Газета дизайнига қўйиладиган талаблар
Cаҳифадаги безакларнинг бирортаси сабабсиз шунчаки ишлатилмаслиги лозим. Ортиқча суратлар, кераксиз сўзлар, ноўрин ишлатилган чизиқлар, нотўғри қолдирилган бўш жой ҳам безакка путур етказиши мумкин. Мабодо безакда қўлланилган бирор бир элемент ўзида ҳеч қандай маълумот ташимаётган, мақолаларнинг мазмунини очиб бермаётган бўлса, улардан воз кечган маъқул.
Ранг ва ҳарфлардан меъёрида фойдаланиш саҳифанинг асосий элементлари бўлмиш суратлар, иловалар, график безакларни кўзга ташланувчан бўлишини таъминлаш имконини беради. Чунки айнан мана шу элементлар газетани бир қарашдаёқ кўзга ташланувчан бўлишига хизмат қилади. Агар асосий эътибор уларга қаратилса, ортиқча безакдорликка берилиш эҳтиёжи ўз-ўзидан йўқолади.
Баъзи-баъзида газетанинг дизайнига ўзгартириш киритиб, ўқувчиларни лол қолдириш мумкин, аммо бу жараён доимо назорат остида бўлиши лозим. Янгиликка интилиш билан доимийлик ўртасидаги меъёрни унутмаслик керак. Ҳар бир сонда ва ҳар бир саҳифада газетхонларни янгича дизайн билан қойил қолдиришга уриниш ярамайди. Бу ўринда америкалик журналист ва ношир Рон Ризоннинг тавсиялари газетани кўркам ва ўқишли қилишда қўл келиши мумкин31.
Газетада ранг танлашда (саҳифалари рангли газеталар учун) эътибор қаратиш учун лозим бўлган жиҳатлар:
Ранг мақола ва иловаларга ўқувчи диққатини жалб этишга ёрдам бериши ҳам, аксинча унинг ғашига тегиши ҳам мумкин.
Ҳар бир рангнинг ўз вазифаси ва ташийдиган юки бўлади. У ишлатилаётган материал контекстига қараб ўзгартирилиши мумкин. Масалан, қизил ранг қандай мақолани безашда ишлатилаётганига қараб, муҳаббатни ёки аксинча ғамни англатиши мумкин. Шу боис саҳифани безашда ранг танлашга жиддий ёндашиш лозим.
Маълум бир ранглар ҳарфлар жамланмаси ёки саҳифа макети каби газета дизайнининг ажралмас қисмига айланиб қолиши лозим. Ҳарфлар ва дизайн тез-тез ўзгартирилмагани каби ранглар ҳам доимий бўлгани маъқул.
Дизайн тушунчаси газета қиёфаси тушунчасидан кўра кенгроқдир. Хориж матбуотини таҳлил этиш жараёнида шу нарса маълум бўлдики32, газетанинг стратегияси ва формати унинг дизайнида акс этади. Мисол учун Қирғизистоннинг “Лица” газетасини олайлик. Газетанинг номидан келиб чиққан холда фотосуратлар айнан турли ҳолатлардаги қиёфалар акс этган. Ҳар бир газета ўзининг доимий компонентларига эга бўлади. Булар газета сонининг ўзига хос элементлари, унинг суратлар билан безатилганлиги, ранги, сарлавҳаларнинг моҳияти ва шрифти. Юқорида номи тилга олинган газета мустақил ахборот-таҳлилий нашр бўлганлиги сабабли, ва асосан, ҳукумат аъзоларининг фикрмулоҳазаларини берганлиги боис ҳам шрифтлар анча жиддийдир. Хориж матбуоти дизайнида бир неча хил вёрстка турлари ишлатилади. Биринчиси – тўғри ва синиқ вёрсткадир. Тўғри вёрсткада материаллар тўғри бурчак шаклида берилади. Улар ё энига ёки бўйига кенгайган бўлиши мумкин. Бундай вёрсткалар асосан фақатгина информацион жанрларга ихтисослашган газеталарда кўп учрайди. Масалан, Россиянинг “Аргументы и факты”, Франциянинг “La Tribune” газеталари бунга мисол бўла олади. Бундай вёрсткада материални топиш ва ўқиш осондир. Иккинчи турдаги вёрстка — синиқ вёрстка деб аталади. Бундай ҳолатлар материаллар турли шаклларда жойлаштирилиши, улар кўп қиррали шаклда бўлиши мумкин. Албатта, бу тур ўқувчини визуал жиҳатидан жалб этади. Аммо бирор бир материални топиб ўқиш ва ҳаттоки газета сонини кўздан кечириш жараёнида ўқувчини чарчатади. Аммо бундай вёрсткани аксарият хориж матбуотида журналларда қўлланилиб, газеталарда у кўпинча реклама материалларида фойдаланилади. Албатта, газета дизайни аввало шрифтни тўғри танлашдан бошланади. Масалан,
Германиянинг Бонн шаҳрида чоп этиладиган “General-Anzeiger” ижтимоий-сиёсий газетаси ўз дизайнида фақат катта-кичик ҳажмдаги “Франклин готик деми го” шрифтини ишлатади. Бу эса газетанинг ўзига хос имижини яратади. Айнан шу шрифтга ўрганган ўқувчи газетани минглаб нашрлардан осонгина ажратиб олади. Яна бир масала, материалларда ишлатилган бир шрифт рекламада ишлатилмайди. Юқорида номи зикр этилган газетадан ташқари, Франциянинг “Le Figaro” ва АҚШнинг “Wasihington Post” газеталарида ҳам дизайннинг айнан шу турини қўлланилишини таъкидлаш лозим.
Хориж матбуотида аксарият сарлавҳа ва суратларнинг биз ўрганмаган даражада йирик ҳарфлар ва ҳажмларда берилишини кўриш мумкин. Бунга Россиянинг “Коммерсант”, “Новые известия”, Ҳиндистоннинг “Дейли таймс” ва бошқа нашрларни мисол келтириш мумкин. Суратларнинг, сарлавҳаларнинг ён атрофида, тагида бўш жой, газетачилар тили билан айтганда «воздух» қолиши ҳам уларда табиий қабул қилинади. Бизнинг нашрларимизнинг аксариятида суратлар деярли бир хил ҳажмда, сарлавҳалар маълум қолипларга солинган бўлади. «Воздух»ни эса яна бир сатр жумла, бирорта кичикроқ хабар ёки сурат билан тўлдириб ташлашга ҳаракат қиламиз. Ўзимизнинг “ХХI аср” газетаси дизайнида маълум даражада янгиликка, хорижнинг ижтимоий-сиёсий нашрларига хос бўлган қиёфага киришни интилишни кўришимиз мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |