Веб-нашрнинг номи сайт очилган маҳал юқори панелда пайдо бўлади. У аниқ ва лўнда ифодаланиши керак. Айрим йирик сайтлар ва порталларда ҳар бир алоҳида саҳифа учун рукн номини сарлавҳа сифатида бериш амалиёти қўлланилади.
Меню – сайтнинг рукн ва тематик бўлимлари сарлавҳасини ифодаловчи қисм. Улар асосий, корпоратив ва ёрдамчи менюларга бўлинади. Асосий меню сайтнинг тўлиқ мазмунини акс эттиради ва мавзу ёки рукнларга бўлинади. Кўп ҳолларда ўнг ёки чап томонда жойлаштирилади. Корпоратив меню – таҳририятга тегишли маълумотлар ҳақида ахборот беради. У одатда юқори ёки пастки қисмда жойлаштирилади ва «биз ҳақимизда», «обуна», «реклама», «қайта алоқа» каби маълумотларга йўлланма беради. Корпоратив меню ва у орқали берилган маълумотлар руҳияти нашрнинг имиджини шакллантирувчи кўрсаткичдир. Таҳририят тўғрисида маълумот берилганда, ижодий ходимлар ҳақида алоҳида маълумот жойлаштириш ўқувчиларнинг нашрга бўлган ишончини орттиради. Унутманг, интернет нашр бу биринчи навбатда интерактив ОАВ. Шунингдек, бу ерда таҳририятнинг реклама сиёсати аниқ кўрсатилиши керак, яъни реклама бериш имкониятлари, унинг турлари ва албатта реклама бўлимининг алоқа телефонлари бўлиши зарур.
Рукнлар – сайтнинг мазмунини ифодаловчи муҳим элементдир. Веб-саҳифанинг қандай мавзу ва йўналишдаги маълумотларни ёритишга мўлжалланганини айнан рукнларни ўрганиб чиқиб, билиб олиш мумкин. Рукнлар бир-икки сўз ёки сўз бирикмасидан ошмаслиги ва материаллар мазмунини тўлиқ акс эттириши лозим. Номлар аниқ ифодаланиб, ортиқча савол туғдирмаслиги лозим. Танланган сўз бирикмаларининг ифода усули таҳририят хусусияти ва йўналишига мос услубда бўлиши керак.
Нашрнинг мазмуни – контент. Интернет нашр учун материал тайёрлашнинг ўзига хос хусусиятлари борасида юқорида тўхталган эдик. Веб-сайт контентини яратишда айнан шу мезонлар ва тамойилларга асосланиш лозим. Бундан ташқари, сайтга маълумот жойлаштиришда қуйидаги талабларни инобатга олмоқ керак. Интернетга мақолалар тез кўз югуртириб, аниқ тасаввур ҳосил қилишга мослаштирилган ҳолда, монитордан ўқиш учун мўлжалланган услубда, мантиқий бўлаклари хатбоши билан ажратилган кўринишда киритилиши лозим. Мақоланинг биринчи хатбошиси – ким, нима, қачон, қаерда, нима учун саволларига жавоб бериши лозим. Ҳар бир материал учун қисқа ва аниқ сарлавҳа танланиши ва имкон қадар фото берилиши мақсадга мувофиқ. Информацияга мос фото унинг нафақат сифати, балки қийматини ҳам оширади.
Do'stlaringiz bilan baham: |