3.1. Ўрта аср араб адабиётида янгиланиш ва “анъанага қайтиш даврлари”
VIII аср ўрталарида халифаликни бошқариш Аббосий ҳукмдорлар ихтиёрига ўтди ва бу даврдан бошлаб давлатда катта сиёсий-ижтимоий ва маданий ўзгаришлар рўй берди. VIII асрнинг иккинчи ярмидан то ХII асргача бўлган давр араб адабиётининг “олтин даври” саналади ва бу даврдаги адабиёт ривожланган араб мумтоз адабиёти сифатида танилди. Бу даврдаги араб маданияти забт этилган турли халқларнинг тамаддуни таъсири остида бўлиб, айниқса, форс маданияти ва қадимги юнон фалсафасининг таъсири араб маънавий-маданий муҳитининг турли жабҳаларида сезиларли намоён бўлди. Шеърият ҳам турли жараёнлардан ўтиб, унда янгиланиш, анъанага қайтиш, анъаналарнинг синтези ва уйғунлашуви ҳамда ўзига хос индивидуал ижоднинг пайдо бўлиши кузатилади.
Насрга келсак, хитаба (الخطابة) жанрининг янада ривож топиши унда турли кўринишларнинг кўпайишида намоён бўлди. Адабий ёзишмалар, айниқса, равнақ топди, янги жанрлар пайдо бўлиб, улар турли мавзуларни қамраб олди, маъно ва услуб жиҳатдан турфа хил кўринишларга эга бўлди. Бу даврда ривож топган илмий адабиёт алоҳида эътиборга сазовордир, негаки унда яратилган рисолалар узоқ муддат ўз аҳамиятини йўқотмади.
Адабиётда кузатилган янгиланиш ҳаракати VIII аср ўрталаридан бошланиб то IХ асрнинг биринчи чорагини қамраб олди. Шеъриятда янгиланиш илдизлари асли эронлик, лекин араблашган шоирлар Башшар ибн Бурд ва Абу Нувасга бориб тақалади, улар ушбу янгиланиш ҳаракатини бошлаб бердилар. Наср ривожига асли форслардан бўлган Абдуллоҳ ибн ал-Муқаффа катта ҳисса қўшди. Ушбу адиблар ислом динини қабул қилиб, лекин ўзларини араб бўлмаганлиги учун камситилган деб ҳисоблаган мусулмон халқлари орасида араблар билан тенглашишга қаратилган “шуубийя” номини олган ҳаракатнинг тарафдорлари эди. Улар ижодида арабларга қарши норозилик кайфияти яққол сезилади. Мазкур шоирлар халифа саройида нуфузли ўрин эгаллаб, янги шеърий диднинг пайдо бўлишида катта аҳамият касб этадилар. Умавий халифалар саройида ҳам шеъриятда форс унсурининг мавжудлиги сезилиб турар эди, лекин унинг мавқейи асл араб маданияти олдида анча паст бўлиб, кам учрар эди. Аббосийлар даврида эса бунинг аксини кўрамиз. Пойтахтнинг Бағдодга кўчиши ва бу шаҳарнинг Басра ва Куфа сингари йирик мусулмон маданияти марказига айланиши, умуман, катта шаҳарлардаги жўшқин ҳаёт шеъриятга ўз таъсирини кўрсатди. Яшашдан маъно айш-ишрат, роҳат-фароғат деб биладиган дунёқараш, ҳаёт лаззатини, зиёфатлар, овларни тараннум этиш шеъриятда асосий мотивларга айланди (Башшар ибн Бурд, Абу Нувас ва бошқалар). Бундай шеърларга бошқача дунёқараш зид бўлиб, у дунёнинг ўткинчилигини, бесамарлигини кўрсатиб, таркидунё, зуҳдиётни тараннум этувчи шеърлардаги мотивлар ҳам етарли ўрин эгаллади. Янгиланиш даврида янги жанрлардан “хамриёт”, “тардиёт”, “ зуҳдиёт” ривож топди. Хамриёт жанри зиёфатларни тараннум этувчи, нафис идишларга қўйилган майни таърифлашда бадиий маҳоратни кўрсатувчи, ҳаётбахш оҳангда ёзилган шеърларни ўз ичига олар эди. Шеъриятда бу жанрнинг ўз юқори поғонасига кўтарилиб, тараққий топишига сабабчи бўлган шоир Абу Нувос алоҳида ўрин эгаллайди, чунки шароб ҳамда зиёфат ва базмларни куйлашда ҳеч бир шоир унга тенг келмас эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |