Keywords: Сorruption, decision, money, career, education, foreign, world, law, wealth, application.
Коррупсия – жаҳондаги ҳар қандай давлатда фуқароларнинг тинчлиги ва хотиржамлиги, демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказувчи, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келувчи, иқтисодий бозор муносабатларига тўсқинлик қиладиган ўта хавфли иллатлардан биридир. Яъни, жамиятда қонун устуворлиги таъминланмас экан, давлатнинг иқтисодий, сиёсий салоҳияти заифлашади, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари эса камситилади.
Мамлакатимизда мазкур муаммога қарши кураш мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ жиддий эътибор қаратиб келинмоқда. Ўтган давр мобайнида коррупсия ва жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда унинг олдини олишга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий база шакллантирилди. Эътироф этиш жоизки, давлат солиқ хизмати органларида коррупсия ҳолатларининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда унинг олдини олиш, ушбу иллатни келтириб чиқарувчи шарт-шароитларни бартараф этишни ҳамда қабул қилинган қонун ижроси мониторингини таъминлаш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.
Қонунга кўра, коррупсияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи ҳуқуқ органлари, коррупсияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, коррупсиянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, коррупсияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги каби масалалар аниқ белгилаб қўйилган.
Мазкур қонун билан яқиндан танишиш, унинг ҳар бир моддасини чуқур ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ этишга интилиш, содда қилиб айтганда, коррупсия балосининг жамиятда нақадар мудҳиш иллат эканини тушуниш, мустақил идрок этиш, энг муҳими, унга қарши курашиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.
Дунёда коррупсиянинг тури ҳам, тавсифи ҳам жуда кўп. Унинг келиб чиқиш сабабларини очиш, унга қарши курашишнинг самарали йўлларини топиш бўйича олимлар, турли институтлар ва халқаро ташкилотлар томонидан юзлаб, минглаб тадқиқотлар ўтказилган. Турли кўрсаткич ва рақамлар акс этган жадваллар яратилган, ўзига хос рейтинглар тузилган. Ҳатто коррупсиянинг хилма-хил формулалари ҳам ишлаб чиқилган. Бу борадаги ишлар ва изланишлар изчил давом этмоқда.
Ижтимоий-тарихий вазият, фуқароларнинг ҳуқуқий дунёқараши, давлат тузилиши, иқтисодий ривожланиш омилларидан келиб чиқиб, ҳар бир давлат коррупсияга қарши ўзига хос усулларда курашмоқда. Бу борада энг самарали йўл ҳали топилган эмас. Чунки коррупсия бир қарашда оддий жиноят бўлиб кўрингани билан аслида унинг келиб чиқиши ва яшовчанлик сабаблари жуда чигал ва мураккабдир.
Бир давлатда натижа берган усул бошқа давлатда у қадар самара кўрсатмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳар бир давлат ва жамият коррупсияга қарши курашиш йўлини ўзи танлаши, аниқроғи, қандай йўл тўғри эканини ҳаёт кўрсатади. Қонунда коррупсияга қарши курашни кенг қамровда олиб бориш чоралари кўзда тутилган бўлиб, бу борада ҳар бир масалага алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас.
Коррупсия сўзи «сотиш», «сотилиш», деган маъноларни ҳам англатар экан. Шуниси аниқки, сотадиган, сотиладиган одам ҳеч бир вазифани кўнгилдан бажармайди. Коррупсияга алоқадор одам қонунни бузишидан ташқари, ўзининг кимлигини, эътиқоди, маънавияти қай даражада эканини ошкор қилади. Бундай одам нафақат молиявий зиён-заҳмат етказади, балки давлатни, демократияни беҳурмат қилиб, обрўсини тўкади, унга нон-туз бериб катта қилган, илму ҳунар, обрў ва мансаб берган эл-юртининг юзига оёқ қўяди.
Коррупсияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва принципларини белгилашда бундай ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш масаласи қатъий ҳисобга олинган. Коррупсияга аралашган, бу жирканч иллатга қўл урган одам учун улуғ нарсалар, мўтабар туйғуларнинг қадри йўқолади. Бундай одамлар ҳаётда ҳамма нарсани сотиб олиш ва сотиш мумкин, деб ўйлайди. Улар ҳеч кимга, иъмон-эътиқодга ишонмайди, айни пайтда бундай кимсаларга ҳаёт учун азиз саналадиган ҳеч нарсани инониб бўлмайди. Чунки улар ота-онаси, қариндош-уруғлари, ёру биродарлари, маҳалла-кўйнинг юзини ерга қаратишдан, бошини эгишдан уялмайди.
Қонунга кўра, коррупсияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи, бу жараёнда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупсияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилган. Ушбу комиссияни шакллантириш ва унинг фаолияти тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб қўйилган. Бу меъёр коррупсияга қарши курашнинг доимий ва изчил тус олишида муҳим аҳамиятга эга. Конституциямизга мувофиқ Президент фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафилидир.
Ҳаммамиз яхши биламизки, қонун-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солади. Ваколатлар, ҳуқуқ ва мажбуриятларни, амалга оширилган чора-тадбирларда белгилаб берган. Агар қонун ҳаётда ишламаса, у бир неча варақ оддий қоғоздан фарқи қолмайди. Шундай экан, “коррупсия ҳақида қонун қабул қилинди, энди ҳаммаси изига тушиб кетади”, деб ўйлаш, хотиржамликка берилиш катта хато бўлади. Коррупсия балосидан қутулиш, ислоҳотларни унинг чангалидан озод этиш ҳақида ҳаммамиз ўйлашимиз, бунинг заруратини ҳар биримиз юрагимиздан ўтказишимиз, унга қарши биз ёшлар курашишимиз ва бу борада қатъий туришимиз керакдир.
Бу кураш кундалик ҳаётимиздаги оддий ҳолатлардан бошланади. Масалан шифокордан яхшироқ маслаҳат олиш, навбатни тезлаштириш, рейтинг дафтарчасига тузукроқ баҳо қўйдириш ва ҳоказо вазиятларда ўзимизни муносиб тутишимиз лозим бўлади.
Одамларнинг табиатига ўхшаб раҳбару масъуллар ҳам ҳар хил бўлади. «Жамоада ҳамма қулайлик ўзим учун, бу ташкилот менга бир пайтлардаги хизматларим, фароғатда яшамоғим учун берилган, марҳамат, қолганлар эса аравасини ўзи амаллаб тортаверсин» қабилида тор ва эскича ўйлайдиган, «олди-берди»ни фаолиятининг бир қисми деб тушунадиган, демократик қонун-қоидаларни етарлича идрок эта олмайдиган раҳбарлар ҳам йўқ эмас. Шунинг учун қонунда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупсияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, хусусан, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш чоралари кўзда тутилган.
Қонунда белгиланганидек, таълим муассасаларида коррупсияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбияни кучайтириш масаласи ҳам долзарб аҳамият касб этади. Тўғри ишлаб, тўғри яшаш саодатини болаликдан, ёшликдан ўрганган одам мард ва ҳалол бўлади. Адолатсизлик, қонунга ҳурматсизлик, касбу амалга, ишончга хиёнат қилиб бўлмаслигини ўқиб-уққан, порахўрлик ва коррупсияга, суиистеъмолчиликка қарши ўзида иммунитет ҳосил қилган ёшлар келажакда журъатли, виждонли инсон бўлиб етишади. Қонунларга, тартиб-қоидаларга ҳурмат сақлаб, эл-юртга садоқат билан хизмат қилади. Ҳалол меҳнат билан топилмаган бойлик тотли бўлмаслигини, ҳеч кимга буюрмаслигини, яхшилик эмас, ёмонлик ва кулфат келтиришини тушунади.
Оммавий ахборот воситаларининг эркин ва дадил фаолиятисиз жамият ҳаётини демократлаштириш, одамларни мустақил фикрлаб яшашга ундаш, ҳозирги кунда сув ва ҳаводек зарур бўлган жамоатчилик назоратини изчил йўлга қўйиш мумкин эмас. Бутун дунёда давлатнинг демократияни ҳурмат қилишига, халқнинг салоҳияти ва маданиятига матбуот эркинлиги, одиллигига қараб ҳам баҳо берилади. Албатта, бугун бу ҳақиқатни кўпчилигимиз яхши тушунамиз ва тан оламиз.
Шу ўринда коррупсияга қарши курашиш масаласининг яна бир томонига эътибор қаратсак. Нобоп, «муомала қилиш», «келишиш»га мойил раҳбар ёки бошқа бир масъул нафақат ташкилотга, жамиятга, ишчи-ходимларга зиён етказади, балки бундай одам билан ташкилотнинг, жамоанинг, айниқса, ёш кадрларнинг вақти, умри беҳуда ўтади. Коррупцияга қарши курашиш яна шуниси билан муҳимки, мазкур жараёнларда ишчи-ходимлар, ёшлар ҳалол ишлаш, ишонч ва ваколатга муносиб хизмат билан жавоб қайтариш зарур, деган тушунчага таяниб фаолият юритишни ўрганади. Ҳар қандай вазиятда мард одам, барибир, ҳалол бўлади, деган эътиқодда собит туради.
Бир ёш кадр масъулиятли вазифага келса, амалга эга бўлса, бундан ота-она, қариндош-уруғ қанчалик қувонади?.. Бу табиий ва эзгу туйғу, албатта. Лекин баъзи нотўғри, зарарли иллатлар, билиб-билмай, тушуниб-тушунмай йўл қўйиб бериладиган одатлар ҳам борки, уларни асло эсдан чиқармаслигимиз керак.
Хулоса қилиб шуни айтишни жоиз билдимки, коррупсия - талим сифатига салбий таъсир кўрсатадиган, ўқишдаги қулайликларни чеклайди ва адолатга бўлган ишончга путур етказади. Коррупсияда қатнашаётган иккала шахс биргаликда қонун олдида жавоб беришади. Шундай экан келинглар коррупсиядан четга чиқайлик. Тинч ҳаётимизга бундай жирканч ишларни аралаштирмайлик. Юртимизнинг гуллаб яшнаши учун қўлимиздан келган ишларни қилайлик.
Do'stlaringiz bilan baham: |