2-мавзу. Ўзбек давлатчилигининг шаклланиши ва дастлабки тараққиёт босқичлари. Марказий осиё жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми
Режа:
Давлатчилик тушунчаси. «Авесто» китобида қадимий давлатчилик тарихига оид маълумотлар. Ўрта Осиё ҳудудидаги давлатлар тузилмалари.
Аҳамонийлар ҳукмронлиги. Александр Македонскийнинг Ўрта Осиёга юриши. Аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти.
Ўрта Осиё ҳудудларида антик давлатлар (Салавкийлар, Юнон-Бақтрия, Даван, Кушон, ва Қанғ) нинг ташкил топиши ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти.
Давлатчилик тушунчаси. «Авесто» китобида қадимий давлатчилик тарихига оид маълумотлар. Ўрта Осиё ҳудудидаги давлатлар тузилмалари.
Ўзбек давлатчилиги тарихига тўхталишдан олдин, умуман давлатчилик тушунчаси масалаларида тўхталиб ўтиш лозимдир. Давлатчилик деганда давлатнинг пайдо бўлиши, яъни давлат бўлиб уюшиши, унинг тузуми ва тизимини тушунамиз. Давлат аслида, жамиятни ташкил этишнинг сиёсий шаклидир. Давлат – бу ҳокимиятнинг фуқаролар билан бўлган алоқалари ва муносабатлари мажмуасидир. Давлатнинг пайдо бўлиши, унинг тузуми ва бу давлатнинг бошқариш тизими мамлакат ва халқларнинг ижтимоий тараққиётида муҳим ўрин тўтади. Бу соҳада қонунчиликнинг роли буюклигини алоҳида кўрсатиш керак. Давлатнинг муҳим вазифалари бор. Бу вазифалар давлатни ички ва ташқи сиёсат юргизиши орқали амалга оширилади.
Ички сиёсат асосан мамлакатни ижтимоий – иқтисодий ва маданий тараққиётини таъминлашга қаратилган бўлса, ташқи сиёсат давлатнинг мудофасини мустаҳкамлашга, чет эл давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган бўлади. Давлат тарихан типларга бўлинади. Бунда давлат ҳокимияти кимнинг қўлида эканлигига қаралади.
Масалан, қулдорлар, феодаллар ва ҳ.к. Бошқарув шаклларига қараб ҳам бўлинади. Бунда ҳокимият қандай шаклда амалга оширилади.
Иккита бошқарув шакли бор: 1-Монархия ва 2- Республика.
Давлатлар федератив ва конфедератив бўлади. Федератив давлатда федерацияга уюшган давлатлар ягона федератив марказга ва федератив қонунларга бўйсунадилар. Конфедератив давлатлар эса мустақил давлатлар уюшмаси бўлиб, бу давлатлар ягона ҳарбий, молиявий ёки валюта сиёсати олиб боришлари мумкин, аммо ўз ерларида мустақил ижтимоий-сиёсий ва маданий сиёсат олиб бориш ҳуқуқига эгадирлар.
Давлатни идора қилишда ҳокимиятнинг бир – бирига боғлиқ уч шохобчаси бор: қонун чиқарувчи бизда – Олий Мажлис, ижро этувчи – бизда Президент, Вазирлар Маҳкамаси раиси ва Суд.
Мовароуннаҳрда бўлган араб сайёҳи Истахрийнинг Шош аҳолиси ҳақида айтганларини келтирайлик. «Шош аҳолиси сўғдлар ва туркийлардан иборат. Сўғдлар уйларида сўғдийда сўзлашадилар, турклар билан эса улар фақат туркча сўзлашадилар, чунки турклар ўз тилларидан бошқа тилда сўзлашмайдилар».
X асрда сўғдлар ўз этник хусусиятларини йўқотиб, турклашиб ва эронлашиб борган, иккинчидан Шош турклари, яъни Тошкент ўзбекларининг ота-боболари тил жиҳатдан эгаменликка молик бўлганлар. Ана шу табиий жараён асосида сўғдийлар туркларга сингиб кетадилар. Шуниси ачинарлики, сўғдлар катта ҳудудга эга бўлиб туриб, ўз пойтахт ва давлатларини тузмайдилар.
Хулоса қилиб айтганда, Аму ва Сирдарё оралиғи ва уларга туташ ерлар қадим замонлардан ўзбеклар давлатчилигининг таянчи бўлган. Фақат турли даврларда бу давлатнинг у ёки бу қисмида нисбатан кучли давлат юзага келиб, қолган қисмини бирлаштиришга уринган. Лекин баъзи майда давлатларга парчаланиш ва тарқоқлик ҳоллари ҳам бўлган. Бундай вазиятдан фойдаланган ташқи душманлар истилога ҳаракат қилганлар. Бу тарих сабоқларини унутмаслик керак.
Ҳуқуқий ва фалсафий билимларга оид манбаларда давлатчилик тушунчасига кўплаб таърифлар келтирилади. Аммо тарих китобларида ҳам бу тушунчанинг мазмун моҳиятини очиб берувчи таърифлар мавжуд. Бу таърифларнинг барчасини моҳиятида умумийлик мавжуд.
Албатта, ҳар бир фан давлатчилик тушунчасига ўз аспекти доирасида таъриф беришга ҳаракат қилади. Масалан, фалсафий китобларнинг айримларида давлатга берилган таърифда қуйидаги мазмундаги сўзлар бор: “Жамиятни тартибга солиб турувчи ва бошқарувчи сиёсий ташкилотга давлат дейилади” ёки сиёсатшуносликка оид манбаларда “Жамиятни бошқарувчи ва қонун билан кафолатловчи сиёсий ташкилотга давлат дейилади” дейилган. Тарихий нуқтаи назардан айтганда давлат деб–муайян бошқарув аппаратига эга бўлган, мавжуд қатламлар манфаатини ҳимоя қилувчи тузилмага давлат дейилади. Бугунги кунда ҳам давлатлар ўз тасарруфидаги қатламлар – зиёлилар, тадбиркорлар, нафақахўрлар, талабалар, деҳқон ва ишчиларни қонуний ҳимоя қилади. Демак, қадимги даврлар давлатларида ўзига хос бошқарув шакли бўлиб, мавжуд қатламларни ҳимоя қилган. Бироқ тарихнинг гувоҳлик беришича, қадимги давлатларда кўпроқ амалдорлар (қулдорликда қулдорлар, феодализмда катта ер эгалари ва ҳ.к.) манфаати ҳимоя қилинган.
Ҳар бир давлат ўз давлатчилик тарихига эга. Бизнинг Ўзбекистонимиз ҳудудида ҳам қадимги даврлардан бошлаб давлатчилик пойдеворига асос солинган. Бизда давлатчиликка хос бой тарихий тажриба мавжуд бўлиб, бу жуда олис даврларга бориб тақалади. Албатта, давлатлар ўз–ўзидан пайдо бўлмаган, бунинг ўзига хос омиллари мавжуд.
Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида давлатчилик пойдевори темир асри, яъни 1–минг йиллик билан чамбарчас боғлиқ. Чунки бу даврда ҳунармандчилик янада ривожланди, деҳқончилик гуркираб ўсди. Темирдан ясалган меҳнат қуролларининг кенг тарқалиши меҳнат унумдорлигини оширди. Бу давр темирчи касбининг пайдо бўлиши ва темирчиликнинг ихтисослашуви билан характерланади. Бу ҳол ишлаб чиқаришнинг янада илғор усулларига ўтиш ва иккинчи меҳнат тақсимотининг пайдо бўлиши учун шароит яратди.
Иккинчи ижтимоий меҳнат тақсимоти бу – ҳунармандчиликнинг алоҳида ажралиб чиқиши ва ихтисослашуви. Уруғ жамоаси ҳудудий қўшничилик жамоасига айлана борди. Янги ерлар ва сув манбалари учун қабилалар ўртасида доимо келишмовчиликлар бўлиб турган. Қабила чегараларини қўриқлаш, янги ерларни ўзлаштириш ва бошқа қабилалар устига юриш қилиш мақсадида қабилавий ҳарбий иттифоқлар ташкил топа бошлаган. Бундай иттифоқлар тепасида уруғ, қабила бошлиқлари турганлар. Улар ўз обрўси ва таъсири билан машҳур кишилардан сайланган.
Милоддан аввалги бир минг йиллик бошларида Марказий Осиё аҳолиси тўрт гуруҳга бўлинган: зодагонлар, ҳарбийлар, зироатчилар ва ҳунармандлар. Хўжаликнинг ишлаб чиқарувчи шакллари бўлган деҳқончилик ва чорвачилик, шунингдек ҳунармандчилик ва мол айирбошлашнинг ривожланиши уруғ ва қабилалар ичида айрим тўқ оилаларнинг вужудга келишига олиб келди. Мунтазам бўлиб турадиган ҳарбий тўқнашувлар шароитида уруғ–қабила бошлиқларининг таъсири кучаяди. Жамият энди ҳарбий демократия қонун–қоидаларига асосан яшай бошлайди. Ҳарбий демократия–давлатга ўтиш даврининг бошқарув шаклидир. Уни ҳарбий ва қабила бошлиқлари бошқарганлар. Давлатлар пайдо бўлишининг формуласини қуйидагича белгилаш мумкин:
Қабила – уруғ – ҳудудий қўшничилик жамоаси – давлат.
Шундай қилиб, давлатлар ташкил топишидаги омиллар қуйидагилардан иборат бўлди:
иккинчи меҳнат тақсимотининг пайдо бўлиши;
мулкий тенгсизлик (айрим кишиларнинг бойиб кетиши).
Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидаги илк давлат бирлашмалари Қадимги Хоразм ва Қадимги Бақтрия давлатларидир.
Хулоса қилиб айтганда, бизнинг жонажон диёримизда ҳам неча йиллар муқаддам давлатчилик пойдевори қўйилган ва улар ўз даврининг юксак тараққиёт чўққисига етган. Қолаверса, улар бошқа давлатлар давлатчилигида ўзига хос пойдевор бўла олган. Айтишимиз мумкинки, ватанимиз нафақат илм–фан, санъат ва амалий ҳунармандчилик маркази, балки дунёга донғи кетган давлатчилик тарихига эга мамлакат ҳисобланади.
Зардуштийларнинг муқаддас китоби «Авесто»да, аҳамонийлар даври михсимон ёзувларида ва қадимги Юнон-Рим ёзма манбаларида ўлкамиздаги халқларнинг номлари, алоҳида жойлар, тоғлар, дарёлар ва кўлларнинг номлари, афсонавий қаҳрамонлар ва подшоларнинг номлари, аҳолининг турмуши, дини, маданияти, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тузуми тўғрисидаги маълумотлар мавжуд.
Дастлабки инсонпарварлик ғоялари зардуштийлик динининг муқаддас китоби бўлмиш «Авесто»дан ўрин олган. Унда тўртта асосий масалалар, яъни инсонларнинг жамиятдаги ижтимоий фаоллиги, инсон ҳуқуқларининг устуворлиги, хусусий мулк ҳамда инсонларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги фаол иштирок этиши алоҳида ажратиб кўрсатилади.
Айнан «Авесто»да илк жамоавийликнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши, инсонларнинг жамоа бўлиб яшаш тарзи, улар ўртасидаги муносабатлар, жамоа ҳаётига боғлиқ масалаларни биргаликда ҳал этиш, давлат ва жамият ўртасидаги муносабатлар ва бошқа шу каби масалалар тартибга солинган. Хусусан, унга кўра нмана катта патриархал оилани, бир неча нманаларнинг бирикуви, уруғ жамоаси яъни висни ташкил этган. Муайян ҳудуддаги қўшни вислар бирикувидан варзана – ҳудудий қўшничилик жамоаси, уларнинг уюшувидан занти – қабила юзага келган. Қабилаларнинг ўзаро бирлашуви эса дахиюни, яъни қабилалар иттифоқини вужудга келтирган. Бунинг исботини бронза даврининг ёдгорлиги бўлган Сополлитепа қишлоғи тарихида кўриш мумкин. Қишлоқ ўтроқ деҳқончилик хўжалиги асосида ташкил топган 8 та катта оила жамоаси бўлиб, уларни 8 та оқсоқол бошқарган, улар бирлигидан Оқсоқоллар Кенгаши тузилган. Ушбу тузилма ва унинг таркиби, «Авесто»да баён этилган давлатни бошқарув тизимига айнан мос келади. Унда илк жамоавийликнинг пайдо бўлиши ва ривожланиш босқичларининг қайд этилиши билан бир қаторда, мазкур жамоа етакчилари маълум бир ваколатларга ҳам эга бўлганлигини ҳам кузатишимиз мумкин.
Жумладан, мазкур даврда ишлаб чиқариш, жамоаларни бошқариш сайланган оқсоқоллар қўлида бўлиб, улар жамоа ҳаёти билан боғлиқ барча ишларни Оқсоқоллар Кенгаши орқали ҳал этишган. Оқсоқоллар Кенгашининг маҳаллий аҳамиятга молик ишларни бажаришдаги ваколатлари ғоятда кенг бўлиб, уни қўлида жамоанинг кундалик ишидаги хўжалик муаммоларини ҳал этиш билан бирга диний ва дунёвий ҳокимият ҳам тўпланган. Бошқарув тизимига кўра, жамоа томонидан оқсоқол айни пайтда, ўз оила жамоаси учун диний ва дунёвий бошлиқ бўлган. Уруғ-қишлоқ оқсоқоли эса, Оқсоқоллар Кенгашининг бошлиғи бўлиши билан бир қаторда бутун қишлоқ аҳолисининг ҳам бошлиғи ҳисобланган ва ўз навбатида, Оқсоқоллар Кенгашининг бошлиғи қишлоқда истиқомат қиладиган жамоанинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор ваколатларни амалга оширган. Бошқача айтганда, бу даврда давлатнинг шаклланишида маҳалла ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилган.
Ўрта Осиё ҳудудида яшаган қадимги қабилалар уюшмалари ҳақида аниқ фикрлар мавжуд эмас. Шундай бўлса-да, милоддан аввалгиVI-V асрларда ўлкамизда истиқомат қилган йирик қабила уюшмаларининг жойлашган ҳудудларини аниқлаш имкони бўлган.
Улардан энг йириги сак қабилалари бўлиб, улар учта қабилавий давлат тузилмасидан ташкил топган: хаумаварка саклари, тиграхауда саклари ва тиайпарадарайа саклари.
Хаумаварка саклари асосан Ўрта Осиёнинг шимоли-шарқий қисмида жойлашган бўлган, Хаумаварка саклари Мурғоб водийсида, Амударёнинг юқори оқимларида, Олой ва Фарғона водийларида ҳамда Шарқий Туркистонда яшаган деб тахмин қилинади.
Йирик қабилалардан яна бири тиграхауда саклари (ўткир бош кийимли саклар) бўлган. Антик давр тарихчилари тиграхауда сакларини массагетлар билан ҳам тенглаштирганлар. Бу қабила бирлашмаси милоддан аввалги VI-V асрларда Ғарбий Осиёнинг жуда катта ҳудудида: Амударёнинг қуйи оқимларидан ҳамда Сирдарёнинг ўрта ва қуйи оқимларидан то Орол денгизининг шимолигача бўлган бепоён чўлларда кўчиб юрганлар (сак-массагетларнинг асосий қисми даставвал Орол денгизининг жануби-шарқида, Окс (Амударё) ва Яксарт дарёларининг оралиғида жойлашган бўлган). Милоддан аввалги IV-III асрларда уларнинг ҳудуди бирмунча кенгайиб, Каспий денгизининг жануби-шарқий соҳилларидан то Қозоғистоннинг марказий минтақаларигача бўлган катта кенгликларда кўчиб юрганлар. Антик давр муаллифи Страбон ўзидан олдинги тарихчиларнинг асарларидан фойдаланиб: “Каспий денгизидан бошлаб кўпчилик саклар дайл деб аталади, булардан шарқда яшовчи қабилалар массагетлар ва саклар деб номланган, қолганлари эса умумий ном билан скифлар деб аталган”, - деб ёзган. Страбон бу ахборотида сак-массагетларнинг ҳудуди нақадар кенг бўлганлиги билан бир вақтда уларнинг жамоа ҳаётини ҳам тасвирлаб, бир қанча қабилалар ва қабила иттифоқларидан йирик этник уюшма тузилганлигини ҳам аниқ кўрсатади. Ўша даврларда массагет саклари йирик қабила уюшмаси бўлиб, таркибига бир неча қабила уюшмалари, жумладан, даҳлар, дербеклар, сакаруклар, апасиаклар, ассийлар, аугаллар ва бошқалар кирган.
Тиайпарадарайа (денгиз орқасида, денгизнинг нари томонида яшовчи) саклари ҳам қадимги йирик қабила бирлашмаларидан саналган. Бу сакларнинг келиб чиқиши асли Каспий денгизининг шимолида, Урал тоғолди минтақаларида яшовчи массагет қабилаларидан бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Саклар хўжалигида чорвачилик катта ўрин тутган. Бу қабилалар қорамол, майда чорва ҳамда отларни кўпайтирганлар. Йиллар давомида чорвадорлар янги ем-хашак майдони топиш учун ҳаракат қилганлар, ўтроқ ҳаёт улар учун муҳим саналмаган.
Даштлар, саҳролар ва Амударё бўйларида массагет қабилалари яшаганлар.
Шундай қилиб, милоддан аввалги VI –IV асрлардаги ўтроқ аҳоли ва кўчманчи сак, массагет қабилалари Ўрта Осиё аҳолисининг кейинги асрлардаги этник тараққиётига замин тайёрлаб берган.
Кўпчилик тадқиқотчилар Ўрта Осиёда илк давлатларнинг шаклланиш ва ривожланиш жараёни аҳамонийларгача бўлган даврда деб ҳисоблайдилар. Илмий адабиётлар Ўрта Осиёда аҳамонийларгача бўлган даврда қуйидаги давлат тузилмалари ҳақида сўз юритади:
Арёшайёна – Ўрта Осиёдаги қадимги вилоятлар уюшмаси.
Арёнамвайжо. “Катта Хоразм ” ёки Амударёнинг қуйи оқимидаги Хоразм давлати.
Қадимги Бақтрия давлати.
Ўрта Осиёнинг жанубида жойлашган ўнлаб янги типдаги воҳа-давлатлар сўнгги бронза ва илк темир даврида баъзан йирик сиёсий бирлашмалар – подшоликларга бирлашар эди. Ўрта Осиё жанубида булар Бақтрия ва “Катта Хоразм” эди. Йирик подшоликларнинг ташкил топишида ички ижтимоий-иқтисодий омиллардан ташқари ташқи субъектив омиллар ҳам муайян ўрин тутган. Мазкур омиллардан бири Месопотамиянинг уришқоқ давлатлари – Мидия, Оссурия, Митания томонидан солинган хавф эди.
Сўнгги йилларда олиб борилган тадқиқотлар асосида ушбу рўйхатга Суғдиёнани ҳам киритиш имконияти пайдо бўлди.
Баъзи тадкиқотчиларнинг таъкидлашича, аҳамонийлардан олдин хоразмликлар Парфия чегараларидан шарқий йўналишда, Копетдоғ ёнбағирларида жойлашганлар. Хоразм давлатининг маркази Марв ва Ҳирот атрофида бўлиб, бу давлатни форслар эгаллаганларидан сўнг хоразмликлар қуйи Амударё – ҳозирги Хоразм вилоятига кўчиб борганлар деб фараз қилинган. Ушбу назарияга кўра, милоддан аввалги VI асрда қадимги форслар хоразмликларни жанубдан қуйи Амударё ерларига сиқиб чиқарганлар.
С.Толстов, Я.Ғуломовлар ушбу назарияга қарши бўлиб, хоразмликлар Ўрта Осиёнинг жанубидан кўчиб келмаганлар, Хоразм давлати қуйи Амударёда қадимги замонлардаёқ вужудга келган, деб хулоса қилганлар.Бу давлатнинг чегаралари ҳозирги Хоразм вилояти ҳудудидан анча кенг бўлган. Қадимги Хоразм марказларидан бири Кўзалиқир шаҳри қалин ва мустаҳкам мудофаа девори билан ўралган. Бундай марказлар атрофида кўплаб деҳқонлар қўрғончалари, боғлар ва далалар жойлашган эди. Қадимги Хоразмда ҳунармандчилик ишлаб чиқариши ривожланган. Шаҳарларда савдо-сотиқ қизғин кечган.
Ўрта Осиё ҳудудида милоддан аввалги VII асрда ташкил топган энг қадимги давлат тузилмаси Қадимги Бақтрия давлатидир. Бақтрияликланинг юрти Сурхон водийси, Афғонистоннинг шимоли-шарқи, Тожикистоннинг жанубий ҳудудларида жойлашиб, турли ёзма манбаларда Бахди, Бақтриш, Бақтриёна, Бақтрия, Бахли, Бахлика деб тилга олинган. Бу давлат ҳудудида ҳозирда Қизилтепа, Ерқўрғон, Узунқир ва Афросиёб шаҳар харобалари топилган. Дастлаб Бақтрия таркибига Марғиёна ва Суғдиёна ҳам вилоят сифатида кирган бўлиши мумкин. Бу даврда аҳоли нисбатан зич жойлашган ўтроқ воҳаларда деҳқончилик жадал ривожланган. Бу воҳалар ҳосилдор тоғолди текисликларида ёки дарё этакларида жойлашган бўлиб, нисбатан деҳқончилик учун қулай шароитга эга бўлган.
Шундай қилиб милоддан аввалги VII –VI асрларда илк темир даврига ўтилиши билан Ўзбекистонда дастлабки йирик давлатлар вужудга келди, шаҳарлар барпо этилиб, деҳқончилик, ҳунармандчилик жадал суръатлар билан ривожланди.
Do'stlaringiz bilan baham: |