* * *
Аслида Санжарнинг Диля билан танишишига Рустам сабаб бўлган. Сабаб эмас-ку, баҳонамикин... У пайтда пахта кампанияси сиёсий масала ҳисобланар эди. Ўшанда Санжар бешинчи курсда ўқир, айни пайтда куллиёт комсомол ташкилотининг котиби эди. Штабда ҳар кеча мажлис, ҳар кеча ҳисобот... Шундай кунлардан бирида ЧП рўй берди. Биринчи курс талабаларидан биттаси безорилик қилибди. Баракка нон олиб борган тракторчига ҳозироқ совхоз марказига бориб, дўхтир топиб келасан, деб дағдаға қилибди. Тракторчи кўнмаган экан, ёқасидан судраб ерга туширибди-да, тракторни ўзи ҳайдаб кетибди. Кеч кириб, поликлиника ёпилган экан. Ярим кечаси дўхтирнинг уйига бостириб борибди. Хотин кишини тракторга ўтқазиб, баракка оборибди. Бир қиз шамоллаб қолган экан... Энг ёмони, эртасига бутун курс далага чиқишдан бош тортибди. Калтакнинг йўғони Санжарнинг бошида синди. «Комсомол вожаклигини эплолма-япсиз», дейишди. «Талабаларни эркалатиб юборгансиз», дейишди.
Кечаси олмадек лампочка хира ёритиб турган, сичқон ҳиди билан тўлган баракда умумий комсомол йиғилиши бўлди. Биринчи курслар энг чеккада, қамишзорга туташиб кетган участкада эди. (Одат шу: биринчи курсларни «Камчатка»га юборишади.) Тўполон ташкилотчиси — Рустам деган йигит экан. Баскетболчиларга ўхшаган баланд бўйли, гавдали...
Санжар ёш раҳбарларга хос вазминлик билан пахта халқимизнинг бойлиги эканини тушунтирди. Павел Корчагинлар бундан ҳам қийин шароитда темир йўл қурганини эслатди.
Кекса декан ярим кечада хотин кишини совукда дийдиратиб тракторда олиб келиш яхши иш бўлмаганини, совхоз раҳбарияти ректоратдан ўша болани ўқишдан ҳайдашни талаб қилаётганини айтди.
Врач бўлганидан кейин бурчини бажарсин! — деди Рустам пинагини бузмай. Санжарнинг жаҳли чиқци.
Ўзинг-чи! — деди бақириб. — Ўзинг нега бурчингни адо этмайсан? Нега пахта термайсан? Болаларни йўлдан уриб, нега саботаж қиласан?
Санжар Рустамнинг узр сўрашини кутган эди. Ғалати иш қилди, ярамас! Кат тагига қўл суқиб, лойга беланган иккита этак олди. Биттасини ўзининг белига боғлади. Иккинчисини Санжарга узатди.
Тақинг! — деди лаби истеҳзоли қийшайиб. — Юринг, далага чиқамиз. Иккаламиз бир бўлиб, эрталабгача ярим этак подбор терсак, бетимга туф денг! Қани ўша пахта! Қор босиб ётибди-ку!
...Ҳаммаёқ қий-чув бўлиб кетди. Қирқтаси баравар гапирса ёмон бўларкан.
Сочи қирқилган, совуқдан лаблари ёрилиб кетган, аммо ниҳоятда кўҳлик эканлиги кўриниб
турган қиз, айниқса, қўп гапирди.
Домла! — деди деканга қараб. — Боядан бери пахтани гапирасизлар. Нима гап ўзи, деб сўрадингларми! Касал бўлган ким, дедингларми? — У тўсатдан йиғлаб юборди. — Кеча Шаҳнозанинг олдига бориб келдик. Иситмаси қирқдан тушмаяпти. Сизнинг ҳам қизингиз бордир ахир!
Ёш тўла кўзлари билан Санжарга чақчайди.
Корчагинингиз йўқ пахтани термагандир! Чақириб келинг, қўрсин аҳволимизни!
Киз қорайиб кетган қўлини силкита-силкита, алам билан гапирар, Санжар хафа бўлмас, аксинча, қизалоқнинг гаплари ёқар эди унга... Бу — Диля эди...
Do'stlaringiz bilan baham: |