари тахт талашув мусобақасида қилич яланғочлашиб сурон кўтарган эдилар. Хулоса шу эдики, Жайхуннинг бепоён ўнгу сўл ҳудудларида темурийзодалар исён туғини баланд кўтарган. Бу ўзаро низоларда келиб чиқиши мўғуллардан бўлган Тошкент хони Юнусхон ворислари гоҳ у исёнкор томонда, гоҳ буниси тарафида туриб оловга ёғ қуйиб ўз улуш ва ҳиссаларини кўпроқ олиш пайида ҳар икки гуруҳлар томонида иттифоқчи бўлиб қатнашар эди.
Ана шу темурийзодаларнинг ўзаро курашида энг ёши кичиги бу Заҳириддин Муҳаммад Бобур Мирзо эди. У болалик даврини шўх-шодон ўтказиш жуда кам насиб қилган шаҳзодалар сирасидан бўлди. Болакайлик муҳитига жуда эрта нуқта қўйилиб, у сиёсий курашлар майдонига жанговар тулпорни ўйнатиб ўзи истамаган жанг маъракасида иштирок этиб қилич серпашга мажбур бўлди. Ҳатто унга тож кийиб тахтга ўтиришни тантанаворлик билан ўтказиш ҳам насиб этмади. Ҳали отасининг дафн маросими тугамаёқ Фарғона, яъни падари мулкига уч тарафдан ғанимлар мазкур ҳудуд даъвогарлари сифатида қўшин тортиб Фарғона томон келаётгани хабари келди. Ўн икки ёшли болакайга атаб тез жангда ўқ-ёйдан отилган ўқ, қилич ва найза зарбидан ҳимоя қилувчи жанговар лисоблар кийдирилди. У дастлаб ота мерос тахт ва Фарғона ҳудудини ҳимоя қилиб жангга кириши лозим эди. Аммо бундай энг оғир ва мураккаб вазиятда чор атрофдан ғанимлар ёпирилиб келаётганда падари даврида саройда шоҳона таом еб, қаймоқсиз нонушта қилмаган вазиру девонбеги, саркардаю лашкарбошилар шу нон-тузни оқлаб болакай ворис шаҳзодани сақлаб қолиш учун барчаси бир ёқадан бош чиқариб бир саф лашкар ҳолатига ўтиб якдил тура оладиларми? Бу мураккаб саволга шу воқеаларни содир этувчи парвардигордан ўзга ҳеч ким билмасди. Бу воқеалар оқибатига фақат вақт ҳакамлик қилади. Ким имони бут ўлса ўладики, қўлида қурол тутган жангчидан тортиб саркардага қадар, оддий сарой котибидан бош вазиргача сарой аёнлари отаси Умаршайх Мирзо берган нону тузни оқлаб ёш бола шоҳ Бобур Мирзони ҳимояга олади, ўлимга тик боқади, аксинча бўлса аввало имон-эътиқоди суст, субутсиз, иккиюзламачи амалдорлар эса шундай қалтис дамларда моли-жонини асраш учун хоҳлаган лаҳзаларда юртни тарк этиб ватангадоликка рози бўлса, бошқа бирлари эса ғанимга ялтоқлик қилиб унинг оти жиловини тутиб тўғри сарой остонасига ёвни бошлаб келтиришдан ор қилмайди. Бу зиддият ва мураккабликлар боис келадиган кўргуликларни ёш Бобур тортганидан ортиқчаси билан тортди. Ун сиёсий курашнинг тақдир ўйинлари оғир ва тобора гирдобли ҳудудлар сари элтаверди.
Бобур Мирзо илк бор ана шундай мураккаб вазиятда шоҳлик фаолиятини бошлади. Уни машаққатларнинг кўз кўриб қулоқ эшитмаган жабҳалари ўзига чорлар экан, кўпчилик оғир вазиятни чамалаб очилмай сўнишга маҳкум этилаётган болажон шоҳ экан-да қабилида ачиниб қараганлар ҳам анчагина эдилар. Аммо шербачча вақтдан илгарилаб тез шер ҳолатига ўсиб ўтишдан ўзга иложи йўқ эди. Ё ҳаёт, ё мамот. Йўқ, шер Бобур осонгина таслим бўлиш йўлини танламади. У буюк бобоси Соҳибқирон салтанатини сақлаб қолиш учун барча имкониятини сўнгги нафасигача сафарбар этади, вассалом. Бошига тушадиган ҳар қандай қийинчиликларни Худо берган ақл, сабр-бардош ва темир ирода билан бартараф этиб, садоқатли инсонларга таяниб Амир Темур бобокалонининг. ҳақиқий ворисига айланиши шарт, ўзга йўл эса мутлақ йўқ. Гарчи ёш бўлсада бу қарор Бобур Мирзонинг сиёсий кураши ибтидосидаги сиёсий-ҳуқуқий қасами бўлиб янгради. Ҳаёти ва курашининг асосий бош мазмунига айланди.
Олдинда кўз илғамас кураш, жангу жадаллар ҳудуди ястаниб ётарди. Ёш шоҳ Бобур Мирзо шу тариқа жанг суронига тортилди. Бу жанглар умр поёни қадар тўхтамади. Ана шу жанг суронларида ҳаёт ва кураш академиясининг фаол толиби илми, лашкарбошиси, олими, шоири, табиатшуноси, муаррихи, буюк маданият ва сиёсат арбоби, комил инсони Заҳириддин Муҳаммад Бобур бўлиб етишди ва шаклланди. Унга салкам ярим асрлик вақт сарфладики, бу мураккаб босиб ўтилган йўлнинг болалик ва ўсмирлик бекатларини ёритишга саъй-ҳаракат қиламизки, шу даврининг ўзиёқ бугунги ва келажак ёшларимизга темир иродали инсонлар бўлиб шаклланиб, Ватаннинг ҳақиқий ўғлонлари бўлиб етишувлари учун энг яхши мактаб бўлиб хизмат қилади.
Заҳириддин Мухаммад Бобур сиёсий кураш ва ҳарбу зарб майдонига кириб келиш солномаси мана шу тарзда бошланиб кетган эди. Шу тақдир жанглари уни тез улғайтириб болаликдан воз кечириб ҳақиқий жангчига айлантирган эди. Нафақат жангчи Бобур Мирзо ўзи иштирок этаётган воқеалар бу оддий ҳодиса эмас, балки Ватанни, қолаверса жаҳон тарихи саҳифаларини безайдиган битикларга айланишини олдиндан билгандек «Воқеоти Бобурий» кундаликларини ёзишни ҳам канда қилмади. Шу сиёсий фаолияти билан у бир вақтда тарихий ўлкашунослик фаолиятига хам асос солди. Аслида ватанпарварлик ўз ўлкаси тарихи жуғрофияси, унинг табиатини ўрганишдан бошлашдек ғоят муҳим соҳа пойдевори ҳам Абу Райхон Беруний ва Заҳириддин Мухаммад Бобур Мирзолар номи билан боғлиқ эди. Ўлка солномасини даставвал падари ва ўзининг фаолиятини ёритишдан бошлаган бу кундалик солнома кейинчалик жаҳон олимлари ва маданият арбоблари, шарқшуносларининг юқори баҳосини олган дурдона тарихий- бадиийликни юқори савияда акс эттирган ва Бобур Мирзони жаҳоннинг буюк олимлари қаторидан ўрин олган тарихчи аллома даражасига кўтарилишини таъминлаган хотира асари бўлди. Бу асар жаҳоннинг энг машҳур олимларининг илмий тадқиқот объектига айланиб, дунёнинг элликка яқин тилларига таржима қилинди. Бу асар, яъни “Бобурнома” ҳақида юзлаб китоблар ёзилишига сабаб бўлди.
Заҳириддин Мухаммад Бобур дастлаб сиёсий кураш майдонига кириб борар экан, унинг илк ҳаракатлариданоқ келажаги буюкликка туташадиган шоҳлик куртаклари мавжудлигини намоён қила борса, «Воқеоти Бобурий» солномавий кундалигини битиб борар экан, забардаст тарихчи ва жаҳоний миқёсли маданият арбоби сифатида ўсиб камолга етиб келаётганлигининг даракчиси бўлди. Воқеаларни баён этиш, тасвирлашдаги истеъдод ва қобилиятлар ҳам шундан далолат берарди. Унинг фаолияти ва ижодининг жаҳонийлик аҳамиятини таъминлаган омил бу холислик, ростгўйлик фаввора бўлиб отилувчи иймон булоғининг покиза ва мусаффолиги бўлди. Бобур «Мирзо фаолиятидаги умумбашариятга ибрат бўлувчи мактаб бу ҳаққонийлик ва адаолат устуворлиги, уларнинг мардлик ва жасорат туйғулари билан иҳоталанди.
1494 йилда ўзининг ҳукмдорлик тахтига келишини Заҳириддин Муҳаммад Бобур Мирзо шундай баён этади: «Тангри таолонинг инояти ва коинот сарвари бўлган ҳазрат Расули акрамнинг шафоати, пок кўнгил чаҳарёрларнинг ҳиммати билан сешанба куни, рамазон ойининг бешинчисида, ҳижрий саккиз юз тўқсон тўққизинчи йили Фарғона вилоятига ўн икки ёшда подшоҳ бўлдим». Подшоҳ бўлди ҳам, аммо шундан эътиборан бахтли болалик билан ҳам хайрлашди. Талатўп жанг суронлари уни шу кундан бош-бошлаб қилич серпаш сари йўллади.
Бу пайтда Бобур Мирзо учун энг таҳликали кунлар бошланади. Султон Маҳмудхоннинг Фарғона вилояти шимолидан, Султон Аҳмад Мирзо Хўжанд тарафдан юриш қилиб, бир вақтда Ахси ва Марғилон ҳамда Қувани қамал қилиб бошқа бир лашкарийлик гуруҳлар эса Андижон тарафга йўл олган эдилар. Шаҳар халқи Андижон мудофааси учун оёққа қалқиб жанг тадоригини кўрдилар. Ёш ҳукмдор Бобур Мирзо Султон Аҳмад ҳузурига пири устози Хожа Мавлонойи Қози ва Узук Ҳасанни элчи қилиб жўнатади. Аммо бу музокаралар ҳам яхши натижа бермайди. Чунки қўшиндаги пиёда-ю суворий жангчиларнинг шу ҳарбий юришда босқинчилик орқали бойлик орттириш эҳтиёжлари бисёр эди. Қуваликлар қалъани ғанимга бермаслик учун мудофаа жангига қаттиқ тайёргарлик кўрадилар. Худди шунингдек Андижон бек ва аслзодалари ҳам шу фикрда якдил бўлиб, шаҳарни ҳимоя қилишга ҳаракат қилиб ҳимояланиш учун барча куч ва воситаларни ишга солдилар.
Бобур Мирзо учун энг таҳликали кунлар бошланади. Султон Маҳмудхоннинг Фарғона вилояти шимолидан, Султон Аҳмад Мирзо Хўжанд тарафдан юриш қилиб, бир вақтда Ахси ва Марғилон ҳамда Қувани қамал қилиб бошқа бир лашкарийлик гуруҳлар эса Андижон тарафга йўл олган эдилар. Шаҳар халқи Андижон мудофааси учун оёққа қалқиб жанг тадоригини кўрдилар. Ёш ҳукмдор Бобур Мирзо Султон Аҳмад ҳузурига пири устози Хожа Мавлонойи Қози ва Узук Ҳасанни элчи қилиб жўнатади. Аммо бу музокаралар ҳам яхши натижа бермайди. Чунки қўшиндаги пиёда-ю суворий жангчиларнинг шу ҳарбий юришда босқинчилик орқали бойлик орттириш эҳтиёжлари бисёр эди. Қуваликлар қалъани ғанимга бермаслик учун мудофаа жангига қаттиқ тайёргарлик кўрадилар. Худди шунингдек Андижон бек ва аслзодалари ҳам шу фикрда якдил бўлиб, шаҳарни ҳимоя қилишга ҳаракат қилиб ҳимояланиш учун барча куч ва воситаларни ишга солдилар.
Султон Ахмад гарчи сулҳга рози бўлишига қарамай унинг бебош саркардалари Андижон ва унинг атрофларини талон-тарож қилиш учун Андижон тарафга от қўяр экан, ундан тўрт йиғоч масофадаги Қувага етиб келиб уни қамалга олдилар. Ушбу юз берган воқеаларни «Воқеоти Бобурий» кундалигида шундай тасвирлаган эди: «Султон Ахмад Мирзо камгап, фақир ва одми киши эди. Ҳар бир маслаҳат ва иш-ҳаракати бекларсиз қарор топмас эди. Беклар бу сўзларга илтифот кўрсатмай, (бу ерда Бобур Мирзо Султон Аҳмад билан сулҳ тузган бўлишига қарамасдан беклари ва саркардалари уруш, талашни давом қилдиришга ҳаракат қилганига ишора қилмокда) ножоиз жавоблар (яъни тинчлик сулҳини беклар эшитишни истамаганлиги назарда тутилмоқда) айтиб, илгари қўзғалдилар (яъни босқинчилик ҳужумларини бир сония ҳам тўхтатмадилар). Оллоҳ таоло ўз комил кудрати билан ҳар ишимни ўз вақтида кишилар миннатисиз кўнглимдагидек юзага чиқариб келганки, бу сафар ҳам бир неча ишни сабаб қилди-ю, душманлар келганларидан афсусландилар, балки бу уринишларидан пушаймон бўлиб, мақсадларига ета олмай қайтиб кетдилар.
Шулардан бири—Қубонинг ботқоқлиги қора суви бор, кўпригидан бошқа ўтадиган жойи йўқ, кўп кишилик лашкар келиб, кўприкка тиқилиб қолди, кўплаб от ва туялар бу қора сувга йиқилиб нобуд бўлди. Бундан уч-тўрт йил бурунроқ Чирчиқ сувидаги кечувда катта шикаст топган эдилар, бу воқеа ўша ҳалокатни эслатиб, лашкар ваҳимага тушди.
Яна бири буки, ўша пайтда отларга шундай ўлат етдики, уюр-уюр отлар йиқилиб, ўла бошлади».
Ғанимларнинг Қорасув кўпригидаги фалокати ва улар отларига юқумли касаллик тегиб қирила бошлаши қалъаларни мудофаа қилишга киришган Бобур Мирзо лашкарларининг бир ғайратига ўн ғайрат қўшилиб бирдамлик кўрсатиб Ахси, Қува ва Андижонни бир жону бир тандек ҳимоя қилдилар. Ана шу воқеалар содир бўлиши жараёнида Заҳириддин Муҳаммад Бобур отаси ва ўзи саройидан мансаб орттирган, нон-тузни оқлаган ва оқламаган, садоқатли-ю иккиюзламаси ҳамда хоинлар, олчоқлар, иймонли ва имонсизу субутсиз кимсаларга ўн икки ёшида дуч келиб турарди. Авваллари бундайлар ҳақида Эсондавлат бегим бувисидан, онаси Қутлуғ Нигор хоним, қолаверса отаси Умаршайх Мирзо ҳамда унинг содиқ амирларидан эшитган эди. Мана энди улар билан юзма-юз ҳаётнинг мураккаб бурилишларида ҳар нафасда ёнма-ён яшамоқда эди. Бундайлардан ўз наслини ва келажак авлодларни огоҳлантиришни кўзлаган Бобур Мирзо уларни номма-ном кундалик солномасида қайд этишни лозим топди. Бу ҳам авлодларга тарбиявий сабоқ бўлсин, ёвузлик тарафдорлари билан адолат ва эзгулик тарафдорлари ўртасидаги кураш худди кун билан тундек бир-бири билан доимий кураш майдонида бақамти вақт ва замон занжирида зиддий макон бирлигида яшашларидан огоҳ қилишни ҳам ният қилган эди.
Султон Аҳмад Мирзо билан дастлаб бошланган сулҳ музокаралари унинг бек ва саркардаларининг бебошларча ҳаракатлари боис натижа бермай фақат кўприкдаги фожеа ва отлар қирғини касаллик воқеаси содир бўлгач, Намозгоҳ мавзесида иккинчи марта томонлар сулҳ байроғини кўтардилар. Султон Ахмад тарафидан унинг улуғ бекларидан Дарвеш Муҳаммад Тархон, Бобур Мирзо тарафдан эса Ҳасан Яьқуб вакил қилиб жўнатилдилар. Натижада бу сафар сулҳ имзоланиб, Султон Аҳмад Мирзо лашкари орқага қайтадиган бўлди.
Ана шундан кейинги вазият ва ким хиёнат ботқоғига ботди-ю ким ўз садоқатини Бобур Мирзога намоён қилганлиги қуйидагича баён этилади: «Хўжанд суви (Сирдарё)нинг шимолидан келаётган Султон Маҳмудхон Ахсини қамал қилди. Жаҳонгир Мирзо (бу Умаршайх Мирзонинг Фотима Султон бегам маликасидан туғилган (1485 йил) ўғли, яъни Бобур Мирзонинг укасидир) ўша ерда эди, беклардан Али Дарвешбек, Мирзо Қули кўкалдош, Муҳаммад Боқирбек, Шайх Абдулло Эшик оға қам Ахсида эдилар. Вайс Лоғарий, Мир Ғиёс тоғойи ҳам шу ерда эди. Улар беклардан хавфсираб, Вайс Лоғарий вилоятига —Косонга кетдилар. Носир Мирзога (Носир Мирзо Умаршайх Мирзонинг андижонлик аёли Умид Оқачадан туғилган фарзанди эди) Вайс Лоғарий бекота эди. Шу сабабли Носир Мирзо Косонда бўлар эди. Султон Маҳмудхон Ахси атрофларига етганда, бу беклар хон томонга ўтиб (яъни сотилиб, Бобур Мирзога хиёнат қилган) Косонни бердилар. Мир Ғиёс хон мулозаматида қолиб, Вайс Лоғарий Носир Мирзони Султон Аҳмад Мирзога олиб борди. Султон Аҳмад Мирзо уни Муҳаммад Мазид Тархонга топширди. Хон Ахси яқинига келиб, бир неча бор уруш қилди, бироқ ҳеч иш чиқара олмади. Ахсидаги беклар ва йигитлар чинакам жонфидолик кўрсатдилар. Шу пайтда Султон Маҳмуд хасталанди, урушга кирганига пушаймон еб, ўз вилоятига қайтиб кетди».
Бу вақтда Қошғар ва Хўтан ҳокими ҳам Фарғона водийсидаги Ўзгандни эгаллаб олишни мақсад қилиб, ушбу оғир аҳволдан фойдаланишга қарор қилган эди. Абу Бакр Дўғлат Қошғарий Ўзганд атрофларини талон-тарож этиб, Ўзгандни қамал қилишга киришади. Бобур Мирзо Ўзганд ҳокими Ҳожи Қози ва барча бекларга Қошғарийни даф этишга буйруқ беради ва ёрдамчи кучлар ҳам жўнатади. Натижада унинг қўшини мағлубиятга учраб юртига қайтишга мажбур бўлди. Ўзганд мудофаачилар томонидан мардона ҳимоя қилиниб, сақлаб қолинди. Ахси қамали тугагач, онаси Фотима Султон бегам ва унинг фарзанди Жаҳонгир Мирзо ҳам Андижонга қайтиб келдилар.
Андижонда Умаршайх Мирзога аза очилиб, исломий тартибда тадбир ташкил қилинди. Мискин, етим-есир ва бева-бечораларга ош, таомлар тортилди. Бу тадбирлардан кейин Захириддин Муҳаммад Бобур Мирзо давлат бошқарувига оид ишларга илк бора киришди. Шунга қадар фақат ҳужум қилган ғанимларга қарши курашга дахддор ҳарбу зарб масалалари билан бутунлай банд бўлган эди. Ҳукмдорлик ҳудудларидаги ички тартибсизликларни бартараф этиш, ободончиликка дахлдор ишлар, қўшинни кучайтириш чораларини кўриш ишлари шулар жумласидан бўлди. Жангларда жасорат кўрсатганларни такдирлаш, сотқин ва хиёнаткорлар молу мулклари давлат хазинасига киритилди.
Андижон ҳокимлига ва Эшик оғалик мансаби Ҳасан Яъқубга, Ўш ҳокимлиги Қосим Қавчинга, Ахси ва Марғилон Узун Ҳасан ва Али Дўст тағойига фармон билан топширилди. Бу Бобур Мирзонинг тахтга ўтиргандан кейинга мансабдорларни тайинлашнинг дастлабки мустақил саъй-ҳаракати ва сиёсий фаолиятидаги жиддий ишларидан бўлди. Абу Саид Мирзонинг катта ўғли Султон Аҳмад Мирзо Бобур Мирзо билан Намозгоҳ масканида сулҳ тузиб орқасига қайтар экан Ўратепа туманидаги Оқсувга етиб бориб, у ерда қаттиқ касалликка чалинди ва шу ерда вафот этди. Отаси унга Самарқанд ва Бухорони тортиқ қилган эди. Бу воқеа 1494 йилнинг июль ойи ўрталарида содир бўлди.
Султон Аҳмад Мирзонинг ўлимидан бошлаб темурийзодалар ўртасидаги сиёсий кураш ўзининг энг юқори палласига кўтарилиб, фожеалар фожеаларга уланиб, ички низолар Шайбонийхоннинг Марказий Осиё бўйлаб кенг доирада ҳарбий ҳаракатлар бошлаб юборишига сабаб бўлди. Бу эса ушбу ҳудудларда буюк шажаранинг интиҳоси, янги сулоланинг ибтидоси эшигини очилишини таъминлади. Бу темурийзодаларнинг узоқни кўролмаган ва чор атрофдаги чегарадош давлатларнинг ташқи тажовузона сиёсатидан бехабарлиги оқибатининг натижаси эди. Ҳар қандай ички низолар таназзулнинг асосий омили эканлигини улар унутган эдилар. Айниқса, Султон Маҳмуд Мирзо акаси Султон Аҳмад Мирзонинг вафотидан сўнг Самарқанд тахтига чиқарилиб, унинг ҳукмдорлиги бошлангандан кейин вазият анча мураккаблашди. Унинг хулқ-атворида жабр-зулм сиёсатига мойиллик кучли бўлганлиги учун саройдаги амалдорлари ҳам ундан хавфсираб, уни астойдил қўллаб-қувватлашдан совий бошлади. Халқнинг иқтисодий аҳволи ҳам Султон Аҳмад давридаги ҳолатдан салбий томонга ўзгариб солиқлар миқдори тобора ошиб борди. У Самарқанд тахтига келгунча анча мураккабликларга дуч келди. Отаси Абу Саид Мирзо дастлаб ҳаётлик чоғида учинчи ўғли Султон Махмуд Мирзога Астробод вилоятини унинг ихтиёрига берган эди. Падарининг фожеали ўлимидан сўнг у Султон Хусайн Мирзо таъқибига учраб, аввал Самарқандга келди. Акаси ҳимоясида бироз тургач, у Ҳусрафшоҳ ҳузурига борди. Ҳусор ҳокими бўлган Ҳусрафшоҳ ва Қанбар Алибек ёрдамида Қўҳитанг тоғининг жанубидаги Термиз, Чағониён, Хатлон, Қундуз, Бадахшон вилоятларидан Ҳиндкуш тоғигача бўлган ҳудудлар Султон Маҳмуд Мирзо тасарруфига ўтади. Ана шу ерларни бошқараётган Султон Махмуд Мирзога Самарканд тахтини эгаллаш таклиф этилган эди.
Аммо феъл-атворидаги юқорида қайд этилган салбий қусурлар уни қўшин ва халқ қўллаб-қувватловидан тобора узоқлаштира бошлаб, унинг жабр-зулм сиёсатига нисбатан ғанимлик жабҳасидаги кучларнинг ортиб боришига сабаб бўлди. Натижада халқ ва сипоҳ унинг адолатсиз сиёсатидан нафратлана бошлади. Тарихда халқ ва лашкар мададига таянмаган ҳукмдорларнинг аксарият кўпчилиги оқибат инқироз билан тугаганлигига мисоллар бисёрдир.
Бобур Мирзо Султон Маҳмуд Мирзонинг айрим ижобий фазилатларини қайд этган ҳолда унинг табиатида халқ ва сипоҳни безор қиладиган салбий қусурларини ҳақиқат калами билан шундай тасвирлаган эди: «Аввали шуки, зикр этилган Малик Муҳаммад Мирзо Султон Маҳмуд Мирзо амакисининг ўғли ва ўзининг куёви эди. (Малик Муҳаммад Мирзо Манучеҳр Мирзонинг ўғли, Манучеҳр Мирзо эса Султон Муҳаммад Мирзонинг катта ўғли бўлиб, у Султон Абу Саид Мирзонинг акаси эди. Манучеҳр Мирзони Султон Хусайн Мирзо 1469 йилда қатл этган эди.) Яна тўрт мирзони Кўксаройга чақириб, иккисини қўйиб юбориб, Малик Муҳаммад Мирзони ва яна бир мирзони шаҳид қилди. Буларнинг баъзисига подшолик тегмас ҳам эди. Уларнинг бундай орзулари йўқ эди. Гарчи Малик Муҳаммад Мирзода бироз гуноҳ бўлсада, бошқаларининг эса қатл қилишга арзийдиган ҳеч гуноҳлари йўқ эди.
Султон Маҳмуд Мирзо қаттиққўл ва тартибли, девонпараст, маҳкамада кўп ўтирадиган киши эди. Ҳисоб илмини билар, бироқ таъби зулм ва бузуқликка мойил эди. Самарқандга киргач, ўзгача тартиб ва тутум ўрнатди, янги солиқлар жорий қила бошлади.
Бурун ҳазрати Хожа Убайдуллоҳ валига тегишли кишилар, пир ҳимояси боис кўп фақир мискинлар хирож ва солиқлардан халос бўлардилар. Султон Маҳмуд Мирзо одамлари шуларга ҳам иззат-икром кўрсатиш у ёқда турсин, уларга ҳам зулм-зўрлик кўрсата бошладилар. Бундай тазйиқлар Хожа Аҳрор Валининг авлодига нисбатан ҳам қўлланилди.
Бундан ташқари, ўзи қандай золим ва ахлоқсиз бўлса, беку кичик беклар ва навкару хизматчиларининг барчаси ҳам шундай золим эдилар. Ҳисор эли, хусусан, Хисрав шоҳга тааллуқли эл ҳамиша ичкилик ва бузуқчилик билан машғул бўлди. Бу иш шу даражага етдики, кунлардан бир кун Хисрав шоҳнинг навкарларидан бири бошқа бир кишининг хотинини тортиб олади. Хотиннинг эри Хисрав шоҳга адолат истаб арз қилганда, у жавоб бериб: «Бир неча йил сен билан бўлган эди, энди бир неча кун унинг билан бўлсин» дейди. Адолат истаб келган инсоннинг доди фалакка етади.
Яна шуки, шаҳар ва бозор эли, турк ва сипоҳнинг ўсмир ўғлонларини шоҳ бачча қилади, деган қўрқувда уйдан чиқармасдилар. Ахлоқсизлик ва маънавий қашшоқлик шу даражада кучайди.
Самарканд аҳли йигирма-йигирма беш йил Султон Аҳмад Мирзо замонида осойишта ва фароғат билан кун кечирган эди. Аксар муҳим ишлар ҳазрати Хожа Аҳрор Вали туфайли адолат ва шариат йўли билан амалга ошарди. Бундай бузуқчиликдан халқнинг жону диллари озор чекиб, ранжидилар. Азиз ва шариф, фақир ва бечоралар нафрату қарғишга оғиз очиб, қўл кўтардилар». Султон Махмуд Мирзо элдан олқиш эмас, қарғиш олди.
Султон Махмуд Самарканд тахтини эгаллагандан бир оз вақт ўтиб Заҳириддин Муҳаммад Бобур Мирзо саройига элчи жўнатилди. Элчиларга бош бўлган шахс Абдулқуддусбек Самарканд ҳукмдорининг содиқ амалдорларидан эди. Бобур Мирзонинг ёзишича, Абдулқуддусбек кўпроқ элчилик мақсадида эмас, бузғунчилик, фитна-фужур қўзғаш қабиҳ ниятида келган. Яъни Бобур Мирзони Султон Маҳмуд ўзи учун хавф деб билиб, унинг тахтини Жаҳонгир Мирзога олиб беришни ният қилиб ана шу қабихона ишни Андижонга элчи қиёфасида келиб, амалга оширмоқчи бўлган. Бунда катта мансаб ва мавқени эгаллаб турган Андижон шаҳар ҳокими ва сарой эшик оғаси лавозимида фаолиятини бошлаган қариндоши Ҳасан Яъқубдан фойдаланиб тўнтариш ясамоқни режалаштирганлар. Хасан Яъқуб катта амалдорлик мансабига кўтарилгач, босар-тусарини билмай феъл-атворида ғоят салбий ҳаракатлар авж олиб, кўпчиликка беписандларча муносабатга ўтиб ҳаволана бошлаган.
Яхшиямки катта обрў-эътиборга эга бўлган Бобур Мирзонинг она томондан бувиси Эсондавлат бегим хушёрлик қилиб Умаршайх Мирзога азалдан содиқ бўлиб хизмат қилиб келган бек ва саркардаларни ўз атрофига тўплаб, фитнани барбод қилиб бартараф қилишга эришадилар. Шу тариқа элчи ва Ҳасан Яъқуб фитнаси фош этилади[1.123].
Фитнанинг барбод этилиши ва уларга бош бўлганлар оқибат ўзлари қазиган чоҳга тушиб фоний дунё билан хайрлашганлиги тафсилоти Заҳириддин Муҳаммад Бобур Мирзо томонидан тубандагича ёритилади: «Элчининг Ҳасан Яъқубга қариндошлиги бор экан. У Ҳасан Яъқубни ваъдалар билан Султон Махмуд Мирзога қаратиб олгани келган экан.
Юмшоқ жавоб айтиб, ўзини у томонга ўтгандек кўрсатиб элчини жўнатди. Беш-олти ойдан сўнг Ҳасан Яъқубнинг феъли ўзгариб, менинг яқинимдаги катта-кичик билан ёмон муомала қила бошлади, деб ёзади Бобур Мирзо ўз асарида. Иш шу даражага етдики, мени жўнатиб, Жаҳонгир Мирзони подшоҳ қилмоқчи бўлди. Ҳасан Яъқубнинг бошқа кишилар, амирлар ва сипоҳи билан ҳам муомаласи яхши эмас эди. Унинг бу фикридан барча эл хабардор бўлганди. Хожа Қози ва Қосим Қавчин, Али Дўст тағойи ва Узун Ҳасан ҳамда яна баъзи хайрхоҳлар менинг улуғ онам Эсондавлат бегимнинг қошиға йигилиб, Ҳасан Яъқубни бекликдан тушириб, фитнасига барҳам беришга қарор қилдилар. Хотинлар орасида фикрлаш ва тадбирда улуғ онам Эсондавлат бегимга етадигани кам эди, кўп оқила тадбирли эди. Муҳим ишлар кўпроқ уларнинг кенгаши билан бўларди.
Фойдаланилган манба адабиётлар
З.М.Бобур Бобурнома Тошкент. Фан. 2018.
Coдиқов Ҳ., Иноятов А. Ўзбекистон Қуролли кучлари. Ўтмишда ва бугун. - Т.: Тафаккур қаноти. 2007.
Do'stlaringiz bilan baham: |