Жаҳонда умумқабул қилинганбанк тизими Марказий Банк банкларнинг банки сифатида банк ва молия муассасалари фаолиятининг барқарорлигини таъминлайди. Биринчи навбатда, у кўпчилик молия институтлари, банкларнинг фаолиятида молиявий жиҳатдан муаммолар юзага келганида, банклар омонатчилар олдидаги ўз мажбуриятларини бажара олмай қолган ҳолда молиявий саросима пайдо бўлишининг олдини олиши керак. Бу масалани ҳал қилиш учун Марказий банк, аввало, тартибга солиш ва назорат қилиш функцияларини иккинчи поғона - тижорат банклари тизимига нисбатан бажаради. Марказий банк мажбуриятига тижорат банкларининг ҳар кунлик фаолиятига аралашиш кирмайди. Марказий банк тижорат банкларнинг меъёрий бошқарилиши, уларнинг тўловга қобилиятлилиги ва ликвидлилигини таъминланишини кузатиб бориши ва омонатчилар манфаатларини ҳимоя қилиши керак. Буларнинг барчаси назорат меъёрлари тизими ёрдамида амалга оширилиб тижорат банклари поғонасига етказилади.
Марказий банк пул сиёсатини ўтказиш йўли билан муомаладаги пул массаси устидан назоратни амалга оширади ва инфляция, ишсизликнинг паст даражасини таъминлаш ва иқтисодий ўсиш учун шарт - шароитлар яратиши керак. Бунда Марказий Банк эмиссион банк вазифасини бажаради, яъни муомалага пул белгиларини чиқариш ва уларни муомаладан олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Марказий банк яна тижорат банклари ўртасидаги ҳисоб - китобларни олиб боришга имконият яратади.
Банк тизимининг иккинчи поғонаси - бу халқ хўжалиги ва аҳолига хизмат кўрсатишда бош бўғин бўлган мустақил тижорат банкларнинг тармоғидир. Улар юридик ва жисмоний шахсларга шартнома асосида турли ҳисоб - китоб ва кредит операцияларни амалга ошириш ва хизматлар кўрсатиш ҳамда бошқа турли банк хизматларини кўрсатиш билан боЁлиқ операцияларни амалга оширадилар.
Ҳар бир мамлакатда тижорат банкларининг сони турлича бўлиши мумкин. Масалан, Швецияда Давлат банки 40га яқин тижорат банки фаолиятини назорат қилади, холос, АҚШ да 13 мингга яқин тижорат банклари мавжуд, Швейцарияда эса ҳар 10 минг аҳолига биттадан молия муассасаси тўғри келади. Россияда 1995 йил бошига келиб, Россия Марказий банки томонидан банк операцияларини амалга ошириш лицензиясига эга бўлган 2486 та тижорат банки қайд қилинган.
Банк тизимининг ривожланиш тарихига чуқур урғу бермасдан, Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришганидан кейин ташкил қилинган ва такомиллашиб бораётган банк тизими тўғрисида тўхталсак мақсадга мувофиқ бўлар эди.
1991 йилнинг 1 сентябрида Республикамиз мустақиллигининг эълон қилиниши бутун дунё мамлакатлари томонидан тан олинган бозор иқтисодиёти дастакларини бизнинг республикамизга ҳам кириб келишига замин яратди. Шунинг учун ҳам республикамиздаги бозор иқтисодиёти талабларига мос келувчи замонавий банк тизимини яратиш зарурияти туғилди.
Мустақилликка эришилгунга қадар Ўзбекистон банк муассасалари собиқ Иттифоқ банк тизими таркибий қисмига кирар эди. Шу билан бирга бу банклар собиқ "Иттифоқ" банк тизими доирасидан ташқарида фаолият кўрсата олмасдилар. Банк тизими 3 турдаги банкларни: СССР Давлат банки, СССР қурилиш банки ва СССР Ташқи савдо банкини ва Давлат Меҳнат омонат - жамғарма кассаларини ўзига оларди. Собиқ Иттифоқ банк тизимида Давлат банки монопол мавқега эга бўлиб, у бир вақтнинг ўзида эмиссия институти, қисқа муддатли кредитлаштириш, хўжаликларга ҳисоб - китоб операциялари бўйича хизмат кўрсатувчи марказ ҳисобланарди. Ҳам эмиссия функцияларини, ҳам ҳисоб - китоблар ва кредитлар бўйича мижозларга хизмат кўрсатиш функцияларини бажаришга монополлашуви Давлат банкини давлат бошқарув ва назорат органига айлантирган эди.
Маъмурий буйруқбозлик даврида кредит муносабатлари иқтисодиётни бошқаришда шаклан юзаки характерга эга эди. Кредит ресурслари ва пул ресурслари ҳаракатини ҳам бошқариш, ҳам назорат қилиш давлат банкининг монопол таъсири остида эди. Булар ўз навбатида собиқ "Иттифоқ" банк тизимининг тор доирада ривожланишига олиб келди. Марказлаштирилган банк бошқаруви асосида фаолият кўрсатган республика банклари тор диорада пул ресурслари ҳаракатини бошқарар, лекин уни бошқарувчилигини назорат қилиш собиқ "Иттифоқ" Давлат банки қўлида эди.
Иқтисодиётни бошқаришнинг марказлаштирилган усулидан возкечиш ва бозор иқтисодиёти томон дастлабки қадамлар қўйилиши биланоқ марказлаштирилган банк тизимининг қатор камчиликлари рўёбга чиқди. Бу эса, банк тизимида туб ўзгаришларни амалга оширишни талаб этарди.
Банк тизимини қайтадан ташкил этиш 1987 йилда бошланди. Бу жараёнда банк тизимининг ташкилий тузилмасини ўзгартириш, банкларнинг ролини ошириш, иқтисодий тизимнинг ривожланишига уларнинг таъсирини кучайтириш, кредитни ҳаракатдаги иқтисодий дастакларга айлантириш кўзда тутилганди.
Қайта ташкил этиш жараёнининг биринчи босқичи давлат банкининг янги тузилмасини ташкил этиш билан бошланди. Қайта ташкил этиш модели қуйидагиларни ўз ичига олади:
икки босқичли банк тизимини вужудга келтириш: Марказий эмиссион банк ва бевосита хўжаликларга хизмат кўрсатувчи ихтисослашган давлат банклари;
ихтисослаштирилган банкларни тўлалигича хўжалик ҳисобига ва ўз-ўзини молиялашга ўтказиш;
иқтисодий тизим доирасида юридик ва жисмоний шахслар билан бўладиган кредит муносабатлари услублари ва шаклларини такомиллаштириш ва бошқалар.
Банк тизимини такомиллаштириш жараёни давомида давлат банки ўзининг кредит тизимидаги марказий ўрнини сақлаб қолган ҳолда корхона ва ташкилотларга кредит бериш ва улар билан ҳисоб-китобларни олиб бориш функциясини махсус ихтисослашган банкларга топширди. Яъни банкнинг эмиссион фаолиятини кредитлаш фаолияти билан бирга олиб бориш функциясига чек қўйилади. Давлат банки ихтисослашган банклар фаолиятини бошқарувчи, барча банклар учун бир хил пул - кредит сиёсатини олиб борувчи муассасага айланди. Банк тизимининг такомиллаштирилиши натижасида вужудга келган махсус ихтисослашган банклар: Саноат қурилиши банки, Коммунал курилиш ва социал тараққиёт банки, Агросаноат банки, Ташқи иқтисодий фаолият банки, Жамғарма банки тошкил қилиниб хужаликлар билан банклар ўртасидаги алоқалари тобора яқинлаштирилди, Ихтисослаштирилган давлат банклари ўзларида маълум даражада бошқарувчилик ролини сақлаб қолдилар. Банк тизимини такомиллаштириш жараёнида жуда муҳим натижаларга эришилди, лекин ташкил қилинган банклар иқтисодий муносабатларнинг хусусиятларини тўлиқ ифода қилолмасди, шунинг учун ҳам банк тизимини янада такомиллаштириш объектив заруриятга айланди.
1988 йилдан бошлаб, икки босқичли банк тизими ташкил этила бошланди. Лекин бу даврда, марказлаштирилган режалашда Марказий банкнинг роли ҳали ҳам юқори, соҳаларнинг деярли ҳамма қисми давлат тасарруфида эди.
Ўзбекистон Республикасида икки босқичли банк тизимини ташкил этишга реал асос 1991 йил 15 февралда "Банклар ва банкфаолияти тўғрисидаги" қонуни асосида юзага келди. Бу қонунга асосан давлат бошқарув органлари республика Марказий банки фаолиятига аралашмасликлари керак эди. У фақат Республика Олий мажлисига ҳисобот беради. Бу қонунни амалга тадбиқ этиш, асосан, Республикамиз мустақилликни қўлга киритгандан сўнг бошланди.
Ўзбекистон бозор иқтисодиётига ўтишнинг босқичма - босқич йўлини танлаганлиги боис, 1 - босқичдаги кредит-пул сиёсати соҳасидаги асосий вазифалар қуйидагилардан иборат қилиб қўйилди:
Марказий банк бошчилигида кенг тармоқли мустақил тижорат ва хусусий банкларни ўзида мужассамлаштирган икки босқичли банк тизимини вужудга келтириш, республика ҳудудида йирик чет эл банкларининг бўлимлари ва ваколатхоналарини очиш учун қулай шароит яратиш;
кредит ва нақд пул массасининг асоссиз ўсишини кескин чеклаш;
Ўзбекистон Республикасининг миллий пулини муомалага киритиш учун зарур иқтисодий ва ташкилий шарт - шароитлар, ҳамда имкониятларини яратиш ва бошқалар.
Шундай қилиб, Ўзбекистонда Мустақил банк тизимини яратишнинг биринчи босқичи, миллий валютани муомалага киритиш учун асос яратилган ва икки поғонали банк тизимининг пойдевори қурилган 1991 йилдан 1994 йилгача бўлган даврни ўз ичига олади. Бу даврда мамлакатимизнинг мустақил банк тизимини яратиш бўйича олиб бориладиган тадбирлар 1991 йил 15 февралда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги" Қонуни асосида амалга оширилди. Мазкур қонун бозор муносабатларига ўтиш даври вазифаларига мос келувчи банк муассасалари шаклланишини хуқуқий асосларини белгилаб берди.
Ушбу қонунга мувофиқ, Собиқ СССР Давлат банкининг республика муассасаси асосида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тузилди ва унга республикада пул муомаласини тартибга солиш, тижорат банклари тизимини вужудга келтириш ва тўлов тизимини ташкил этиш вазифалари юклатилди. Халқ хўжалигининг турли соҳаларини кредитлаш ва уларни инвестициялаш функциялари янгидан ташкил қилинган ихтисослаштирилган тижорат банкларига берилди.
Мустақил пул ва банк тизимини яратишнинг иккинчи босқичи миллий валюта муомалага киритилган ва икки поғонали банк тизимининг хуқуқий асослари яратилган 1994 - 1996 йилларни ўз ичига олади. 1994 йилда Миллий валюта сўмнинг муомалага киритилиши мамлакатимизда мустақил пул ва банк тизими шаклланишининг соф босқичи ҳисобланиб, бу босқичда банклар олдида турган вазифаларга янада аниқлик киритилди. Бу даврда Марказий банк асосий эътиборини макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга ва шу асосда иқтисодий ўсиш учун қулай шароитлар яратишга қаратди, мамлакатда сифат жиҳатидан бутунлай янги тўлов тизимини яратиш бўйича чора - тадбирлар белгиланди.
Ихтисослашган тижорат банклари фаолиятини ривожлантиришда Вазирлар Махкамасининг "Банк тизимини такомиллаштириш ва пул - кредит муносабатларини барқарорлаштириш бўйича чора - тадбирлари тўғрисида" ги 1994 йил 18 мартдаги қарори муҳим аҳамиятга эга бўлиб, унда банкларнинг ахборот инфратузулмасини тузиш ва халқаро банк амалиётининг илғор усулларини республика банк амалиётига қўллаш орқали банк тизимини такомиллаштира бориши бўйича йўл - йўриқлар белгилаб берилди. 1994 йилдан бошлаб янги бухгалтерия ҳисоби тизимини ишлаб чиқиш ва уларни банкларга тадбиқ қилиш жараёни бошланди.
1996 йилда Республика Президентининг "Банк аудити тизимини ривожлантириш бўйича чора - тадбирлари тўғрисида"ги фармонига асосан банк тизимида бухгалтерия ҳисобининг халқаро андозаларини жорий қилиш жараёни янада такомиллаштирилди ва жаҳоннинг нуфузли аудиторлик компанияларидан "Артур Андерсен", "Делойт энд туш", "Кей Пи Эм Жи - (КРМG)", "Эрнест энд Янг", "Куперс энд Лайбранд" кабилар етакчи тижорат банклари фаолиятини аудит қилишга таклиф қилинди. Банк тизимини ривожлантиришнинг яна бир хусусиятли томони шундаки, банк тизимининг ҳуқуқий асосларини мустахкамлаш ва замон талабларига мослаштириш мақсадида "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисидаги" ва "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги қонунларнинг янги лойиҳаси ишлаб чиқилди.
1995 йил 21 декабрда банк фаолиятининг хуқуқий ва меъёрий тартибга солиш қоидаларини белгиловчи "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида" ва 1996 йил 25 апрелда "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги қонунларнинг қабул қилиниши банк тизимини жаҳон андозаларига яқинлаштириш соҳасида мустаҳкам қонуний пойдевор яратди.
Банк тизимини шакллантириҳнинг учинчи босқичи 1997 - 2000 йилларни ўз ичига олиб, у босқичнинг асосий хусусияти банкларни хусусийлаштириш ва акциядорлик - тижорат банкларда бошқарувнинг сифатини ошириш банклар фаолиятида назоратни кучайтиришдан иборат.
Бу жараён Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 24 апрелдаги "Хусусий тижорат банклари ташкил қилишни рағбатлантириш чора - тадбирлари тўғрисида"ги Фармоннинг қабул қилиниши билан янада фаоллашади. Мазкур Фармонга кўра, низом жамғармасида жисмоний шахсларнинг улуши 50 фоиздан кам бўлмаган ҳолда тижорат банкларини очиш учун бир қатор имтиёзлар белгиланган эди. Натижада сўнгги йиллар ичида хусусий банкларнинг сони кескин кўпайиб, банк операцияларини амалга ошириш учун дастлабки рухсат берилганлари билан қўшиб ҳисоблаганда 20 тага етди. Ҳозирги пайтда республикада фаолият кўрсатаётган тижорат банкларининг деярли ярми хусусий банклар ҳисобланади.
Банк тизимига хусусий капитални жалб этиш билан бирга, банкларни корпоратив бошқариш тизимини янада мустаҳкамлашга доир чора - тадбирлар ҳам амалга оширилди. Хусусан бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Акциядорлик тижорат банкларини фаолиятини такомиллаштириш чора - тадбирлари тўғрисида"ги 1998 йил 2 октябрдаги Фармонининг қабул қилиниши муҳим аҳамиятга эга бўлди. Мазкур Фармон тижорат банкларини бошқаришда акциядорларнинг ва банк кенгашининг ролини оширишга доир чора - тадбирлар мажмуини белгилаб берди.
Ушбу фармон асосида амалга оширилган ислоҳатлар натижасида мамлакатимизда ҳар томонлама мустаҳкам банк тизими, халқаро андозаларга мос келувчи замонавий банк назорати ва банклар фаолиятни тартибга солишнинг самарали механизми яратилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Банк тизимини ислоҳ қилиш чора - тадбирлари тўғрисида"ги 1999 йил 15 январдаги қарорига асосан банк тизимини барқарорлигини сафарбар этиш, иқтисодиётни кредит билан таъминлашда банкларниг иштирокини кенгайтириш, банк хизматлари соҳасида рақобат муҳитини ривожлантириш соҳасида вазифалар белгилаб берилди. 1991 - 2000 йиллар мобайнида юзага келтирилган банк тизимини янада халқаро андозаларга яқинлаштириш мақсадида банк тизимини эркинлаштирш ва ислоҳ қилиш чора - тадбирларининг бошланиши банк тизими ривожланишининг тўртинчи босқичи бошланганлигини кўрсатади. Бу босқич Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Банк тизимини янада эркинлаштириш ва ислоҳ қилиш борасидаги чора - тадбирлари тўғрисидаги" 2000 йил 21 мартдаги фармони ва Вазирлар Маҳкамасиниг "Банк тизимини ислоҳ қилишга доир қўшимча чора - тадбирлар тўғрисида"ги 2000 йил 24 мартдаги Ўарори қабул қилиниши билан бошланди.
Бу ҳужжатларга асосан қуйидагилар бу босқичнинг асосий вазифалари қилиб белгиланди:
банк тизимини янада эркинлаштириш ва ислоҳ қилиш, тижорат банклари мустақиллигини ошириш;
банк тизими ва унинг бўғинлари ривожланишини рағбатлантириш;
бўш турган маблағларни банкка жалб қилиш ва омонатчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш;
банкларнинг иқтисодиётни аниқ секторида ишлаётган корхоналарни, хусусан деҳқон, фермер хўжаликларини ҳамда кичик ва ўрта бизнес субъектларини кредитлаш жараёнини кенгайтириш;
банкларни инвестиция жараёнларининг фаол иштирокчиларига айлантириш;
банкларнинг мижозлар билан ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини шакллантириш;
хорижий банклар ва бошқа молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, валюта муносабатларини эркинлаштириш ва кенгайтириш каби вазифалар белгиланди.
Хулоса қилиб айтганда, ҳозирги кунда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошлиғида 37 тижорат банкларини (1 - иловага қаранг) ўз ичига олувчи банк тизими юқорида белгиланган вазифаларни амалга ошириб, бозор ислоҳатларининг фаол қатнашчилари сифатида фаолият олиб бормоқда.