Нонушта устида акам айтиб қолди:
Рўзимат отаникига бориб, кўнгил сўраб кел. — Тушунмадим.
Қайси Рўзимат ота, нима гап ўзи?
Тўртинчи бўлимдаги Рўзимат ота бор-ку, бир оёғи оқсоқ сувчи! Ўшаникида таъзия бор. Бугун учинчи куни. Сен шаҳарда ўз ташвишларинг билан бўлиб, хабар ололмадинг. Кўнгил сўраб қўй, укам.
Эсладим! Ҳовлисида нуқул бедана сайраб турадиган киши.
Нима бўпти? — дедим хавотирланиб. — Рўзимат ота касал эмасди шекилли...
Ўзимас, ўғли... Яхши бола эди раҳматли... Ўлигини яшикка солиб обкелишибди. Ҳаммаёқ тўполон бўлиб кетди... — Акам ўрнидан тураркан, қаттиқ тайинлади: — Албатта боргин, укам! Қўнгил сўра, юпат... Тобуткашмиз ахир!
Бундан чиқди, Афғонистондан яна битта «икки юзинчи» юк кепти-да!
Рўзимат отани узоқдан танидим. Шифер томли, пастак уй салқинида ўзи тенги иккита қария билан ўтирибди. Қўлида ҳасса. Ёнбошида «отам замонидан қолган» суянчиғи ёйсимон курсилар қаторлашиб турибди. Чоллардан бири ингичка, йиғлоқи овозда узундан-узоқ тиловат қилди. Шаҳид кетганларга ва хусусан кўзи очиқ кетган Азаматжонга жаннатдан жой тилади. Қолганларга имон, соғ-саломатлик, юртимизга тинчлик, давлатимизга омад чорлаб, фотиҳа тортди.
Азамат дедими? Э, бўлди, эсимга тушди! Рўзимат отанинг битта-ю битта ўғли-ку! Мактабда биздан бир синф кейин ўқиган ювошгина бола...
Худога шукр, ўғлим, у ёқдан жонинг соғ қайтибсан, — деди Рўзимат ота совиб қолган чойдан ярим пиёла узатиб. Чолларнинг қулоғи оғирроқ шекилли, овозини баландлатиб мени таништирди. — Бу йигит — Рустамжон. Шомансурнинг кенжаси.
Чоллар бири олиб бири қўйиб дадамни мақтаб кетишди:
Даданг яхши одам, болам. Насиб этса эрта-индин чиқиб қолади.
Хафа бўлманг, ота, — дедим ердан кўз узмай. — Бандалик.
Аллоҳнинг иродаси... — чоллардан бири бош чайқаб чўққи соқолини тутамлади. — Биров ҳар куни яратган эгамдан омонатингни олсанг-чи, деб илтижо қилади. Бировни ўн гулидан бир гули очилмасидан олиб кетади. Тақдири азал деб шуни айтади-да...
Орага вазмин сукунат чўкди. Ликопчадаги қанд устида ари айланиб, узоқ ғўнғиллади.
Ота, — дедим ниҳоят юрак ютиб. — Азаматжон қачон кетувди афғонга? Рўзимат ота кўзимга диққат билан тикилди.
Шунда... кўзларига кўзим тушиб, юрагим сесканиб кетди. Рўзимат отанинг кўзида на алам, на ёш бор эди. Нигоҳи музлаб қолганга ўхшар, кўз қорачиқлари торайиб кетган, дунёнинг жамики ғам-андуҳларини чекавериб оламга маъносиз қарашга мослашиб қолган ҳорғин қорачиқларда армон бор эди: тубсиз армон!
Ўзим айбдорман, болам, — деди худди оғир гуноҳига иқрор бўлган одамдек ишонч билан. — Афғонистонга юборсам бўларкан. Қирқ йил қирғин бўлса, ажали етган ўлади. Мана, сен... — у юзимга хаёлчан қараб қўйди-да, негадир кулимсиради. — Худога минг қатла шукр, тўрт мучанг соғ қайтиб келдинг. Мен бўлса... — Рўзимат ота лабларини аламли буриб, оғир- оғир бош чайқади. Бироқ овози ўзгармади. Гўё биров эшитса роҳатланадиган ҳангомани ҳикоя қилаётгандек, хотиржам давом этди: — Қарасам, ёшим элликдан ўтиб, шартим кетиб, партим қопти. Холанг билан маслаҳат қилдик. Шундоқ-шундоқ дедим. Мен-ку, гирмон билан урушиб, тамом бўлганимни билмабман, энди сен ҳам бола кўрмай ўтасанми, дедим... Эр-хотин азза-базза Тошканга бориб, шу болани — Азаматжонни хатлаб, ўғил қилиб олдик.
Аллоҳнинг иродаси... — деди чўққисоқол чол таскин бериб. — Илож қанча, шукр денг, тақсир...
Минг қатла шукр... — Рўзимат ота хўрсинди. — Ўғлим имонли бола чиқди. Бегоналиги билинмади. Минг раҳмат, эл-юрт ҳам бефарзандсан, деб юзимга солмади... Тенгқурлариям Азаматжондан бегонасирамади...
Рости, Азамат Рўзимат отанинг асранди ўғли эканини мен ҳам биринчи марта эшитиб
туришим эди. Юрагим эзилганча бошимни қуйи солиб ўтиравердим.
Повуска келганида, — деди Рўзимат ота, — военкоматга югурдим. Пешонамдаги битта-ю битта болам шу, афғонга юборманглар, дедим. Стройбатга жўнатинглар, деб ялиндим.
Ширинкомасиниям бердим... Мана, оқибати! Тўрт ойдан кейин Владивостокдан темир тобутда ўлиги келди. Рўзимат ота негадир кулди. Лаблари титраб кетди.
Уч кун олдин командиридан хат келувди. Ҳурматли ўртоқ Холматип, ўғлингиз Азамат Ватан олдидаги бурчини ҳалол адо этяпти, депти. Шундоқ фарзанд ўстирганингиз учун сиздек фронтовикка минг раҳмат депти... Уч кундан кейин эшиқдан темир тобут кўтариб кирди. Военкоматдан икки киши билан частидан биттаси... «Тезроқ кўминглар», дейди. Тўғри айтади: марҳумни маҳтал қилиб қўйиш гуноҳ! «Ўғлингиз эҳтиётсизлик қилди, ток уриб ўлди, мана дўхтир хулосаси», дейди.
Рўзиматжон, ука, қўйинг бу гапларни, — сийрак соқолли жиккак чол чой қуйиб тутди. —
Худо шоҳид, Азаматжон шаҳид кетди. Ҳури ғилмонлар орасида юрибди ҳозир.
Иншооллоҳ! — Рўзимат ота чой ҳўплаб пиёлани жойига қўйди. — Мен бир нима деётганим йўқ. Аммо... онаси чидолмади... Ақалли боламнинг совуқ дийдорини кўриб қолай деб оламни бузиб ташлади. Шунча айтаман: «Ҳой онаси, ўликнинг баданига гул тушса, гурзи билан ургандек бўлади, Худонинг қаҳри келади», десам қани кўнса! Ҳалиги военний охири пўписа қилди... «Ким тобутга тегса, ҳарбий трибунал олдида жавоб беради», деди. Ана ўшандан кейин кўнглимга шубҳа тушди.
Қўйинг энди, тақсир! — чоллардан бири Рўзимат отага юмшоқ дашном берди. —
Кавламанг шу гапларни! Яратган Эгамнинг ўзи билади ёмонларни қандоқ жазолашни...
Рўзимат ота парво қилмай, сўзида давом этди:
Аввал очмасам ҳам энди очаман яшигингни, дедим. Мен урушда қон кечиб, «Слава» ордени олган пронтовикман, дедим. Қочиб кетди ҳаммаси! Очиб кўрсак... темир тобутни очиб кўрсак... — Рўзимат отанинг овози титраб кетди. Аммо йиғламади. — Ток урган одам билан болтада чопилган одамнинг фарқи бўлади-ку, тўғрими?
...Оёқларим музлай бошлади. Қўлларимга титроқ кирди. Рўзимат ота ҳамон бир нималарни гапирар, лаблари қимирлаётгани кўриниб турар, аммо нима деётганини эшитмасдим. Бошимда чидаб бўлмас оғриқ турди. Худо! Ўзинг асра! Ҳозир... Ҳозир йиқилиб тушаман! Ўзинг шарманда қилма, Худо!
Do'stlaringiz bilan baham: |