Акам аллақанча газета йиғиб қўйган экан. Ўқиб, ҳайрон бўлдим. Бирида бутун мамлакатни қамоқхоналарга айлантирган тузум емирилгани, тўла демократия рўёбга чиқаётгани ёзилади, бошқасида «ўзбек иши» бўйича қамоққа олинган «текинхўрлар» лаънатланади. Бирида одамларни эътиқоди учун тазйиқ остига олганлар қораланади, виждон эркига йўл очилгани айтилади, бошқасида отасини дафн этиш учун мозорга бориб Қуръон тиловат қилган коммунист фельетон қилинади... Қизиқ...
Июнь ойининг ўрталари
Кечқурун Илҳом акамникида эски «Электрон»ни кўриб ўтирган эдик. Москвадан ғаройиб
«томоша» берилди. СССР прокуратурасининг Амбарцумян ва Петров бошчилигидаги гуруҳи жиноятчилар маконига айланган Ўзбекистонда ҳақиқий қаҳрамонлик намуналарини кўрсатаётган эмиш. Ич-ичидан чириб кетган бу республикага Россиядан яна бир гуруҳ энг яхши мутахассислар ёрдамга келаётган эмиш... Гапириб-гапириб стол устига ёйиб қўйилган тилла буюмларни намойиш қилишди. Балдоқлар, олтин занжирлар, узуклар... Булар ҳаммаси давлатни, халқни талаш эвазига тўпланган бойликлар экан. Бувамдан ойимга хотира бўлиб қолган тилла билагузук ҳам бормикин шулар ичида?
Июнь ойининг охирлари
Уй ичи салқин. Онам дераза пардаларини тўсиб қўйгани учун ташқаридаги иссиқ хонада унча сезилмайди. Ҳовли жимжит. Аҳён-аҳёнда мусича кукувлайди. Иссиқдан толиққан шекилли, овози ҳорғин. Ойим қалин кўзойнак тақиб, кўрпача қавиб ўтирибди. Худо хохдаса, келаси ой — тўй...
Онам «оқ ўраб» келганидан бери қуда томонни оғзидан бол томиб мақтайди. Ҳозир ҳам гапни айлантириб, шунга тақади:
Ўзимам сезувдим, ўғлим! Сен у ёқдалигингда, янги йил арафаси Тошкентдан келган кизлар орасида, айниқса, Шаҳнозахонга дилим кетувди. «Қани шундоқ қизни келин қилсам», дегандим. Фаришта омин деган экан... Бирам ширин, бирам одобли... Илоё ўзларингдан кўпайинглар. — У кўзойнак устидан менга қараб қўйди-да, жимиб қолди.
Биламан, ҳозир отамни гапиради. Айтмадимми?
Икки орзуни бир етказмас экан-да, болам... Даданг ёнингда бўлганларида-ку... — Сўзлари бемаврид эканини билиб, дарров хатосини тузатди. — Сен кўнглингни чўктирма, — деди мендан кўра кўпроқ ўзини юпатиб. — Тўйни шунақанги. қарс-бадабанг қилиб ўтказамизки,
«фалончи қамалибди», деб суюниб юрган оғзи катталар уялиб қолсин! Аканг бор... Қариндош-
уруғ, эл-юрт бор... Худога шукр, юртдан оқибат кўтарилмаган экан. Ҳалитдан нечтаси «Бизга нима хизмат бор?» деб келяпти. Даданг шунча йил раис бўлиб, бировнинг оҳига озор берганмас. Ҳаммасининг бошини силаган. Тўйи борми, маъракаси борми, туриб берган.
Ҳовлида ҳамон мусича кукувлайди. Ёзнинг толиқтиргувчи сукунатини янаям чуқурлаштиришга аҳд қилгандек, осойишта ва ҳорғин хониш қилади. Ўзбекнинг ўзидек содда, беозор... Беозорлиги учун дуч келган дайди мушукка ем бўладиган қушча...
Ойим бир нималарни ўйлаб, ўзича жилмайиб қўйди.
Кафан кийган кетади, капалак кийган келади! — деди ишонч билан. — Мени айтди, дерсан! Даданг келадилар. Ярим йил ўтар, бир йил ўтар... Эшикдан кули-и-б кириб келадилар. Шаҳнозахонни чўғдек ясантириб саломга олиб чиқаман.
Шаҳноза кўз ўнгимга келди. «Шу ҳафта совчилар боради, тағин ноумид бўлиб қайтиб кетишмасин», деганимда ийманиб ерга қараб турган Шаҳноза...
Ойим капалакни гапирдими? Қизиқ... Уйга капалак кириб қопти. Миттигина. Қанотлари кўкимтир. Унсиз типирчилаб у деворга урилади, бу деворга урилади. Ана! Қанотларини жонҳолатда силкиб, учиб борди-да, дарпардага қўнди. Худо билсин, эрталабдан бери ёруғ дунёга чиқиб кетиш илинжида питирлайвериб ҳолдан тойгандир... Синчиклаб кузатиб турдим. Биддимки, капалак нур шу ердан тушаётганини сезиб турибди. У ёкда, ташқарида офтоб бор. Эркинлик бор... Тоза ҳаво... Гулзорлар... Шўрлик! Билмайдики, башарти бирон инсофли одам дейлик, мен пардани бир четга суриб, йўл очиб берганим тақдирда ҳам, капалак барибир озодликка чиқолмайди. Дераза ёпиқ... Ташқарида ёруғ олам кўриниб туради. Аммо деразадан тушаётган нур — қалбаки нарса... Ўртада тўсиқ бор. Ҳаммаси — ёлғон! Ҳаммаси — алдов! Нурли келажак деб одамларни алдаш мумкин-ку! Сен ким бўпсан, биродар! Оддийгина капалаксан, холос!
...Дадам масаласида югурмаган жойим қолмади. Адвокатура... Прокуратура... Суд... Райком... Обком... Марказкўм... Минг хил амалдорни кўрдим. Эшиқдан киришинг билан «ҳозир сузиб ташлайман», деб, буқага ўхшаб хўмрайиб ўтирганини ҳам, мулойим табассум билан қарши оладиганини ҳам жавоби бир хил. «Майли, аризангизни ташлаб кетинг, ўзимиз хабар қиламиз». Баъзилари овозини пастлатиб дўстона маслаҳат беради: «Отангиз «пахта иши» бўйича қамалганми? Яхшиси бу ишга аралашманг». Аланг-жаланг бўлиб, товушини янаям пасайтиради: «Биласизми, ука, бу иш билан Москва шуғулланяпти. Эҳтиёт бўлинг...» «Ўзи хабар қиладиган»лардан бир тилиш хат келади. «Коммунизм» колхозининг собиқ раиси Шоматов Шомансур асосли равишда ҳибсга олинган. Суд ўн йил қамоқ жазосига ҳукм қилган. Мазкур иш бўйича шикоятингиз бўлса мамлакат олий органларига мурожаат қилишингиз мумкин...»
Ёпиқ дераза! Ҳаммаси равшан. Барчаси адолатли. Ҳаммаёқ гўзал! Олам нурга тўлиқ! Ёлғон нур... Ёлғончи дунё ва... ожиз капалак...
Do'stlaringiz bilan baham: |