Дадам яна тушимга кирди. Тоғли йўлдан «Нива» ҳайдаб бораётган эмишман. Бир қарасам, ўзимизнинг Тошкент — Қўқон йўлига ўхшайди, бир қарасам, Афғонистонга... Дадам ясан-тусан қилиб олганмиш. Бошида янги дўппи... Эгнида қора костюм. Фақат оёғида доим кийиб юрадиган, оқариб кетган жигарранг этиги. Гаплашдикми, йўқми, эслолмайман. Бир маҳал осмонда вишиллаган овоз эшитилди. «Дада,! Снаряд! Снаряд!» — дебман бақириб. Шундоқ машина ёнида снаряд портлабди. Дадам машина эшигидан отилиб кетибди. Қарасам, тошлар орасида йиқилиб ётибди. «Кетавер, ўғлим, кетавер», — дермиш қўл силтаб. «У ёқда духлар бор, дада», десам, нуқул қўл силкитармиш. «Кет, болам, сен кетавер!» дермиш.
Чўчиб уйғониб кетдим... Акамга хат ёздим: «Дадам нега ёзмайдилар? Нима бўлди? Ўз қўллари билан хат ёзсинлар!»
Декабрь ойининг ўрталари
Қалин қор ёққан. Совуқ... Бу ернинг табиати ҳам, одатлари ҳам ғалати. Қиши ўлгудек совуқ. Ёзи ўлгудек иссиқ. Бошқа жиҳатлари ҳам бор. Масалан: афғон қишда кўп ҳужум қилмайди. Лекин йўлдан уларнинг машинаси ўтмай қолса, ҳушёр бўлиш керак: мина қўйган. Мабодо
«улар» икки-уч кун катта йўлдан юрмаса, демак, отишма бўлади...
Одатдаги кунлардан бири эди. Кеча қор ёққан, бугун эса чиннидек тиниқ осмонда офтоб чарақлаб турибди. Тушга яқин пост рўпарасида иккита БМП тўхтади. «Шиндонга кетяпти», деб ўйладим танк ёнида турганча. Шу пайт БМПдан бушлат кийган гавдали одам сакраб тушди. Мен томонга узоқ қараб турди-да, қичқирди:
Рустаммисан? — Овозидан танидим.
Темур ака! «Уйча»мизга отилиб кирдим.
Хайриддин! Темур ака кедди!
Қор босган сўқмоқдан сирғана-сирғана пастга, катта йўлга югурдик. Темур ака билан қучоқлашиб кўришарканман, димоғимга чарс ҳиди урилди.
Бормисиз? — десам, Темур ака бош бармоғини диккайтирди.
Чики-пики! Разведкачилар билан унча-мунча офииерларинг ҳам ўйлашиб гаплашади.
Ўзинг қалайсан?
Ўша заҳоти югуриб келган Хайриддинни даст кўтарди-да, чирпирак қилиб айлантирди.
Сен бола, ўзингни асра! — деди ясама пўписа қилиб.
Шунда... Темур аканинг ранги бир ҳолатга келиб қолганини, кўзларининг таги кўкариб кетганини пайқадим.
Ҳамма жой-жойига! — деган асабий буйруқ янгради. Темур ака яна менга қучоғини очди.
Рустам,—деди шошқин пичирлаб. — Шу болани эҳтиёт қил! Биласан-а, имонли йигит!
Ҳамма жой-жойига!
Темур ака ўрнидан жила бошлаган БМПга тирмашар экан, ҳайқирди:
Хайриддин, — деди кулиб. — Эсингдан чиқмасин, укам... Мабодо менга бирон гап бўлса, бир калима Қуръон...
Юрагим шув этди. БМПлар қорни тўзғитганча шиддат билан узоқлашди. Қарасам, Хайриддиннинг кўзлари жиққа ёш...
Do'stlaringiz bilan baham: |