Май ойининг йигирманчи куни
Автостанция чеккасидаги автомат-телефонда рақам терарканман, қўлим титрар эди. Бугун якшанбами? Университетга боришдан наф йўқ. Шаҳноза — уйда. Анави қақажон синглиси дастакни кўтариб қолса, яна бошни қотиради. Хайрият, Шаҳнозанинг ўзи олди.
Юрагим гурсиллаб кетди. Икки йил кутгандим бу овозни. Икки йил! Совуқ қиш кечалари заставадаги «уйча»да ётганимда, карвонни кузатиб қайтаётиб, олис йўл азобидан толиқиб, танк ичида мудраб қолганимда мана шу овоз бехосдан қулоғимга чалиниб, чўчиб уйғонган пайтларим кўп бўлган...
Шаҳноза! — товушим бўғиқ, ишончсиз чиқди. Симнинг у томонида бир лаҳза сукут чўкди-ю, ҳайрат аралаш қувончли хитоб эшитилди.
Вой! — Шаҳноза энтикиб қолди. — Вой?!
Бугун соат учда, ўша жойда... — дедим-да, дастакни илиб қўйдим. Ҳамон юрагим гурсиллар, шу топда бошқа гапиролмаслигимни билардим. Нарироққа боргандан кейин, ўзимни сўкдим. «Э, ўл, тўнка! Ақалли ҳол-аҳвол сўрамайсанми? Уйдагилар яхши ўтиришибдими, демайсанми? Бўлар иш бўлди. Военкоматга бориш керак».
Тахта тўсиқ ортида ўтирган новча капитан норизо қиёфада ўрнидан турди.
Нега честь бермайсан, сержант? — деди кўзимга тикандек қадалиб.
Ё, Худо! Хўп ғалати нарса-да, бу «ҳарбий интизом» дегани! Унвони ўзингдан бир поғона баландми, қоққан қозиқдек ғўдайгин-да, честь бер! Танисанг ҳам честь бер, танимасанг ҳам. Ҳурмат қилсанг ҳам честь бер, қилмасанг ҳам! Ўзини бир тийинга олмаслигинг мумкин. Аммо эгнида мундир, елкасида погон бор.
Салом, ўртоқ капитан! — дедим фуқарочасига оддий қилиб. Киссамдан ҳужжатларимни олиб, тахта тўсиқ устига қўйдим.
Устав бўйича доклад қил! — деди капитан дағдаға билан. Кўрганмиз бунақа
пўписаларни! Тўғри, ҳали «совет фуқаро»сига айланганимча йўқ. Оддий «дембил»ман, холос. Аммо қайтадан ҳарбий хизматга юбориш қўлидан келмайди. Нари борса, бир ой «повуска» ташитишга мажбур қилиши мумкин. Жазо тариқасида.
Бир-биримизнинг кўзимизга узоқ тикилиб турдик. Охири капитан ҳужжатларимни юлқиб олди.
Қачон келдинг? — деди қовоқ-тумшуғи осилиб. Бир қадар жаҳлдан тушгани овозидан сезилиб турарди. — Экипаж командиримидинг?
Ҳа!
Контузия бўлганмисан? — Капитан госпиталдан берилган қоғозни синчиклаб кўздан кечира бошлади. — Эҳ-ҳа! Жароҳат ҳам олган экансан. Энди нима қилмоқчисан?
Ўқишимни давом эттираман.
Мен Қандахорда хизмат қилганман, — деди капитан ҳужжатларимдан кўз узмай. Бу ҳам порох ҳидини тотганлардан экан-да! Капитанга ҳурматим ошди.
Демак, гап бундай! Уруш қатнашчиси сифатида тубандаги ҳуқуқларинг бор. — Капитан
«афғонлар»га айтавериб ёд бўлиб кетган сўзларни аниқ-равшан қилиб такрорлади. — Олий ўқув юртига киришда имтиёз, биринчи навбатда телефон олиш, биринчи навбатда квартира олиш, инвалид бўлсанг, навбатсиз хусусий автомашина олиш... Хуллас, имтиёзлар тўғрисидаги ҳужжатингни беришади.
Ўртоқ капитан! — дедим тушунтириб. — У ёқдаги ҳарбий врач, «Уйингга қайтишинг билан госпиталга бориб, мутахассисга учрашишинг шарт», деган эди.
Бу мумкин! — деди капитан кескин оҳангда. — Госпиталга йўлланма берамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |