Шундай қилиб, гражданка Шоматова, сиз еттинчи ноябрдан саккизинчи ноябрга ўтар кечаси эрингиз билан бир уйда бўлганингизни тасдиқлайсиз. Шунақами?
Ҳа.
Демак, сиз саккизинчи ноябрь куни эрталаб, эрингиз Шоматов Рустам ухлаб ётганида сутга чиққансиз?
Ҳа.
Навбат кутгансиз. Сут етмаган.
Ҳа.
Айтингчи, эрталаб чиқиб кетаётганингизда ташқари эшикни қулфлаганмидингиз?
Аввал ҳам айтувдим-ку, эшик ёпилса ўзи қулфланиб қолади, деб.
Айтгансиз. Айнан ўша куни эшик қулфланиб қолганмиди-йўқми?
Билмайман, эсимда йўқ.
Демак, сиз сутга бордингиз. Навбат кутдингиз. Сут етмади. Қайтиб келдингиз. Соат неча эди?
Эсимда йўқ.
Эслаб кўринг.
Билмайман. Тонг ёришган эди. Келсам, Рустам акамни олиб кетишган экан.
Мушук-сичқон ўйинини бас қилинг, Шоматова! Мана, экспертиза хулосаси! Ўзингиз ўқийсиз-ми ё ўқиб берайми? «Ўлим ҳодисаси тунги соат ўн икки билан икки ўртасида рўй берган. Суд тиббий текширувида шу нарса аниқландики, юрак фаолияти...» Йиғлашнинг ҳожати йўқ! Агар сиз ўша кеча эрингизнинг ёнида бўлганингизда, уйда чинни идишлар, дераза ойнаси синганини эшитмаслигингиз мумкин эмас эди! Столга ёзилган дастурхонга оққан қонни кўрардингиз... Эрталаб сутга чиққанингиз ёлғон! Ўша куни сут дўконига бормагансиз! Умуман, дўконга сут олиб келинмаган! Бинобарин, ўша кеча уйда бўлмагансиз.
Рустам акам... Рустам акам ҳар куни тушимга кирадилар. Нима қилай? Нима қил-а-ай?
Жонимдан тўйиб кетдим!
Йиғлашдан фойда йўқ. Ўша кеча қаерда тунадингиз?
Уйимда! Аямнинг ёнида... Эрталаб... эрталаб... адам билан аям насиҳат қилишди. «Ошсиз уй бор, уришсиз уй йўқ, арзимаган нарсани баҳона қилиб, аразлаб келишга ўрганма», дейишди. Ўзим ҳам кечаси билан ухлолмай тўлғаниб чиқдим. Бир маҳал...
Йиғламанг... Марҳамат... Сув ичинг...
Бир маҳал кўзим илинган экан... Билмайман, тушимми, ўнгимми...
Йиғламанг, Шоматова...
Дарё эмиш... Йўқ, дарёмас, анҳормиш. Гагарин боғидаги анҳор. Ўзимизнинг скамейкада, ўзимизнинг наъматак тагида ўтирган эмишман. Қарасам, сувнинг у бетида Рустам акам турибдилар. Кулиб турибдилар. Кел, деб имлармишлар. «Сузишни билмайман-ку!» десам,
кийимларини ечмай, анҳорга калла ташлабдилар... Мундай қарасам... Қарасам...
Ўзингизни босинг...
Қарасам, анҳорда сув эмас, сув эмас... қон оқаётган-миш... Рустам акам қон ичида оқиб кетибдилар... Рустам акам... Қон ичида... Биласизми, қип-қизил қон ичида... Ишонсангиз... Уйга қандоқ етиб келганимни билмайман. Қарасам, уй тўла одам. Милициялар... Қора кийимлилар...
Сизга ишонгим келади, синглим... Ишонгим келади-ю... Нега бу гапларни бошида айтмадингиз?
Қўркдим... Нима қилай, қўрқиб кетдим!
Балки бу ёғига очиқ гаплашармиз. Айтинг-чи, бир кун олдин, яъни байрам куни эр-хотин жанжаллашганмидинглар?
— Ҳа...
Нима масалада? Ростини айтинг! Тушунаман... Эрингизнинг жахли тез бўлган. Ҳар қалай контузия таъсири... Лекин тўғрисини айтинг! Буниси жуда муҳим, биляпсизми, жудаям муҳим... Ўртага рашк аралашганмиди?
Тушунарли... Эрингиз 11–24 рақамли «Волга»нинг ойнасини нега синдирди? Такрор айтаман, фақат тўғри гапиришингизни талаб қиламан!
Бола-чақангизнинг роҳатини кўринг! Ёлбораман! У одамни тинч қўйинг! Гуноҳ менда бўлса, қамай қолинг! Унга тегманглар! Яқинда уйланади. Сирдош дугонамга уйланади! Бирйўла икки бегуноҳнинг уволига қолманг...
Айтинг-чи, синглим... Эрингиз жаҳли чиққан пайтларида нормадан чекиниш ҳоллари рўй берармиди? Масалан, ўзини идрок этолмай қолиш... Ҳушдан кетиш...
Рустам акамни тушларимда кўраман. Ҳар куни кўраман... Нега кетдим? Ўша куни нега кетди-и-им? Нега-а-а?
Do'stlaringiz bilan baham: |