иккинчи даражали
; 3)
асарнинг бир-икки лавҳасидагина кўриниб, характеридаги ўзига хослик
яққол тасвирланмайдиган, вазифаси керак вақтда сюжет ривожига туртки
бериш ёки бош ҳамда иккинчи даражали образларнинг бирон-бир жиҳатини
бўрттириб кўрсатишга хизмат қилишдан иборат
эпизодик
сингари турларга
таснифлаш мақсадга мувофиқ бўлади.
Асардаги персонажларнинг бош, иккинчи даражали ёки эпизодик
сингари мавқеларини икки ўлчам билан аниқлаш мумкин. Биринчи
параметр – тимсолнинг сюжет ривожидаги иштироки даражаси, шундан
келиб чиққан ҳолда, асар матнида шу персонажга ажратилган жой кўлами.
Иккинчи ўлчам – ушбу образнинг бадиий мазмун қирраларини очишдаги
муҳимлиги даражаси. Бу икки ўлчам ўзаро мос келганда, образларни
текшириш осон кечади. Аммо сюжет нуқтаи назаридан иккинчи даражали
ёхуд эпизодик саналадиган персонажлар зиммасига салмоқли мазмуний юк
ортилган кўпгина ҳолларда персонажнинг шу икки ўлчами бир-бирига
унчалик мос келмай қолиши юз берадики, бунда таҳлилчидан ўта
синчковлик талаб этилади. Гарчи, сюжет ва матндаги ўрнининг катта-
кичиклиги нуқтаи назаридан улар ўртасида бир қадар айирма борлиги
сезилиб турсада, баъзи бадиий асарларда персонажлар тизими шундай
ташкил этиладики, уларни бош, иккинчи даражали ва эпизодик сингари
турларга ажратиш масаласи ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмай қолади. Худди
ҳаётдаги сингари адабий асардаги персонажлар ўртасида ҳам анчагина
чигал ҳамда мураккаб композицион ва мазмуний муносабатлар мавжуд
бўлади.
Персонажлараро муносабатларнинг энг оддий ва кўп учрайдиган
кўриниши
икки
образнинг
бир-бирига
қарама-қарши
қўйиб
150
тасвирланишидир. “Фарҳод ва Ширин”даги Фарҳод ва Хусрав, “Ўткан
кунлар”даги Отабек ва Ҳомид, “Бой ила хизматчи”даги Ғофир ва Солиҳбой,
Жамила ва Хонзода, “Қутлуғ қон”даги Гулнор ва Нури, Йўлчи ва
Мирзакаримбой сингари кўплаб асарлардаги персонажлар тизими шу хил
контраст асосига қурилган. Бу тимсоллар табиати солиштириш асносида
очилиб бораверади.
Бунга нисбатан анчагина мураккаб ҳолат бир тимсолнинг асардаги
қолган барча персонажларга қарши қўйилганида юзага келади. Омон
Мухторнинг “Муҳаббат ўлимдан кучли” романидаги Ҳусан, У. Ҳамдамнинг
“Мувозанат” романидаги Юсуф, Л. Бўрихоннинг “Жазирамадаги одамлар”
романидаги Лолахон, Ш. Бўтаевнинг “Бир кунлик меҳмон” романидаги
меҳмон, И. Султоннинг “Боқий дарбадар” романидаги дарбадар ва бқ. бир
қатор асарлардаги бир ўзи жамият ёки муайян бир ижтимоий қатлам
вакилларига қарши қўйиб тасвирланган тимсоллар шундай персонажлардан
ҳисобланади.
Бадиий тасвир амалиётида юқоридаги икки ҳолатга нисбатан анча кам
учрайдиган ўзига хос “эгизак” тимсоллар тизими ҳам бўлиб, бундай қўшоқ
образлар композицион жиҳатдан ўхшашлиги ёки, аксинча, мутлақо
ўхшамаслиги сабаб бир-бирини тўлдиришга хизмат қилади. Бундай
тимсоллар сирасига “Равшан” достонидаги Айноқ кал, Жайноқ кал, Эрсак
кал, Терсак кал, “Малика айёр” эпосидаги Шодмон ва Асад мерганлар;
Гоголнинг
“Ревизор”идаги
Бобчинский
билан
Добчинский,
Ў.
Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” романидаги Ориф оқсоқол ва Ҳусан
дума, Х. Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб” романидаги Ҳошимжон ва
Акрам, Ҳ. Мусурмонованинг “Махфий учлик” фантастик қиссаси
қаҳрамонлари: Шодибек, Рустам, Сарвар каби персонажлар қўшлиги яққол
мисол бўлади. “Эгизак” тимсоллар тизими текширилаётганда, уларга кўп
ҳолларда бир қадар юмористик муносабат хос эканини ёдда тутиш лозим.
Асар
сюжети
ривожида
бевосита
иштирок
этмайдиган
персонажларнинг мураккаб композицион ўзаро муносабатларини текшириш
ҳам жуда қизиқ ва фойдалидир. Чунки бундай образлар ўртасидаги бир
қарашда кўзга ташланмайдиган яширин, аммо муҳим композицион алоқалар
борлигини тушуниб олиш текширилаётган асар қурилишидаги уйғунлик,
яхлитликни яхшироқ англаб етиш имконини беради. “Кеча ва кундуз”
романидаги Зуннун ошпаз билан нойиб тўранинг хотини ўрталаридаги
ишқий муносабатнинг Зеби, Мирёқуб, Акбарали ва асардаги бошқа бирорта
персонажга, айниқса, Чўлпоннинг Россия империяси даврида ўзбекнинг
қанчалар афтодаҳол яшаганини кўрсатишдай бадиий ниятига бевосита
алоқаси йўқ. Лекин шундай империянинг эгалари ўз хотининида
эплаёлмайдиган даражада ожиз кимсалар эканлиги унинг ҳалокати
сабабини изоҳлаш учун ғоят зарурдир. Гўё ҳеч бир алоқасиздай
кўринадиган сюжет чизиқлари персонажлар тизими соҳасида бир-бирига
бузилмас композицион чангак билан маҳкамланган. Шу нуқтаи назардан
романдаги барча тимсоллар икки гуруҳга ажратилган: кўпчилик
персонажлардан иборат бири оғир-енгил, тўғри-нотўғри бўлсада, ўз ҳаёти ва
151
инсоний эътиқодига мувофиқ яшаётган кишилар, иккинчиси – фақат
бузғунчи нафс етовида, шайтоний истаклар йўлида кун кечираётган
маънавий тубан кимсалар. Муаллифнинг уларга муносабати ҳам
персонажлар маънавий ҳолатидан келиб чиқади.
Адабий асарнинг нафақат образлар тизими, балки ҳатто, нутқий
тўқимаси ҳам муайян композицион таркибга эга бўлади. Жумладан, эпик
асар учун, айниқса, асар давомида баён усули ўзгариб туриши керак
бўладиган битикларда баённинг қандай ташкил этилганлиги ҳал қилувчи
аҳамият касб этади. Чунки баён композицияси мазмунни ифодалабгина
қолмай, бутун асар давомида унга ҳиссий кучланиш бериб туришга ҳам
хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |