“БИР МИЛЛИОН ДАСТУРЧИ” ЛОЙИҲАСИ РАҚАМЛИ ИҚТИСОДИЁТНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ ДРАЙВЕРИ
Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатида “Тасаввур қилинг, бир миллион дастурчи барча соҳага кириб боради ва рақамли иқтисодиётнинг ривожланишига катта ҳисса қўшади. Бу — катта драйвер бўлади мамлакат ривожланишига. Биз ҳеч қачон бундай катта марра олмаганмиз” – дея таъкидлаганлари рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга катта аҳамият берилаётганлигидан далолат беради.
Республикамизда кенг аҳоли қатламини масофавий махсус онлайн-портал орқали IT-йўналишлари бўйича тайёрлашга йўналтирилган йирик “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Бирлашган Араб Амирлиги “Dubai Future Foundation” жамғармаси, IT-Парк қошидаги IT-академия, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва Муҳаммад ал-Хоразмий IT-мактаблари билан биргаликда амалга оширилмоқда.
Лойиҳа бўйича дастурлашни масофавий таълим орқали ўргатишга мўлжалланган www.uzbekcoders.uz портали ҳамда Udacity.com халқаро таълим платформаси ўзбек тилида ишга тушурилди.
Биринчи босқичда лойиҳа глобал меҳнат бозорида энг долзарб бўлган тўртта йўналишни қамраб олди, жумладан:
- маълумотларни таҳлил қилиш (Data-analytics);
- Android платформасида ишланмалар яратиш(Android development);
- веб-иловаларни ишлаб чиқиш (FrontEnd);
- дастурий таъминотнинг тўлиқ циклини ишлаб чиқиш (FullStack).
Лойиҳа кенг жамоатчиликни, айниқса ёшларни масофадан туриб uzbekcoders.uz портали орқали дастурлаш бўйича енгил ва сифатли таълим олиш учун имконият яратишга йўналтирилган.
Курсни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар грантларни қўлга киритиш учун ўз билимларини синовдан ўтказа олишади ва “Udacity” платформасидаги 100 дан ортиқ “Nanodegree” дастурларининг бирида ўқишни давом эттиришлари мумкин. Бунинг учун номзод якуний имтиҳонни муваффақиятли топшириши ва энг юқори балл билан тўплаган 150 нафар талаба рўйхатига кириши керак. Шуни таъкидлаш жоизки, “Nanodegree” дипломлари “Google”, AT&T, “Autodesk”, “Salesforce” ва бошқа кўплаб
АТ-гигантлар томонидан тан олинади.
Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки ҳудудини кенгайтириш ва янги инфратузилма объектлари қурилишини бошлаш мақсадида ишлаб чиыилган концепция асосига кўра, республика ҳудудида 400 минг кв. метрдан ортиқ офис бинолари, конференц зал, коворкинг марказ, меҳмонхона ва бошқа бинолар қурилиши, бунинг натижасида дастурий маҳсулот ишлаб чиқувчи мингдан ортиқ янги субъектларни ташкил этиш орқали 14 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратиш имконияти пайдо бўлади.
IT-Парк Президентимизнинг 2018 йилда Ҳиндистонга давлат ташрифи чоғида эришилган келишув асосида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ҳиндистон Республикасининг Электроника ва ахборот технологиялари вазирлиги қошидаги Дастурий технологиялар парклари жамияти билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 январда қабул қилинган қарорига кўра, IT-Парк фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари белгиланиб, Дирекция тузилди. Жорий йилнинг июль ойида унинг дастлабки биноси Тошкент шаҳрида фойдаланишга топширилди.
IT-Паркнинг асосий вазифа ва йўналишларидан бири - ахборот технологиялари соҳасидаги бошланғич ва кичик корхоналарга стартап лойиҳаларни амалга оширишда венчур молиялаштириш асосида кўмаклашишдир. Ҳозирда бу ерда ахборот, молия технологиялари, логистика, электрон тижорат, электрон таълим, биотехнология ва бошқа йўналишлардаги илк лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Масалан, АҚШдаги транспорт корхоналарига логистика ҳамда кафе ва пиццахоналарга аутсорсинг бўйича технологик хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.
Бугунги кунда, технопаркда тўртта йўналиш — резидентлар билан ишлаш, IT-Академия, венчур молиялаштириш ҳамда инкубация ва акселерация дастурларини ривожлантириш лойиҳалари бўйича иш олиб борилмоқда.
“Бир миллион дастурчи” лойиҳасининг амалга оширилиши мамлакат аҳолисини кенг қатламлардаги янги ахборот технологиялар касбларини ўзлаштиришга жалб этиш, шунингдек, ёшларни, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни ишга жойлаштириш, дастурлаш бўйича бепул таълим бериш ва ўз-ўзини касбий ифода этишда янги имкониятлар яратади.
Хусусан бугунги кунда, Қашқадарё вилоятида “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси бўйича 2668 нафар ёшлар рўйхатдан ўтган, шундан биринчи босқичда иштирокчи сертификатини олганлар 216 нафарни, иккинчи босқич иштирокчи сертификатини олганлар 194 нафарни ташкил қилмоқда.
Вилоятдаги ўрта таълим мактабларига рақамли ва ахборот технологияларига ихтисослаштирилган махсус курсларда 8000 нафардан ортиқ ёшлар ўқитилди ҳамда Касби туманида “Рақамли технологиялар” ўқув маркази ишга туширилди. Жараённи давом эттириш мақсадида жорий йилнинг охирига қадар яна 7 та туманларда худди шундай марказлар ташкил қилиниши белгиланган.
Ушбу марказларда вилоятдаги ёшларнинг ахборот ва рақамли технологиялар, дастурий таъминот яратиш, киберспорт ва робототехника асосларига ўқитиш орқали рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшадиган мутахассислар етишиб чиқишига ишонамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |