БИОЭТИКА ВА ОИЛА МАЪНАВИЙ АСОСЛАРИНИНГ УЙҒУНЛИГИ
Мамажонова Гулноза Каримовна
Наманган муҳандислик-қурилиш институти ўқитувчиси,
Оила – никоҳ ва қон-қариндошликка асосланган кичик ижтимоий гуруҳ. Жамиятнинг энг кичик ва асосий бўғини. Кўп жамиятларда оилалар болаларнинг социализацияси яъни ижтимоийлашуви учун асосий институт вазифасини ўтайди. Оила бир қўрғон, унинг аъзолари рўзғорнинг бирлиги, ўзаро ёрдам, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва маънавий масъулият билан бир-бирига боғланган. Оила кўплаб ижтимоий вазифаларни бажаради. Наслни давом эттириш, болалар тарбияси билан шуғулланиш, оила аъзоларининг турмуш шароитини яхшилаш ва уларни қўллаб-қувватлаш оиланинг асосий функцияларидан ҳисобланади. Оилавий муносабатлар нисбатан мустақил ҳисоблансада, жамиятда юз бераётган иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, мафкуравий муносабатлар билан чамбарчарс боғлиқ.
Оила бу ота-она ва фарзанд ўртасидаги маънан боғланган риштадир. Оиланинг тўлақонли бўлиши фарзанднинг маънан ва руҳан соғлом тарбияланишида жуда мухим. Гарчанд, ота ёки она вафот этган тақдирда ҳам уларнинг хотираси фарзанд тарбиясида муҳим аҳамият касб этади.
Оила бу – эр ва хотиннинг ахлоқий, маънавий ва ўз ўрнида ҳуқуқий бир бутунлигидан иборат. Қадимдан бизнинг аждодларимиз ёлғиз яшашни оқлашмаган. Уйланиш, оила қуриш ва фарзандлар тарбиялаш рағбатлантирилган. Марказий Осиёнинг илк ёзма манбаларидан бири бўлган “Авесто” да ҳам оила қуриб, фарзандли бўлиш қўллаб-қувватланган. Бу борада “Авесто” да қуйидаги фикрлар келтирилади: “Эй Спитама Заратуштра! Хотин олган кимса, у дунёдан тоқ ва фарзандсиз ўтган одамдан афзалдир.”1 Ушбу фикрлар “Авесто” жамиятида оила жуда муҳим ижтимоий бирлик эканини акс эттирган. Хаттоки, зардуштийлик дининг эзгулик худоси Ахурамазда ҳам оиласи билан акс эттирилганлиги фикримизнинг яққол далилидир.
Кўпчилик инсонлар оиланинг мустаҳкам бўлишини фарзанд кўришга боғлашади. Бизнинг урф-одат, анъаналаримизга кўра аксарият одамларимиз инсон ҳаётининг мазмуни фарзандларининг камолини кўриш, наслини давом этиши билан белгилайдилар. Бепуштликдан, фарзандсизликдан қаттиқ азият чекишади. Бепуштлик тиббий, демографик, психологик, маънавий ва оилавий ҳарактерга эга бўлган мураккаб муаммо. Ушбу муаммо инсоннинг руҳий-маънавий дунёсига чуқур таъсир кўрсатади. Шунинг учун, ушбу касаллик билан курашиш учун, бефарзанд оилалар фарзанд кўриш умидида барча имкониятлардан фойдаланиб кўришади.
Бефарзандликни даволашга бўлган эҳтиёжнинг ортиб бориши ўз навбатида замонавий тиббиёт олдига ҳам янги даволаш усулларини излаш, амалиётга жорий этиш масаласини кўндаланг қўймоқда. Тиббиёт шиддат билан ривожланаётган ҳозирги замонда бепуштликни даволашнинг турли усуллари қўлланилмоқда. Ўз навбатида, инсон ҳаётига, соғлиғига техника ютуқларининг кириб келиши қатор муаммоларни юзага келтирмоқда. Булар орасида биоэтиканинг асосий муаммоларидан ҳисобланган “сунъий уруғлантириш”, “суррогат оналик” каби муаммолар аста-секин оилавий муносабатларга кириб бормоқда.
ЭКУ (экстракорпорал уруғлантириш) – бепуштлик ҳолатларида қўлланадиган кўмакчи репродуктив услуб. Баъзан, ушбу термин “сунъий уруғлантириш” деб қўлланилади. Ушбу усулда дунёга келган болаларни “пробиркадан чиққан” деб аташади. Чунки, экстракорпорал уруғлантиришда тухум ҳўжайра ва уруғ ҳужайрадан эмбрион ҳосил бўлишининг (ҳомиладорликнинг дастлабки кунларида одатда бачадон найчасида кечадиган ривожланиш босқичи) сунъий шароитда – яъни “пробирка”да кечади.
Бу технология бепушт жуфтларга тайинланади. Бир йил мобайнида жуфтликнинг фертиллигини (бола кўришга қобиллигини) ўрганилади. Шу давр мобайнида ҳомиладорлик содир бўлмаса, бепуштлик тасдиқланади. Унинг сабаблари ўрганиб чиқилиб, асоратлари бартараф қилинади. Даволанишдан сўнг ҳам ҳомиладорлик содир бўлмаса, бошқа репродуктив услубларга мурожаат қилинади.
“Сунъий уруғлантириш” технологияси замонавий фан-техника ютуқларидан бири ҳисоблансада, қадимдан кўплаб олимларни қизиқтириб келган. Ушбу усул ҳақидаги ғоялар, қарашлар ўрта аср мутафаккирлаининг асарларида ҳам учрайди.
Ибн Сино, Форобий, Ибн Халдун каби буюк тарихчи, файласуф, жамиятшунос олимлар ўз асарларида инсонни сунъий йўл билан вужудга келтиришга ўхшаш мавзуга ишора қилиб кетганлар. Масалан, Ибн Халдун ўзининг машҳур “Ал-Муқаддима” асарида қадимги кимё фани ҳақида сўз юритиб, жумладан, шундай дейди: “Ибн Сино, Форобий ва Тағроийнинг айтган гапларига суянган ҳолда, айтиш мумкинки, табиий муҳитда манийдан инсонни вужудга келтириш мумкин”. Табиий муҳит деганда Ибн Халдун онанинг қорни, яъни бачадонни назарда тутади. Сўнгра яна сўзида давом этиб: “Агар биз инсон бачадонда яралиб, ривожланишдаги барча босқичлар учун зарур бўлган шароитни яратиш имкони борлигига ишонсак ва бунинг учун етарли илм бўлса, албатта, инсоннинг шу тарзда вужудга келишига ишонамиз”, дейди. Ибн Халдун инсонни бу тарзда пайдо қилиш, албатта, етарли шарт-шароит бекаму кўст юзага келгандан кейингина амалга ошиши мумкин деб ишонади, аммо башарият илми бу ишга ожизлиги учун: “Қаердан ҳам бундай шароит вужудга келсин”, дейди. Албатта, Ибн Халдуннинг бу гапи ўша замондаги илмнинг эришган даражасига асосан айтилган эди. Ниҳоят ҳозирги замон илми худди мана шу муҳитни пайдо қилишга қодир эканлигини намоён этди.2
Бир қараганда ушбу амалиётни қўллашда ҳечқандай муаммолар йўқдай кўринади. Лекин, “Сунъий уруғлантириш” амалиётини қўллаш фақатгина тиббий масала бўлиб қолмай, унинг ахлоқий жиҳати ҳам кишини чуқур ўйга толдиради. Ушбу амалиёт ўз набатида ахлоқий, ижтимоий ва диний қадриятлар билан кесишади. Агар “Сунъий уруғлантириш” амалиётига ҳеч қандай чекловларсиз йўл қўйиб бериш аёллар орасида турмушга чиқмай фарзандли бўлиш истагида бўлганларга кенг йўл очиб беради; Диний қарашларга зид равишда никоҳсиз авлод вужудга келишига сабаб бўлади; уруғлантирилган ҳомилалар ёки уруғлантирилмаган тухум ва уруғ ҳужайралари билан савдо қилиш, уни даромад манбаига айлантириб олиш юзага келади.
Сўнги йилларда Ўзбекистонда ёрдамчи репродуктив технологиялардан фойдаланиш салмоғи анча ортмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, ушбу амалиётни қонуний тартибга солиш зарурати туғилди. Чунки, “сунъий уруғлантириш” амалиётининг ҳуқуқий асосларини пухта ишлаб чиқмай тадбиқ этиш, жамиятда кўплаб ижтимоий-ахлоқий муаммоларга сабаб бўлиши мумкин эди.
2019 йил 28 фераль куни Ўзбекистон Республикаси Сенати томонидан “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон қонуни маъқулланди. Ушбу қонуннинг асосий мақсади аҳоли репродуктив саломатлигини яхшилаш, эркаклар ва аёллар бепуштлигининг олдини олиш ва даволаш тизимини қонунчилик даражасида мустаҳкамлашдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг берган маълумотларига кўра, сўнги йилларда оилалар барбод бўлишининг 4,7 фоизи эр-хотин бепуштлиги юзага келган.
Бепуштликнинг турли даражалари мавжуд бўлиб, Ўзбекистонда ўтказилган тадқиқотлар хулосаларига кўра, бирламчи бепуштликка чалинган аёллар барча турмуш қурганларнинг умумий сонига нисбатан 4,9 фоиздан 5,3 фоизгача ташкил этади. Келтирилган ушбу фактлар Ўзбекистонда оилаларни сақлаш мақсадида ёрдамчи репродуктив технологияларни жорий этишнинг муҳимлиги ва зарурлигини яққол кўрсатади.
Лекин, ушбу қонун ёрдамчи репродукти технологиялардан масалан, ЭКУ дан ҳеч қандай чеклоларсиз фойдаланишга рухсат бермайди. Ушбу қонунда ЭКУ дан фақатгина расмий никоҳда бўлган эр-хотин жутликлари фойдаланиши мумкинлиги назарда тутилган. Зеро, ёрдамчи репродуктив технологиялардан оқилона фойдаланиш юқорида таъқидлаб ўтилган ижтимоий, ахлоқий ва диний нуқтаи назардан вужудга келиши мумкин бўлган муаммоларни, тушунмовчиликларни олдини олади.
ЭКУ нинг ахлоқий масъулиятини тўлиқ тушунмай ундан фойдаланган ва кейиничалик афсус чеккан инсонларни ҳаётда кўп учратганмиз. Масалан, Н. исмли аёл турмуш ўртоғи билан 7 йил бирга ҳаёт кечиришади ва фарзандли бўлишмайди. Йигитнинг ота-онаси ўғлининг фарзанд кўриш имконияти “нол”га тенг эканлигини билишган ва буни ўз ўғли ҳамда келинидан сир тутишган. Эр-хотиннинг даволовчи шифокори ҳам ота-онанинг илтимосига кўра буни беморлардан сир тутган. Йигит иш юзасидан хорижга хизмат сафарига кетганда, оилани сақлаб қолиш ҳамда ўғлининг руҳий холатини ўйлаган ота-онанинг қўллаб-қувватлаши билан келин номаълум донор ёрдамида ЭКУ дан фойдаланади ва хомиладор бўлади.
Бу ўринда йигит хорижга борганда шифокор кўригидан ўтади ва фарзандли бўиш имконияти “0” га тенг эканлиги билиб олади. Сафардан қайтган йигит турмуш ўртоғининг хомиладор эканлигини эшитади ва уни хиёнатда айблайди. Ота-она ҳар қанча тушунтирмасин, йигит дунёга келган фарзандни тан олмайди. Натижада оила барбод бўлади.
Хўш, энди дунёга келган боланинг тақдири нима бўлади. У ҳам барча болалар қатори тўлақонли оилада вояга етиши мумкин эдику? Боланинг руҳий-психологик холати, жамиятда инсонларнинг унга муносабати масалаларида ҳам тушунмочилик келиб чиқмасликка кафолат борми? ЭКУ нинг ўзига яраша маънавий-ахлоқий жавобгарлиги борки, буни аниқ хис қилмасдан унга қўл уриш яхши оқибатларга олиб келмайди.
Масаланинг яна бир жиҳати борки, диний қадриятлар кишиларининг ҳаётига чуқур сингиб кетган халқ сифатида буни ҳисобга олмаслик мумкин эмас. Ислом дини “сунъий уруғлантириш” масаласига қандай қарайди?
2017 йил 16-17 декабрь кунлари Евроосиё ислом кенгаши фатво ассамблеясининг иккинчи йиғилишиТуркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Ҳомиджон қори Ишматбеков ушбу анжуманда иштирок этди. Ушбу тадбир кун тартибидаги асосий масала сунъий уруғлантириш ва ҳомилага тааллуқли кўплаб бахсли муаммолар бўлди. Анжуман материалларига асосланган холда Ўзбекистон мусулмонлар идораси ушбу масала устида кўплаб ўрганишлар олиб бориб, “Сунъий уруғлантириш” ҳақида фатвони элон қилди.
Фатвода Ислом динида жуфт бўлиб яшаш қўллаб-қувватланганлиги, зурриёт қолдириб, наслини давомийлигини таминлаш маъқулланганлиги таъкидланган. Шу билан биргаликда, бепуштлик, фарзандсизлик ҳам шариатда даволанишга рухсат берилган касаллик эканлиги баён қилинган.
“Сунъий уруғлантириш” ҳақидаги фатво тиббиёт хулосаларига асосланган холда, бепуштликнинг бир қанча сабаблари санаб ўтилган ва бепуштликнинг даволовчи усулларидан бири сифатида ЭКУ кўрсатиб ўтилган.
“Сунъий уруғлантириш” ҳақидаги фатво ҳозирги кунда амалиётда қўлланилаётган қуйидаги бешта усулнинг ислом дини шаръан ҳаром эканлигига айтиб ўтилган:
Эркакдан олинган уруғ билан бегона аёлнинг тухум ҳужайраси ички тарзда уруғлантирилиб, пайдо бўлган эмбрион бошқа хотиннинг бачадонига жойлаштирилади.
Эркакдан олинган уруғ билан унинг хотинидан олинган тухум ҳужайра ички тарзда уруғлантирилиб, сўнг пайдо бўлган эмбрион бегона аёлнинг бачадонига жойлаштирилади.
Эр-хотиннинг уруғ ва тухум ҳужайраси ташқи тарзда уруғлантирилади, сўнгра ихтиёрий равишда фарзандни туғиб беришга рози бўлган бегона аёл бачадонига жойлаштирилади.
Эркакдан олинган уруғ билан унинг хотини бўлмаган аёлдан олинган тухум ҳужайра орасида ташқи уруғлантириш амалга оширилади, сўнг эмбрион эркакнинг ўз хотини бачадонига жойлаштирилади.
Эр-хотиннинг уруғ ва тухум ҳужайраси орасида ташқи уруғлантириш амалга оширилади, сўнг эмбрион (эрнинг) бошқа хотини бачадонига жойлаштирилади.
Ислом уламолари шариатда талаб этилган барча эҳтиёт чоралари кўрилган ҳолда қуйидаги икки услубни зарурат ҳолатида энг охирги чора сифатида қўллашликни жоиз деганлар:
Шаръий эр-хотиннинг уруғ ва тухум ҳужайраси олиниб, ташқи уруғлантириш усулида уруғлантирилади, сўнгра пайдо бўлган эмбрионни яна шу хотиннинг бачадонига жойлаштирилади.
Эрнинг уруғи олиниб хотиннинг (бачадон) бўйинчасидаги керакли ўринга ички уруғлантириш усули билан жойлаштирилади.
Шу билан биргаликда, ушбу муолажага жуда катта зарурат бўлганида, энг сўнги чора сифатида мурожаат қлиш зарурлиги алоҳида айтиб ўтилган. Эркак ва аёлнинг уруғларини сақлашда бегона шахсларники билан аралашиб кетмаслиги учун барча эҳтиёт чораларини кўриш зарурлиги ва албатта, ушбу ишни ишончли табиб амалга оширишлиги қайд этиб ўтилган.
Ўзбекистонда шаръий никоҳ икки ёш ўртасидаги никоҳ ФҲДЁ органларида қайд этилгандан кейингина ўқилишини назарда тутсак, Сенат маъқуллаган “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида” ги қонун ва Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг “Сунъий уруғлантириш” ҳақидаги фатвоси бир-бирига мос, бир-бирини тўлдириб турганлигини кўришимиз мумкин.
Демак, қонун ва фатвонинг моҳиятига эътибор берадиган бўлсак, ёрдамчи репродуктив технологиялардан оқилона фойдаланиш унинг натижасида вужудга келиши мумкин бўлган руҳий, маънавий, оилавий муаммоларни олдини олади, кўплаб оилаларга қувонч олиб келади.
Насронийлик динида ҳам ЭКУ никоҳдаги жуфтликлар ўртасида ўтказилишини маъкуллайди. “Рус православ черковининг ижтимоий концепцияси асослари” 3да замонавий тиббий технологиялар инсонлардаги бепуштлик касаллигини енгишга имкон беришини аммо, инсон ҳаётига техниканинг чуқур аралашуви унинг руҳий-маънаий яхлитлиги ва жисмоний соғлиғига зарар етказиши мумкинлигини ҳам таъкидлайди. Насронийлик анъаналарига кўра, фарзанд қонуний никоҳнинг меваси, лекин ягона мақсади эмаслиги айтилади. Насронийликда ҳам, никоҳдан ташқарида фарзанд кўриш оқланмайди. Бепуштликни даволаш учун эр-хотин муносабатларига тиббий аралашуга рухсат берилади. Агар, бу жараён қонуний жуфтликлар ўртасида ўтказилса, табиий жараён сифатида қабул қилиш мумкинлиги таъкидланади.
Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Биоэтика замонавий тиббий ютуқлар инсонларнинг барча хоҳиш истакларига эмас, ақлга асосланган, оқибати чуқур ўйланган натижага хизмат қилиш керак деган ғояни илгари суради. Шу нуқтаи назардан, Биоэтика биз мухокама қилаётган ёрдамчи репродуктив технологиялар яъни ЭКУ оиладек юксак қадриятнинг маънавий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилишини, аксинча, ундан нооқилона фойдаланиш оиланинг маънавий асосларини емиришидан, жамиятнинг ахлоқий барқарорлигига путур етишидан огоҳлантиради. Ушбу усулни қўллашни истаган ҳар қандай инсон унинг маънавий ва ахлоқий жиҳатларини чуқур кўриб чиқиши зарур.
“Сунъий уруғлантириш” масаласи ҳақида бахс борганда ўз навбатида “суррогат она” ёки “ёлланма она” масаласи бахс майдонига келади. Бугунги кунда репродуктив технологияларни кенг қўллаш фарзандсиз эр-хотинларга сунъий она (суррогат она) ёрдамида ўз боласига эга бўлиш ва ота-оналик завқини суришга имкон бермоқда.
Суррогат оналик — ёрдамчи репродуктив технологиялар сирасига кириб, бунда ҳомиладорлик ва фарзанд дунёга келишида уч киши иштирок этади: генетик (биологик) ота – уруғлантириш учун ўз спермасини берган ва фарзанд туғилганидан сўнг оталик мажбуриятини зиммасига олишга рози бўлган шахс; генетик (биологик) она – уруғлантириш учун ўз тухумҳужайрасини берган ва фарзанд туғилганидан сўнг оналик мажбуриятини зиммасига олишга рози бўлган шахс; суррогат она – фарзанд кўриш ёшидаги аёл бўлиб, у беминнат ёки ҳақ эвазига генетик ота-онадан бўлган болани (эмбрионни) кўтариб юриб, дунёга келтиришга рози бўлади, шунингдек ушбу болага оналик даъвосини қилмайди. Фарзанд дунёга келганидан сўнг генетик (биологик) ота-она юридик ота-она сифатида қайд этилади.
Ирсий бўлмасада, бироқ физиологик онасидан буткул қонуний асосларда (кўплаб мамлакатларда суррогат оналикка қонуний рухсат берилган) гўдакка нисбатан “зарар етказма” тамойили қандай маънога эга бўлиши мумкин? Бундай онани табиий оналик ҳиссидан ва ўзи қоринда кўтарган ҳамда дунёга келтирган боласи тўғрисида ғамҳўрлик қилиш эҳтиёжидан жудо қилиш ахлоққа зид эмасми?
АҚШ, Европа мамлакатларида бугун бундай хизматларга эҳтиёж ортиб бормоқда. Соғлиғи кўтармаганлиги ёки бошқа қандайдир сабабларга кўра фарзандли бўла олмайдиган инсонлар бошқа бир онанинг бачадонини “ижарага” олади. Ушбу усул кенг тарқалаётганига қарамай жамиятда жуда кўп бахс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Масалан, “суррогат она” ўз вужудида кўтариб юрган болага мехри тушиб қолиб, уни бировга бериб юбориши осон эмас. Табиийки, унда турли психологик депрессиялар вужудга келиши мумкин.
Бола ҳуқуқларидан, манфаатларидан келиб чиқиб қарайдиган бўлсак, ушбу техник ҳомиладорлик даврида она ва бола ўртасида ўрнатиладиган чуқур ҳиссий ва маънавий яқинлик юзага келмайди. Фарзанд тарбияси она қорнидагидан бошланиши ҳақидаги жуда кўп ривоятлар мавжуд. Бўлажак оналар фарзандларига қорнидалигидаёқ эртак ўқиб беришади, мусиқа чалишадида она ва бола ўртасида руҳий-маънавий алоқадорлик юзага келади. Тиббиёт маълумотларига кўра, фарзанд она қорнидалигидёқ онасининг кайфиятини, руҳиятини хис қилиб турар экан. Шунинг учун, тиббиёт ходимлари иложи борича бўлажак оналарга руҳий зўриқиш ва тушкунликлардан узоқроқ бўлишларини тавсия этишади. “Суррогат она” вазифасини бажараётган аёлда оналик ҳисси шаклланмайди. Бу эса, ўз-ўзини англаш жараёнини бошидан кечираётган болани руҳан жароҳатлайди. Бундай усулда дунёга келган боланинг вақти келиб ўтмишидан боҳабар бўлиши унга ўзига яраша маънавий-психологик зарба бўлиши мумкин.
“Суррогат она” дунёга келтирган бола ногирон ёки бирор касал билан дунёга келса, нима бўлади, каби ечимсиз саволлар ҳам мавжудки, бу саволлар инсонларга ўз ҳаётига ҳар қандай аралашувни чуқур тушиниб рухсат бериши лозимлигини эслатиб туради.
Юқорида таъкидлаганимиздек, “сунъий уруғлантириш” ёлғиз оналар пайдо бўлишига сабаб бўлса, “суррогат оналик” ёлғиз оталарнинг ҳам вужудга келишига сабаб бўлмоқда. Жамиятда “масъулиятсиз ота”, “масълиятсиз она”, “биологик ота-она” каби тушунчаларнинг оммалашишини оиланинг маънавий-ижтимоий инқирози деб қараш мумкин. Машҳур кино юлдузлар, футболчиларнинг ёлғиз ота бўлганликлари ҳақидаги маълумотлар интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда кенг тарқалмоқда. Бу масалалар ўз навбатида жамиятда оиланинг ўрни ва мавқеига сезиларли салбий таъсир кўрсатади.
Оила муқаддас даргоҳ. Фарзандлар эр ва хотиннинг бир-бирига бўлган соф туйғулари маҳсули, уларни умр бўйи боғлаб турадиган ришта. Шундай экан, уларнинг дунёга келишидан тортиб, вояга етиб ҳаётда ўз ўрнини топгунга қадар ота-оналар маънавий масъул ва жавобгардирлар.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, биринчидан, Биоэтика инсонларни соғлом тарзи кечиришга чақиради. Инсон ҳаётига ҳар қандай аралашув замирида унинг маънавий, ижтимоий, руҳий манфаатлари ҳисобга олиниши кераклигини уқтиради.
Иккинчидан, ёрдамчи репродуктив технологияларга мурожаат қилишдан аввал оилавий жуфтликлар бу технологиялар ҳақида чуқур тиббий билимларга эга бўлиши, амалиётни бажарадиган шифокор малакали мутахассис эканлигига эътибор қаратиш лозим. Бу борадаги озгина чалкашлик ёки хатолик (масалан, улуғларнинг алмашиш қолиши) ҳам маънавий-ахлоқий келишмовчиликларни келтириб чиқариши мумкин.
Учинчидан, инсон ҳаётдаги ўрнини фақат насл қолдириш билан боғлаб, ахлоқ нормаларини, маънавий омилларни ҳисобга олмаслик, кишининг маънавий қашшоқ эканлигини кўрсатади. Ҳаётда фарзанд кўрмаган бўлса ҳам, ўзидан буюк ном қолдирган, инсониятни ёруғ манзилларга етаклаган, асрлар давомида инсонлар эъзозлаб келадиган инсонлар ҳам кўп эканлигини унутмаслик лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |